Ўзбекистон, коронавирус: Ҳамманинг томорқада экин экиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлай оладими?

Сурат манбаси, official
Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг томорқа майдонларида бозорбоп экинлар экишни таъминлашга кўрсатма берди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, 8 апрель куни ўтган видеоселекторда Шавкат Мирзиёев бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Президент Мирзиёев бир қанча туманларни намуна қилиб кўрсатиб, бу ҳудудлардаги аҳоли 8-10 сотихли томорқа майдонидан ўртача 50-60, баъзи оилалар эса 100 миллион сўм даромад кўраётганини тилга олган.

Сурат манбаси, offcial
Видеоселектор давомида томорқа майдонларидан унумли фойдаланишни таъминлаш йўлида аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб учун 244 та «Томорқа хизмати» корхона фаолияти йўлга қўйилгани айтилган.
Шунингдек, Президент Мирзиёев хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш масаласига кўплаб туманларда етарлича эътибор берилмаётганини танқид қилиб, ҳар бир сектор ҳудудида камида 100 тадан хонадонда 1-1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил этишга кўрсатма берган.
Видеоселекторда ҳозирги синовли кунларда томорқа ерларига экин экмаслик, ерларни қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат ўлароқ баҳоланиши айтилган.
Президент томорқасидан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, огоҳлантиришдан сўнг ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланишини маълум қилган.
Бу кўрсатмаларни амалга ошириш йўлида томорқалар ҳолатини дронлар орқали кузатиб бориш белгиланган.
Умуман олганда, мазкур кўрсатмалар ортидан Президент Мирзиёев коронавирус пандемияси туфайли юзага келиши мумкин бўлган озиқ-овқат тақчиллиги хатарини бартараф этишни кўзлаётганини англаш мумкин.
"Томорқадан фойдаланиш эл учун яхши"

Сурат манбаси, offcial
Аммо бутун мамлакат аҳолисини ўз томорқасига боғлаб қўйиш ички озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қанчалик самара бериши мумкин?
Би-би-си ана шундай савол билан қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи Умида Ибрагимовага юзланди.
Ибрагимованинг сўзларига кўра, президентнинг ушбу кўрсатмаси ортидан томорқадан умумли фойдаланмаётган одамлар жонлана бошлайди ва бу халқнинг ўзи учун фойда.
Бундан ташқари, у карантин пайтида уйида бекор қолган халқ меҳнат билан банд бўлишини ҳам таъкидлайди.
Бундан ташқари Ибрагимова томорқасидан фойдаланмаётганларни оширилган ер солиғига тортиш билан жазолаш ҳам тўғри қарор эканини айтади.
"Кимнингдир огородига қарашга ортиқча вақти йўқдир, кимнингдир вақти бўлса ҳам, нимадир эккани ортиқча маблағи йўқдир. Энди солиқдан қўрқиб ёки президент шунақа дебди, деб бўйсуниб, қўшнимга эктиришим мумкин. Куни ўтади", сўзлайди у.
"Деҳқонлар катта зарар кўриши мумкин"

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк кунларида ҳам аҳолини қишлоқ хўжалигида банд қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва кичик бизнесни жонлантиришга ҳаракат қилган эди.
2017 йил январь ойида Қорақалпоғистонга сафар қилган президент ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқиш мақсадга мувофиқ эканини айтган.
Оммавий товуқ боқиш ёки лимонзорлар барпо этиш президент истагандек мамлакат бўйлаб кенг тус олмаган бўлсада, ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги сиёсатидан яхши хабардор манба карантин пайтида омма устидан назоратни кучайтириб олган расмийлар томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатма ижросини жиддий назорат остига олиши мумкинлигини Би-би-сига айтади.
Манбанинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда одамлар президент айтмаса ҳам ўз томорқасидан унумли фойдаланишга интилади.
"Чунки қишлоқларда томорқа асосий тирикчилик манбаларидан бири", дейди у.
Мазкур манба президентнинг янги кўрсатмалари давлатнинг жамият устидан назорати кучайишига олиб келиши, фуқаролар эркинлигининг чекланишига сабаб бўлиши эҳтимоли юзасидан ўз хавотирларини билдиради.
"Фармон аниқ давлатнинг аграр реформасига ишора қиляпти, яъни давлат энди томорқагача кириб келиб, одамларга нима ва қанча экишни уқтиришгача бориши мумкин. Телевизорда бунга қулоқ солмаган бир-иккита "масъулиятсиз" оилалар мисол қилиб кўрсатилади, кимлардандир ерлар олиб қўйилади ва ҳамма бу фармонга сўзсиз бўйсуна бошлайди", дейди ушбу манба.
Бундан ташқари, у президент тилга олган аниқ рақамлар, яъни 8-10 сотихдан 50-60 миллион сўм даромад кўраётган оилалар томорқадан унумли фойдаланишнинг тимсолига айланиши мумкинлигини ҳам маълум қилади.
"Масалан, 10 сотих ерингиз бор, лекин даромадингиз 1 йилда 50 миллионга ҳам етмади, демак сиз ердан унумли фойдалана олмаяпсиз, демак расмийлар чора кўриш керак, дейиши мумкин", дея сўзлайди манба.
Шунингдек, манба президентнинг ихчам иссиқхоналарни кўпайтириш бўйича кўрсатмасини ҳам савол остига олади.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 1 сотих майдонда энг арзон иссиқхона қуриш хонадон эгаси учун ўртача 7 миллион сўмга тушади.
Манба агар иссиқхоналар ва томорқа экинлари президент истагандек мажбурий кўпайтирилса, бозор тўлиб кетиб, етиштирилган маҳсулотларнинг нархи тушиб кетиши, оқибатда эса, хонадон эгалари ўз харажатини чиқара олмаслиги ҳам мумкинлигини тилга олади.
Манбанинг хулоса қилишича, мазкур чора-тадбирлар аҳолининг даромадларини кўпайтиришдан ҳам кўра бозордаги нархларни арзонлаштиришга қаратилган, аммо бундан оддий деҳқонлар зарар кўриши мумкин.

- Ўзбекистон, коронавирус: Covid-19 ни юқтирганларнинг сони 720 дан ортди
- Коронавирус: Марказий Осиё пандемиядан қандай чиқади? Оғир бўладими?
- Мирзиёев мураккаб вазият билан огоҳлантирди
- Карантинда ё коронавирусдан ё очликдан ўламиз шекилли
- Ўзбекистон, коронавирус: Бозор боролмаймиз, дўконга қурбимиз етмаяпти
- Баъзи карантин ҳудудларида шароитлар абгор экани айтилмоқда
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















