Туркия, ўзбек оиласи: Ҳаёт ичкарида ҳам давом этмоқда - O'zbekiston, Turkiya, koronavirus

Istanbul

Сурат манбаси, BBCUzbek.com

Ўқилиш вақти: 12 дақ

Дунё ва ўзбеклар: Мени коронавирус эмас, кўпроқ карантин қўрқитмоқда - пандемия шароитида Ўзбекистон ташқарисида қолган миллионлаб ўзбекистонликлар нима қилишмоқда? Бугун улар нимадан хавотирда? Карантин остида ҳаётлари қандай кечмоқда?

Туркия, ўзбек оиласи: Ҳаёт ичкарида ҳам давом этмоқда - BBC Uzbek Ўзбекистон

Асли ўзбекистонлик олима Зебинисо Камолова ўзи ва оиласининг карантиндаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Ҳалокатли вирус бугун дунёнинг деярли ҳар бир бурчагига кириб бориб бўлган. Уларнинг орасида миллионлаб ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд бўлган давлатлар ҳам бор.

Агар, расмий хабарларга таянилса, шу пайтгача уларнинг йигирмадан ортиқроғида коронавирус расман тасдиқланган. Уч нафари ҳаётдан кўз юмган.

Аммо биргина АҚШ, Россия ва Туркия мисолида четда коронавирусга чалинган ўзбекистонликларнинг сони камида ўнлаб эканига оид баҳолар ҳам йўқ эмас.

Бунга бу давлатлардаги асли ўзбекистонлик журналистларнинг текширувлари, кузатувлари далолат қилган.

Орада Ўзбекистон ҳукумати махсус рейслар ёрдамида хориждаги минглаб фуқароларини ортга қайтаришга муваффақ бўлган.

Аммо, пандемия боис, дунёнинг деярли ҳар бир давлатида чегаралар ёпилар ва халқаро парвозлар тўхтатилар экан, миллионлаб ўзбекистонликлар ҳам бошқа кўплар қаторида мамлакат ташқарисида қолишган. Ёки яна бошқа турли сабаблар боис, ўзлари шуни афзал билишган.

Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия ва АҚШ жаҳоннинг ўзбекистонликлар энг катта сонда ҳозир давлатлари бўлишади.

Уларнинг аксарияти эса, жорий пайтда коронавирус шитоб билан тарқалиб бораётган, энг ёмон ҳолатлардан бири қайд этиб турилган мамлакатлар экани кўрилади.

Айниқса, Туркия сўнгги ҳафталарда алоҳида хавотирга лойиқ давлатлардан бири сифатида бўй кўрсатган.

Xarita

Коронавирус: Карантин яна қанча чўзилади, ундан чиқиш йўли борми? - BBC Uzbek

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Туркия, ўзбеклар ва коронавирус

Istanbul

Сурат манбаси, Getty Images/anadolu

Туркияда коронавирус расман шу йилнинг 11 март куни қайд этилган бўлса, ҳозирга келиб, бу рақамлар қарийб 70 минг кишига етган. Уларнинг бир ярим мингдан ортиқроғи ҳаётдан кўз юмган.

Бор-йўғи икки ҳафтанинг ўзида коронавирус бутун Туркия бўйлаб тарқалиб улгурган.

Вируснинг тарқалиш суръати бўйича Туркия дунёдаги энг топ ўнта давлатдан биттасига айланган.

Туркия ҳукумати коронавирусни жиловлаш учун қатор чекловларга қўл урган. Аммо уларни босқичма-босқич амалга оширган.

Жорий пайтда Туркияда жамоат жойларига юз ниқобларисиз чиқиш мумкин эмас. Жузъий истиснолар билан 30 дан ортиқ шаҳри ёпилган. 20 ёшдан кичиклар ва 65 ёшдан ошган катталарга ўта заруриятсиз кўчага чиқиш маън этилган. Орада аҳолини қанчалик шошириб қўйгани билан катта шов-шувга сабаб бўлган бир неча кунлик комендантлик соатларига ҳам қўл урган.

Биргина расмий рақамларнинг ўзида Туркиядаги ўзбекистонликларнинг сони бир неча ўн мингга нисбат берилган. Меҳнат визаси ва ноқонуний мавқеъда Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳам озмунча эмаслиги айтиб келинган. Яна юзлаб талабаларнинг таҳсил олиши ҳам маълум.

