Ўзбекистон, коронавирус: Карантин пайтида сўмнинг қадри тушиб кетиши эҳтимоли мавжудми?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Сўмнинг валюта бозоридаги алмашув курсининг қадрсизланиши эҳтимоли паст. Ўзбекистон Марказий Банки 13 апрелда эълон қилган ахборотда миллий валюта бўлмиш сўм қадрининг валюта бозоридаги ҳолатига ана шундай баҳо берилади.
Ўзбекистонда апрел ойи давомида сўм алмашув курсининг қадрсизланиши кузатилиб, содда тил билан айтганда, 1 АҚШ доллари нархи 9700 сўмга чиққан. Бу сўмнинг алмашув курси қадри йил бошидан бери2,7 фоизга пасайганини англатади.
Коронавирус пандемияси фонида дунё иқтисодиётида жиддий муаммолар юзага чиқмоқда, ҳаттоки, навбатдаги йирик халқаро иқтисодий инқироз етилиб келаётгани тўғрисида ҳам башоратлар айтилмоқда.
Марказий Банк ахборотида ҳам у қадар жиддий бўлмасада, Ўзбекистон иқтисодиётида муаммолар пайдо бўлаётгани айтилади.

Сурат манбаси, Bahrom Rajabov
Жумладан, ахборотда коронавируснинг тарқалиши ортидан ҳамкор давлатлар ва Ўзбекистоннинг ўзида амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли савдо операцияларининг секинлашиши, экспорт ва импорт ҳажмининг қисқариши, табиийки, ички валюта бозорида фаолликнинг пасайгани маълум қилинади.
Марказий Банк тарқатган маълумотларга кўра, март ойида экспорт тушумлари ҳажми феврал ойига нисбатан 10 фоизга камайган, Қозоғистон ва Россия миллий валюталари курсининг қадрсизланиши туфайли Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари ҳам озайган.
Аниқ рақамларда айтиладиган бўлса, март ойида Ўзбекистонга хориждан 296 миллион доллар юборилган. Бу феврал ойидаги ҳажмга нисбатан 23 фоизга кам. Апрел ойининг 8 иш кунида эса пул ўтказмалари ҳажми март ойининг мос даврига нисбатан 3 баробарга қисқарган.
Бунинг ортидан ички валюта бозорида хорижий валютага талаб кучайган ва фуқаролар томонидан валюта сотиб олиш тенденцияси юзага келган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Марказий Банк март ойида хорижий валютани сотиб олиш ҳажмининг ойлик ўсиши 45 фоизни ташкил этгани, апрел ойининг 8 иш кунида эса март ойининг мос даврига нисбатан бу ҳолат 28 фоизга кўпайганини маълум қилмоқда. Аниқроқ айтганда, хориждан валюта ўтказмаларининг чекланиши ортидан ўзбекистонликлар доллар каби оммабоп чет эл валюталарини янада кўпроқ сотиб олишга тушган.
Юқорида тилга олинган омиллар, табиий равишда, ўзбек сўмининг алмашинув курси қадрига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бироқ Марказий Банк сўм алмашув курсининг қадрсизланиши эҳтимолини паст даражада баҳоламоқда ва у келтирган прогнозларга кўра, валюта бозоридаги ўзгаришлар қисқа вақт давом этади, холос. (видео)
Экспертлар нима дейди?
Би-би-си сўм алмашув курси қадрининг мувозанатда қолиши эҳтимоли қанчалик юқори эканини ўрганиш мақсадида иқтисодчиларга мурожаат қилди.