Аммо Туркиядаги ўзбекистонликларнинг аксарияти ҳам бошқа давлатлар мисолида бўлгани каби меҳнат муҳожирлари бўлишади ва кўпчилигини хотин-қизлар ташкил этишади.

Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг жорий пайтда коронавирус билан боғлиқ энг ёмон ҳолатлар қайд этиб турилган уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал, деб билишган.

Туркиядаги энг кўп коронавирус ҳоллари эса, Истанбул шаҳри ҳисобига тўғри келиб турибди.

Шундай экан, бугун Истанбул, Туркиядаги ўзбекистонликларнинг ҳаётлари қандай кечмоқда? Уларнинг бугунги ўй-фикрлари ва хавотирлари нима?

Феруза Шокирова, Ўзбекистон-Туркия

Feruza Shokirova

Сурат манбаси, courtesy

BBC

Истанбулда ўқитувчиман. Кўпга келган тўй, мана, бир ойдирки, карантиндамиз. Уйдан ишламоқдаман. Илк бошда 2 ҳафтага, деб ёпилган мактаблар ҳали-ҳануз очилгани йўқ. Қачон очилиши ҳам номаълум. Фарзандларим ёнимда. Мен узоқдан таълим бериб, улар ҳудди шу тарзда узоқдан таълим олиб, уйда ўтирибмиз. Вирус ҳақида гаплар, ҳамма жойда бўлгани каби, бу ерда ҳам ўтган йил қишдан бери эшитилиб турувди. Хабарларда, телевизорда бу ҳақида гапириларди.

Бошида узоқларда бўлган касаллик март охирларига келиб, Туркияга ҳам етиб келганда, ҳукуматнинг бу дардга қарши олиб борган чора-тадбирларига гувоҳ бўла бошладим. Аввало ҳамма таълим муассасалари ёпилди. Узоқдан ишлаш имконияти бўлган ҳаммага уйдан ишлаш тавсия қилинди. Одамларга уйда қолишнинг афзаллиги, гигиена қоидалари, эътибор бериш керак бўлган хусуслар ҳақида ҳамма жойда уқтирилди.

Уйда қолганимизнинг илк ҳафтасида мактабга бориб, дарсларимизнинг ҳаммасини йил охирига қадар видеога олганимизда, шу нарсага эътибор бердим. Метроларда коронавирус ва ундан сақланиш йўллари ҳақида овозли ва видеоанонслар тез-тез берилаётган эди. Фақат халқ вазиятга у даража жиддий ёндошмаётган эди. Турк халқи, биламиз, соҳилу паркларда ҳордиқ чиқаришни севади. Қариялар учун транспорт воситалари бепул. Шунгами, карантиннинг илк кунларида соҳил, парк, савдо мажмуалари ва майдонлар одамлар билан гавжум эди. Ҳукумат Ўзбекистондагидан фарқли ўлароқ карантин режимини босқичма-босқич амалга оширди.

Istanbul

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Олдин 65 ёш ва ундан катталарга кўчага чиқиш тақиқланди, бир неча ҳафта ўтгач, 20 ёш ва ундан кичикларга худди шу тақиқ келди. Ишга бориб-келувчи аҳоли учун эса, ҳалигача бундай тақиқ қўйилгани йўқ. Мактабларнинг ортидан кафе ва ресторанлар, кейинроқ савдо марказлари ва баъзи дўконлар ёпилди. Яқинда жамоат жойларида маска тақиш ва 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлаш мажбурий қилинди. Карантин давомида бир неча бор ташқарига чиқиб, шунга эътибор бердимки, одамларда касалликка нисбатан эътибор анча ўзгарган. Агар олдин одамларнинг жуда кўп қисми маскасиз бўлишган бўлса, ҳозирда деярли ҳаммада маска ва қўлқоп кўраман. Кўчалар ҳам олдингидай гавжум эмас. Умуман олганда, Туркияда касалликка қарши курашиш чора-тадбирлари босқичма-босқич, бир маромда олиб борилаётганди.

Халқ Соғлиқни Сақлаш Вазири Фаҳреттин Кожани миллий қаҳрамон даражасига кўтарди. Касалланганлар ва вафот этганлар ҳақидаги маълумотлар вазирлик томонидан кундалик бериб борилмоқда. Фақат ўтган ҳафта охирида содир бўлган вазият кўпгина турклар қатори мени ҳам ажаблантирди. Кунлар исий бошлаши билан, карантин қоидаларини бузиб, кўчаларни тўлдирганлар, сайр қилган, ҳатто пикник қилганлар ҳақида эшита бошладик. Дам олиш кунлари комендантлик соати жорий қилинмаса, одамларнинг кўчага чиқиб кетиши аниқ эди. Зотан, комендантлик соати талаби кунлардир кун тартибида эди.

Тахмин қилинганидек, комендантлик соатини жорий қилиниши ҳақидаги хабар Ички Ишлар Вазирлиги томонидан эълон қилинди. Фақат хабарни комендантлик соатининг бошланишидан 2 соат олдин тарқатишди. 48 соатлик кўчага чиқиш тақиқи ҳақида эшитар-эшитмас, уйда сувимизнинг оз қолганини эсладим. Истанбул сувининг тозалиги кўнгилдагидек бўлмаганига, 20 литрли бакларда сув сотиб оламиз. Эртага ҳамма уйда ўтирса, сувчимиз ишлармикин, дўконлар-чи? Икки кун сувсиз қолиб кетмасмиканмиз, деган ўй-хаёллар билан сувчимизга телефон қилдим. Кечки 22 да, албатта, сув шохобчаси ёпиқ эди ва қўнғироққа жавоб бўлмади. Комендантлик соати қачон бошланиб-қачон тугаши ҳақида маълумот бору, шартлари, қаерларнинг ишлаб-ишламаслиги ҳақида ҳеч бир маълумот йўқ эди. Уйимизнинг шундоққина ёнидаги маҳалла баққолига югуриб чиқиб сув олиб келақолай, деб, шошганимдан ниқоб, қўлқопимни ҳам киймай ташқарига чиқиб, довдираб қолдим. Кўчада тумонат одам, дўконнинг ичи тўла, навбат ташқаригача чиққан. Ташқарида сақланаётган ижтимоий масофадан дўконнинг ичида дарак йўқ. Икки баклажка сув олиш учун 1 соат қолиб кетдим. Уч ҳафта уйда, бегоналардан узоқда, карантинда ўтирганим бир пул бўлди. Чунки камида 50 киши билан контактда бўлдим.

Istanbul

Сурат манбаси, BBCUzbek.com

Уйга келгач, комендантлик соатининг шартлари ҳақида бир оз олдин маълумот берилгани, новвойхона, дорихона, сув тарқатиш шохобчаларининг ишлаши айтилганини билдим ва жуда жаҳлим чиқди. Кутилган бўлишига қарамай, комендантлик соати ҳақидаги хабар кеч ва тўлиқ бўлмаган ҳолда келди. Бу инсонларни саросимага туширди. 48 соат ҳам 2 ҳафталик карантин каби чўзилиши мумкин, деган фикр кўпчиликни кўчага чиқарди. Инсонлар асабийлашди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган муштлашув видеолари бунга гувоҳдир.

Комендантлик соатининг охирги лаҳзаларида эса, вирус муаммосини ҳам четга суриб қўядиган бир сиёсий томоша бизни кутаётган эди. Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу мақомидан истеъфо бериши ҳақидаги хабар тарқалди. Бунинг сабаби ўлароқ комендантлик соатини жорий қилишдаги хатоликлар кўрсатилди. Кеч соатларда ижтимоий тармоқлар бу хабар билан портлади. Вазирнинг кетишига хурсанд бўлганлар, қойил қолганлар ва жойида қолишини талаб қилганлар кўп эди. Комендантлик соати тугашига яқин Президент билан кўришган вазирнинг истеъфоси қабул қилинмагани, вазифасида қолиши эълон қилинди.

Пандемия пайтида хорижда қолган бир ўзбек сифатида шуни айта оламанки, ўзимда касаллик билан боғлиқ жуда унақа катта хавотир йўқ. Хавотирим кўпроқ карантин қанча чўзилиши ва карантиндан чиққач, вазият қандай бўлиши ҳақидадир. Лекин шунда ҳам бу ерга ишлаб, Ватанга пул жўнатиш мақсадида келмаганим, ишчи виза билан қолаётганим, фарзандларимнинг ҳам бу ерда университетларда таълим олаётгани учун ижтимоий таъминот, маош, виза ҳужжатлари ҳақида қайғум йўқ. Бу ерга меҳнат қилгани келган, шу кунларда ишидан айрилиб, Ватанга қайтолмай қолиб кетганлар, афсуски, кўп. Бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг бундай инсонларга ёрдам қилаётгани, керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаётгани ҳақида ҳам биламан. Бу албатта қувонарли ҳолат.