Сурат манбаси, facebook
Иқтисодчи Сапарбой Жубаев асосий экспорт қилувчи корхоналар ва банклар давлатга тегишли бўлгани, давлатнинг молия ва банк тизимларига таъсири кучлилиги сабабли ҳам миллий валюталарнинг алмашув курси Россия ва қўшни Қозогъистонда 10 фоиздан зийодга арзонлашиб кетган бир пайтда ўзбек сўми қадри атиги 2,7 фоизга тушганини айтади.
Жубаев эркин валюта курсини аниқлаш учун эркин валюта бозори ташкил қилиш, эркин тизимини вужудга келтириш ва эркин корхоналар тизимини яратиш зарурлигини таъкидлайди.
Иқтисодчи Илҳом Эминовнинг сўзларига кўра, Марказий Банк 13-апрел куни тарқатган ахборотдаги рақамларни тўлиқ асосланган, дейиш мумкин.
Унинг маълум қилишича, аксар ўзбекистонликлар пул жамғармаларини долларда сақлайди ва эпидемия сабабли одамлар ана шу пул жамгъармаларини сарфлашга мажбур бўлмоқда.
Уй-жой ёки автомашина сотиб олиш каби қиммат харидлар ҳам долларда амалга оширилади, аммо эпидемия пайтида бундай харидлар кейинга қолдирилади ёки улардан умуман воз кечилади, қисқача айтганда, долларга нисбатан талаб пасаймоқда, дейди Эминов.

Сурат манбаси, Ilhom Eminov
Иқтисодчининг фикрича, чет элдан валюта келиши камайгани билан одамлар жамгъариб қўйган долларини сўмга алмаштириб, озиқ-овқат харид қилмоқда ва мана шу икки омил бир-бирини қоплаб, валюта бозорида кескин ўзгаришлар юз бермаётир.
Илҳом Эминов ҳозирги вақтдаги доллар курси кўтарилишини янги мувозанатни қидириш ҳолати ўлароқ баҳолашини айтади.
Бундан ташқари, Эминовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукуматининг аҳолига кенг кўламли ёрдам пуллари тарқатишидан ҳозирча дарак йўқ. Шундай экан, аҳоли қўлида ортиқча пул пайдо бўлиши ва иқтисодиётдаги миллий валюта массасининг кескин ортиши кузатилмайди ва сўмнинг қадри тушиб кетиши эҳтимоли ҳам пастлигича қолади, дея изоҳлайди Илҳом Эминов.
Сиёсий иқтисодчи Баҳром Ражабовнинг сўзларига кўра, Марказий Банкнинг таҳлилида жон бор. Бироқ у алмашув курсига ортиқча пул массасидан ташқари таъсир қиладиган омилларга янада кенгроқ изоҳ беради.
Ражабовнинг тушунтиришича, импортга бўлган талабнинг ўзгариши, меҳнат мухожирларидан келадиган валюта ўтказмалари, кредитлар ва хорижий инвестициялар ҳамда савдо шериклари миллий валюталари курсларидаги ўзгаришлар ҳам Ўзбекистон ички валюта бозорига таъсир кўрсатади.
У меҳнат мухожирларидан келаётган пул жўнатмалари ҳажми, Жаҳон Банки тахминига кўра, 50 фоиздан кўпроққа қисқариши кутилаётгани, савдо секинлашиб, инқироз туфайли ривожланган давлатлар ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига тикилган 100 миллиард долларга тенг маблағни олиб чиқиб кетаётганини айтади.
Ражабов юқорида тилга олинган ва нефт бозоридаги инқироз сабаб рубл қадрининг тушиб кетиши ортидан Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори ва меҳнат мухожирларини қабул қилаётган мамлакат бўлмиш Россия иқтисодиётида юзага келган қийинчиликлар каби омиллар ўзбек сўми қадрига таъсир этмай қолмаслигини маълум қилади.
Ражабовнинг фикрича, агар Марказий Банк сўмнинг қадри тушмайди деяётган бўлса, демак у валюта алмашув курсини сунъий ушлаб турмоқчи, деган таҳминга келиш мумкин.
Иқтисодчи Марказий Банк авваллари ҳам валютани сотиб, сўмнинг қадрини сунъий мустаҳкамлаганини эсга олади ва ушбу монетар сиёсат бекор қилингандан сўнг сўмнинг алмашув курси кескин ўсганини таъкидлайди.
Ражабовнинг хулоса қилишича, алмашув курси қадри аввал сунъий ушлаб турилганидан сўм шу пайтга қадар етарлича девальвацияга учрамаган ва агар валюта бозорида яна сунъий мувозанат яратилмаса, сўмнинг қадри тушиши табиий ҳолатдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