Атрофимдаги ўзбек оилалари билан гаплашганимда, улар ҳам вазият ҳақидаги қараш ва хавотирларини тилга олишади. Шулардан баъзилари билан ўртоқлашмоқчиман:

Istanbul

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

BBC

Оиласи билан Истанбулда яшаб-меҳнат қилаётган ўзбекистонлик бир оиланинг бекаси:

Коронавирус Туркия бўйлаб тарқалишни бошлаганида, албатта, бошқалар каби хавотирга тушдим ва ҳалигача бу хавотир давом этяпти. Шу касаллик сабаб, яқинларимдан ажралиб қолишдан қўрқдим. Лекин тузалганларни эшитиб умид ҳам уйғонди. Чунки оилавий соғлом яшаш тарзига иложи борича амал қиламиз. Оиламиздагиларда сурункали биронта касаллигимиз йўқ ва ҳеч ким сигарет чекмайди-ку, деб ўзимга тасалли бердим. Мабодо касал бўлиб қолсак ҳам, жуда ёмон аҳволга тушиб қолмагунимизча, шифохонага бормасдан, уйда "Прополис", ҳар хил ўтли дамламалар ичамиз, деб режа қилиб қўйдим.

Шу пайтгача моддий қийинчилигимиз бўлмади, алҳамдулиллоҳ. Менинг ишим тўхтаган бўлса-да, хўжайиним ишлаб турибдилар. Ширкат машина қилиб берди. Олиб келиб, олиб кетяпти. Хўжайинимнинг маошлари аслида бир ой учун етмасди. Уй тўлови, коммунал тўловлар ва икки ҳафталик озиқ-овқатга етарди. Икки ҳафталик озиқ-овқатга мен ишлаб топганимдан ҳиссамни қўшардим. Энди то карантин тугагунча мабодо қийналиб қолсак, ёзда Тошкентга боришимиз учун, деб оз-оздан йиғиб қўйган пулимиздан ишлатамиз, деб ният қилиб қўйдик. Лекин хўжайинимнинг ишлаётган ширкатлари, барака топсин, ойнинг ўртасида ишчиларим қийналиб қолмасин, деб премия ёзди ва нонушталик 1 кг. сариёғ, 1 килоча гўшт, 1 литрча асал ва 1 кг. пишлоқ жўнатди. Иншааллоҳ, бу ой ва кейинги ойга моддий жиҳатдан қийналмасак керак.

Лекин бошқа дугоналаримни ўйласам, масалан, турмуш ўртоғи йўқ, лекин фарзанди бор, карантин сабаб ишини йўқотган дугоналаримга қийин бўлса керак, деб ўйлаб, сиқиламан. Аллоҳим уларга ёрдам берсин.

Шахсан менга карантиннинг яхши тарафлари ҳам кўп бўляпти. Фарзандларим билан қолиб кетган дарсларимизни давом эттираяпмиз. Ўзим ҳам кўпгина онлайн дарсларга қатнашяпман. Кўпгина китоблар текин бўлди. Мазза қилиб ўқиш имкони туғилди.

Кузатишларимга кўра, Туркия мутасаддилари бу касаллик билан курашишга жиддий ёндашишаяпти.

Президентнинг келажакни олдиндан ҳис қилиш қобилияти кучли эканлигига тан бердим.

Сабаби у иқтидорда бўлгандан бери йирик шаҳарларда жудаям катта касалхоналар қурдирган эди. Бу касалхоналар бундай кутилмаган пандемия пайтида жудаям қўл келяпти, деб ўйлайман.

Яна давлат ўлароқ кўп олимларни йиғиб, уларни "Тубитак" вақфи ҳамкорлиги билан сунъий нафас олиш учун ишлатиладиган асбоб ишлаб чиқаришга йўналтирди. Касалликка тез вақт ичида ташхис қўядиган аппарат ўйлаб топишга ташвиқ қилди.

Кўпгина илгари кийим-кечак ишлаб чиқарувчи фабрикаларни тиббий ниқоб ишлаб чиқаришга чақирди ва сезиларли натижаларга эришди. Ўз мамлакатини тўлиқ таъминлаш билан биргаликда бошқа давлатларга ҳам бу борада кўплаб ёрдамлар юборди ва юбормоқда.

Албатта, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, 11 ва 12 апрелдаги комендантлик соати борасидаги эълонида хатолар юз берди. Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўтган бир ой мобайнида қилаётган тадбирлари икки соат ичида чилпарчин бўлиб кетди. Лекин, барибир, Туркия республикаси давлат миқёсида яхши тадбирлар олиб бормоқда, деб айта оламан.

Istanbul

Сурат манбаси, Getty Images

Мадина Зариф, кўп йиллар давомида Туркияда яшаган. Ўтган йил оиласи билан Германияга кўчган. Тўнғич қизи ҳозир ҳам Истанбулда яшайди:

Карантин ва умуман коронавирус ҳолатлари кўпайиб бориши билан хавотир ва ваҳимага тушдим. Нима қиламиз, қандай қиламиз, қандай яшаймиз, деган хавотирлар қийнади. Бу йил қизим университетга кириши керак, шу сабабли чет эллик талабалар учун имтиҳонга киришини мўлжаллаган эдик. Имтиҳон апрель ойига белгиланганди. У ҳам қолдирилди. Энди қачон бу имтиҳонлар йўлга қўйилади, умуман ўқиш тизими бу йил қай шаклда амалга оширилади, бу ҳам ўйлантиряпти. Киши ҳар ҳолатга ўрганади, бу ҳолатга ҳам кўникяпти, ечим ҳам секин-аста келади, деган умид бор.

Лекин моддий томондан кўпчиликка қийин бўлишини тахмин қилиш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас. Айниқса, бошқа мамлакатда, мусофир ўлкада бу қийинчилик янада сезилса керак. Бу ерда ишлаётган юртдошларимиз топган пулларини уйларига жўнатишади, йиғиб қўйган пулинг бўлса-ку, хўп, хўп, бўлмаса...

Шу билан бирга коронавирусга чалиниб қолсам-чи, тузалиб кетмасам-чи, деган ўйлар ҳам истар-истамас кишининг ақлига келар экан.

Карантиндан кейинги ҳолат бутун дунё учун бошқача бўлади. Аммо бу Туркияда яшаб турган биз ўзбеклар, меҳнат муҳожирлари учун қандай кечади, чет элликларга муносабат қай томонга ўзгаради, бу ҳам жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, айнан ўзбеклар ичида коронавирусга чалинганлар ҳакида ҳали бирор маълумот эшитмадик. Бу, албатта, қувонтирарлидир.

BBC

Ишлагани келган ёлғиз она:

Istanbul

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Масалан, мен ёлғиз онаман. Болам ҳам ёнимда. Мактаб ўқувчиси. Истанбулда мактабга боради. Ҳозир карантин эълон қилингандан бери таълим муассасалари ёпилгани учун ўқувчилар уйда. Қизим ҳам.

Ишлардим бир жойда. Иш берувчим оиласи билан Туркиянинг Анталия шаҳрига кетди ва мени ишдан чиқарди. Ўзимча бир жойлардан иш қидириб кўрдим, аммо ҳеч бир оила кундузги ишчи олмас экан, ҳатто ётиб қолиб ишлайдиганлар ҳам ишсиз қолаётган экан. Мени кундузги ишга автобусда қатнаб юраркансан, деб олишмади. Ётоқли ишга зотан кетолмайман,чунки бола уйда. Кафелардан иш қидириб кўраман, дегандим (идиш ювувчи ё бошқа бирор иш), бир қарасам, кафеларда ҳам ўтириб овқатланишга тақиқ бўлди. Шу билан ҳозирча уйдаман, аммо яна ҳар куни иш ширкатларига электрон мактуб ёзаман, иш чиқиб қолар, деб.

Бу масаланинг бир тарафи, энг ёмони яшаш - иқомат изни. 12 майда ҳужжатларимизни чўздиришимиз керак. Хаёлимнинг бир чеккаси ўшанда. Ишчи визам йўқ. Иқомат изни оламанми, йўқми?.. Бир эмас, икки ҳужжат қилдиришим керак , ҳам ўзим, ҳам қизим учун. Роса дардим кўп, шуларни ўйласам, юрагим сиқилиб кетади. Яна ўйласам, дунё бир муддат қашшоқликни бошидан кечиради. Битта давлат эмас, бутун дунё.

Маликахон врач. Истанбулдаги бир касалхонада малака оширмоқда. Ўғиллари билан бирга яшайди:

Istanbul

Сурат манбаси, Getty Images

Вазият бошида мени тушкунликка туширди. Ҳозирга келиб, ўрганиб, кўникиб қолдик. Менимча, ҳозирги кунда оиласини Ўзбекистонда қолдириб, пул топиш мақсадида келганлар кўпроқ қийналаётган бўлишса керак. Чунки биз оиламиз билан келиб, бу ерда ижарага уй олиб яшаймиз. Истанбулнинг Оқсарой тарафларида битта уйда ўттизталаб киши яшаб, ишлайдиганлар бор. Ишлаб, топган пулини уйига жўнатишарди, шуларга анча қийин бўлиб қолган бўлса керак, деб ўйлайман. Ҳозирча гаплашган ватандошларимдан моддий тарафдан қийналяпмиз, деган гапни эшитмадим. Кўпчилик ишлаб, заҳирага йиғиб қўйган пулини еб ўтирибди.

Лекин бир танишим шу карантин бошлангандан кейин ишдан чиқди. Ишга бора олмай, уйда қолган иш берувчиси доимо ишларига аралашавериб, ишлаши анча қийинлашган эди. Шунақа келишмовчиликлар сабабли ишини йўқотганлар ҳам бор.

Ўзимга келадиган бўлсам, 20 ёшдан кичик ўғлим ишлаб турувди. Ўтган ҳафтадан бошлаб, у ҳам ишламаяпти. Моддий тарафдан ҳозирча хавотирим йўқ. Ризқ Аллоҳдан, деб ўтирибмиз. Бу ҳолат узоқроқ давом этадиган бўлса, одамларнинг моддий запаслари қанчагача етади, деб ўйлайман.

Туркия ҳукумати ўз халқига ёрдам қилса керак. Лекин биз каби чет элликлар учун бирор ёрдам бериши ҳақида ҳали эшитганим йўқ. Ўзбекистон ҳукумати ва элчихонаси ўз фуқароларига ёрдам қилмаса, Туркиядан ёрдам келмаса керак. Яна ҳам турк халқи, қўни-қўшни, инсофлироқ иш берувчилар ёрдам бериши мумкин.

Коронавирус анча режаларимни ўзгартириб юборди. Шифокор бўлиб ишлашим учун стажим тугагач, сентябрда мутахассислик имтиҳонига киришим керак эди. Стажим тўхтагани учун унга энди улгурмайман. Медик сифатида уйда ўтиргандан кўра, шундай кунда тиббиёт муассасасида ишлагим, вирусга қарши курашиш жараёнини ўз кўзим билан кўргим келувди. Стажим тўхтаб қолгани, уч ҳафта уйда бўлиб яна қайтишимиз айтилиб, энди эса, июнгача уйда қолишимиз кераклигини билгач, тушкунликка тушдим.

Чора-тадбирлар ҳақида гапирадиган бўлсам, Соғлиқни Сақлаш вазири етарли даражада иш олиб боряпти, деб ўйлайман.

Комендантлик соати ҳақидаги қарорда қовун туширишганини ҳам таъкидлаш керак. Буни ҳисобга олмаганда, бошқа чора-тадбирлар етарли, деган фикрдаман. Кескин равишда эмас, секин-асталик билан одамларни карантин шароитига кўниктириб боришяпти.

Статистик маълумотлар ҳақида гапирадиган бўлсам, ўлимлар сони тўғри, деб ўйлайман.

Касалланганлар сонига келсам, бу рақамлар аниқ эмас, наздимда.

Ҳали ҳеч бир давлат бутун аҳолисини тест қилиб, коронавирусга чалинганлик миқдорини текшириш шароитига эга эмас.

Солиҳа Ҳамидова, Туркия

Istanbul

Сурат манбаси, Getty Images

Оилавий келганлардан кўра, якка келганлар кўпроқ қийналяпти. Эшитишим бўйича, кирада яшаётганларнинг кўпини чиқариб юборишаётган экан. Баъзи турклар чет элликлардан касаллик юқяпти, деб, уларни уйларида ушлашни исташмаётган экан. (Лекин Би-би-си Ўзбек хизмати тилга олинган ҳолатни ҳалича расман тасдиқлашга муваффақ бўлганича йўқ - таҳр.) Шу ҳолга тушганлар кўпроқ тушкунликка тушишяпти. Ўзимдан гапирсам, бошида касалланганлар сони шиддат билан ошганда қўрқув бўлди. Ўзбекистондан хавотирланиб қўнғироқ қилган онамларни тинчлантира-тинчлантира, ўзимдаги хавотир ҳам йўқолди.

Болаларга келсак, таълимлари онлайн давом этяпти, лекин ўзлари ҳар куни уйда ўтириб жуда зерикишяпти. Университетга топширадиган фарзандим бор. Унинг имтиҳонини ўйлайман. Буёғига фарзандларимнинг таълими нима бўларкин, деб бошим қотган. Кичик ўғлим футбол мактабига боради. Жамоаси шаҳар мусобақасида ютиб, республика миқёсидаги мусобақаларда қатнашиши керак эди. Карантин туфайли мусобақалар ҳам қолдирилди.

Бу ерда яшаётган ўзига тўқроқ оилалар қийналиб қолган ватандошларига ёрдам қилишяпти. Туркия ҳукумати давлат тарафидан келиб, бу ерда қолиб кетган ўзбекларга ёрдам бераётганини эшитдим. Масалан, Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги фильмни ишлаш учун Туркияга келган актёрлар жой, озиқ-овқат билан давлат тарафидан таъминланган. Яна бу ерда ишчи виза билан яшаётганларга давлат 1200 лирага яқин ёрдам пули ҳам берди.

BBC

Би-би-си:

Prezidentlar

Сурат манбаси, Arxiv

Куни-кеча Ўзбекистон ва Туркия бирдек аъзо Туркий Кенгаш фавқулодда саммитга сиртдан йиғилган - коронавирус пандемиясини муҳокама этиб олган.

COVID -19 пандемиясига қарши ҳамкорлик ва бирдамликда курашиш масаласига бор диққатларини қаратишган.

Унда Ўзбекистоннинг Туркия илова қолган туркий тилли давлатлардаги фуқаролари тақдири масаласи кун тартибига чиққанми-йўқми, маълум эмас.

Ўзбекистон туркий тилли аҳоли сони бўйича дунёда иккинчи давлат бўлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги четда коронавирусга чалинган фуқароларига оид расмий маълумотларни сўнгги бор шу йилнинг 7 апрель куни эълон қилган. Аммо расмий рўйхатда Туркия кўзга ташланмаган.

Ўзбекистоннинг ўзида аниқланган ҳолатларда Туркияда қайтган ўнлаб фуқароларнинг борлиги кўрилган. Улар коронавирусга чалинганлар орасида катта кўпчиликни ташкил қилганлардан бири экани ҳам англашилган.

Коронавирус пандемияси шароитида вазирлик бошқа кўплаб давлатлар мисолида бўлгани каби Туркиядаги фуқароларига ҳам такрор мурожаатлар билан чиққан.

Зарур бўлган ҳолларда қаерга мурожаат этишлари ҳақида ахборот-маълумот берган. Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари ва консулликлари қошида ташкил этилган оператив штаблар борлигини эслатган.

26 март кунги мурожаатида эса, Туркия, хусусан, Истанбулдаги вазият таранглигича қолаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Чартер рейслари масаласига тўхталган.

Туркиядаги фуқароларини бироз сабрли ва матонатли бўлиш, тинчлик ва осойишталикни сақлашга чақирган. Ўзбекистон ҳам албатта бу оғир давлардан ўтиб олишини билдирган.

Уларни "ўзлигимизни йўқотмасдан, саросимага тушмасдан, сабр ва қаноат билан вазиятни идрок қилиб, оғир-босиқлик билан мавжуд ҳолатга ёндашиш"га ундаб қолганди.

Орада Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси у ердаги фуқароларига ёрдам тариқасида кунлик зарур озиқ-овқат тарқатишга киришгани ва у кўмагини давомий тарзда йўлга қўйиш истагида эканига оид хабарлар ҳам олинган.

Россия: Ўзбек мигрантлари аҳволи ёмонлашмоқда. Ким ёрдам беради? O'zbekiston koronavirus

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 3
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 3

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek