Коронавирус: Ўзбекистон пандемиядан қандай чиқади? Оғир бўладими? Қўшнилари-чи? – Koronavirus, O’zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images
Коронавирус: Ўзбекистон пандемиядан қандай чиқади? Оғир бўладими? Қўшнилари-чи? - Ўзбекистонда ҳам инфляция ва ишсизлик кучайиб, нарх-наволар бундан-да ошадими? Нима бўлади? Президент Шавкат Мирзиёев тўғри йўл тутаяптими? Яна нималар қилиши керак? - Таҳлилчи баҳоси:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Худди шу масалага сўнгги кунларда дунёнинг йирик молиявий ташкилотлари - Жаҳон, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро Молия жамғармаси ўз эътиборларини қаратишган.
Қолган дунё давлатлари баробарида Марказий Осиёдаги эҳтимолий вазият таҳлилига тўхталишган. Ўз тавсияларини ҳам беришган. Башоратларининг эса, хавотирли экани кўрилган.
Агар, Жаҳон банкининг хулосасига таянилса, пандемия боис, Ўзбекистон иқтисодида сўнгги чорак асрдаги энг паст ўсиш суръати қайд этилиши мумкин.
Осиё Тараққиёт банки ҳам Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш секинлашишини башорат қилган.
Пандемиядан барча Марказий Осиё давлатлари иқтисодларининг зиён чекишини айтган.
Қолган Осиё мамлакатлари каби уларда ҳам инфляция кучайиши, нарх-наволарнинг янада кўтарилишини тахмин этган.
Қитъада жиддий молиявий тебранишлар ва инқирозлар эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.
Банк бунинг сабабини пандемиянинг қанчалик кенг тус олиши ва унинг аниқ қачон барҳам топишини ҳеч ким билмаслиги билан изоҳлаган.
Осиё Тараққиёт банки Ялпи Ички Маҳсулот ўсиши Ўзбекистонда жорий йилда 4,7 фоизни ташкил этишини тахмин этган. Жаҳон Банки ҳисоб-китобларида эса, бу кўрсаткич ҳатто 1,6 фоиз экани кўрилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати Осиё Тараққиёт банкининг Ўзбекистон илова қолган Марказий Осиё давлатлари борасидаги прогнозлари юзасидан Қозоғистондан асли ўзбекистонлик иқтисод фанлари номзоди, таҳлилчи Сапарбой Жубаевнинг фикрлари билан қизиқди:

Сурат манбаси, facebook
Сапарбой Жубаев: Марказий Осиё давлатларининг 2020 ва 2021 йилларга иқтисодий ривожланиш истиқболини Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) оптимистик тарзда таҳлил қилган, деб ўйлайман. Масалан, Қозоғистондаги иқтисодий ўсиш 1,8 % бўлишини айтган. Қозоғистон ҳукуматининг ўзи эса, Ялпи Ички Маҳсулот ўсиш суръатини апрель ойида шу йил бошидаги 4,5-5% дан -1% гача камайишини ҳисоблаб чиққан. Бунга бир томондан, коронавирус пандемияси боис, транспорт, туризм ва меҳмонхона соҳалари инқирози сабаб бўлиши айтилмоқда. Бошқа тарафдан, нефтнинг 2,5-3 баробар арзонлашиб кетиши ҳам ўз таъсирини кўрсатиши кутилмоқда. Бошқа қардош республикалар кўрсаткичлари тўғрисида ҳам шу фикрни айтиш мумкин.
Би-би-си: Шундай экан, сизнингча, коронавирус пандемиясидан Марказий Осиё давлатлари иқтисоди қанчалик жиддий зиён чекади?
Сапарбой Жубаев: Бу пандемия Европанинг ривожланган давлатлари билан солиштирганда, Марказий Осиё республикаларига камроқ таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки уларнинг ЯИМ даги хизматлар улуши камроқ. Масалан, Италияга ўхшаш ривожланган давлатларда туризм соҳаси яхши ривожланган. Шу боис, уларнинг пасайиш суръати ҳам катта бўлади. Яъни, бу давлатларда ЯИМ камайиши 5-6% гача бўлиши кутилмоқда. Марказий Осиё республикалари хизматлар ҳажми камайиши, ҳамда нефть ва газ нархларининг тушиши билан боғлиқ ишлаб чиқаришига салбий таъсири 1-2% атрофида бўлиши мумкин. Шунда ҳудуд бўйича умумий ўсиш 2020 йилга мўлжалланган 5-6% эмас, балки 3-4% бўлиши мумкин.
Би-би-си: Ҳозир барча Марказий Осиё давлатлари, ҳатто, коронавирус ҳали кириб бормаган Туркманистон ва Тожикистон ҳам пандемиянинг ўз иқтисодларига салбий оқибатларини юмшатиш ҳаракатида. Агар, Осиё Тараққиёт банкининг башоратлари рост бўлса, Ўзбекистон илова қолган Марказий Осиё давлатлари қандай йўл тутишлари керак? Нима қилса, пандемиянинг иқтисодларига салбий таъсири камроқ бўлади?
Сапарбой Жубаев: Ҳудуддаги иқтисодий ривожланиш масаласи Россия, Хитой ва Европа давлатлари иқтисодиёти билан чамбарчас боғлиқ. Бу сир эмас. Шунинг учун бу давлатлардаги инқироз бизга хам қаттиқ таъсир кўрсатади. Халқаро Молия жамғармаси башорати бўйича 2020 йилда бу давлатларда иқтисодий оғир вазиятдан чиқиш учун жуда катта молиялаштириш усулидан фойдаланилаяпти. Масалан, АҚШ ва Европа банклари триллионлаб долларлик маблағларни иқтисод ва аҳолисига ёрдам тариқасида беришмоқда. Бу маблағлар кўп ҳолатда қайтариб бериш шарти билан ва бюджетдан эса, ёрдам тариқасида берилмоқда. Агар, пандемия тез орада тугаб, ривожланган давлатлар иқтисоди яна олдинги ҳолатига кела олса, бунинг таъсири бизга ҳам яхши вазиятда қолишимизга имконият беради. Афсус, Марказий Осиё республикаларида бунга ўхшаган катта молиявий жамғармалар нисбатан оз. Пандемия таъсири бошланди. Чегаралар ёпиқ, нарх-наволар ўсаяпти, иш ўринлари камаймоқда. Марказий Осиё республикаларига Россия ва Қозоғистондан пул ўтказмалари кескин камайган. Масалан, Қирғизистон ва Тожикистон республикалари маблағларининг 20-27% даромади шу пул ўтказмаларидан таркиб топади. Қозоғистонда инфляция даражаси йил бошидаги мўлжалланган 5-6% дан 9-11% бўлиши кутилмоқда ва бюджет харажатлари шу кўрсаткич асосида қайта кўриб чиқилди. Нефть баҳосининг йил бўйича ўртача кўрсаткичи 1 баррелига 55 доллардан 20 долларга туширилди. Бюджет тақчиллигини камайтириш мақсадида Миллий Жамғармадан 4,2 триллион танга, яни 10 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдорида ёрдам - транспертидан фойдаланмоқда. Карантин вақтида ишдан бўшаган, ишсиз бўлган ва даромади кам оилаларга энг кам иш ҳақи миқдорида, яъни 42500 танга (100 доллар) ёрдам берилаяпти. Миллий жамғарма ва Марказий банк жамғармасида жаъми 90 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ бор.
Би-би-си: Ва умуман, мутахассис сифатидаги фикрингиз: Коронавирус пандемиясидан Марказий Осиё давлатлари қанчалик жиддий зиён чекади? Бу одамларнинг ҳаётига қанчалик таъсир қилади? Нарх-наволар, маҳсулотлар тақчиллиги бўладими ёки иш ўринларининг кескин қисқариши. Инфляция даражаси. Умуман сизнинг баҳоингиз?
Сапарбой Жубаев:Марказий Осиё республикалари бюджет харажатлари ҳажмини камайтирмаслик баробарида аҳолини ижтимоий томондан қўллаб - қувватлаш учун халқаро молиявий институтлардан қарз сўрашмоқда. Дейлик, Жаҳон банки бюджет тақчиллигини ёпиш мақсадида Қозоғистонга 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз берди. Осиё Тараққиёт банки, ўз навбатида, Ўзбекистонга 1 миллиард, Жаҳон банкининг яна 1,2 миллиард доллар бериш мўлжали бор. Халқаро молия институтлари қолган қардош республикаларга ҳам худди шу мақсадда молиявий кўмаклар беришмоқда. Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланиш имконияти бор. Бунга гумон қилмаслик керак. Лекин ҳудудий интеграцияни янада ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган масалалар етарли. Масалан, чегаралардан кўп маҳсулотларни олиб ўтиш жараёнида бироз енгилликлар бўлган эди. Аммо охирги бир-икки йилда қардош республикалар худди аввалгидек ёпиқ иқтисодий сиёсатни янада жонлантираётгани, афсус, оддий аҳоли ва тадбиркорларга қийинчиликлар туғдирмоқда. Масалан, жанубий ҳудудларимиздаги эртапишар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини шимолий ҳудуларимизга эркин савдо қилишига кенг шароит яратиш - ҳам давлат ва ҳам оддий тадбиркор мақсад-манфаатларига тўғри келарди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Марказий Осиё республикалари ўртасидаги ҳудудий савдони кенгроқ ривожлантириш кераклиги - яна бир марта кун тартибига чиқди. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қардош республикаларга озиқ - овқат масаласида ёрдам бериш тўғрисидаги ташаббуси яқин кунларда ўз ифодасини топади, деб умид қиламиз ва бу вақтинчалик қийинчиликларни енгамиз.
Би-би-си: Коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга бевосита таъсири қанчалик жиддий бўлади? Нималарда кўринади? Ўзбекистонда бу зиённи камайтириш учун ҳозир тўғри йўл тутилаяптими? Яна нима қилмоқ керак? Бу борада Ўзбекистон Президенти ҳозир кўраётган чоралар мақбулми, тўғрими?
Сапарбой Жубаев: Албатта, ҳозир Ўзбекистондаги карантин тизими жуда зарур. Чунки одам ҳаёти энг қиммат! Маблағи оз ва муҳтож одамларга ёрдам беради. Айни ўринда ўзбек миллиардерларнинг ҳам кўмагини айтиш лозим. Лекин, барибир, бюджетдан, яъни давлатнинг доимий ёрдамини кўпайтириш керак. Албатта, бюджет имкониятларидан келиб чиққан ҳолда. Шунинг учун, ортга сурмасдан, бюджетни қайта кўриб чиқиш зарур. Шу билан бирга, нафақат муҳтож аҳоли, тадбиркорлар билан фермерларга ҳам катта ёрдам керак. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқиб сотиш масаласида кўплаб муаммолар бор. Шу боис ҳам, фермерларга эркинлик яратилса, тўғри бўларди. Яна тадбиркорлар ва аҳолининг кредит тўловлари енгилликларини кенгайтириш масаласи бор. Банкларнинг ҳам молиявий аҳволини яхшилаш мақсадида ёрдам бериш керак, деб ўйлайман. Умуман, Ўзбекистон ҳукумати имконият даражасида ҳаракат қилаяпти.
Би-би-си: Айнан Ўзбекистон назарда тутилганда, Осиё Тараққиёт банкининг қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларига оид башоратлари анчайин умидбахш бўлган. Аммо ҳукумат кўраётган чораларга қарамай, асосий экспорт маҳсулотларидан саналувчи табиий газ ва мис хом ашёси нархлари қиймати пасайишидан зиён чекиши мумкинлигини айтган.
Хавотирлар ва чоралар


Сурат манбаси, official
Бу эса, жорий пайтда ҳатто АҚШ қадар дунёнинг энг йирик иқтисодий қудратларини ҳам жиддий ташвишга солиб қўйган муаммолардан бири бўлади.
Улар қаторида Ўзбекистон илова қолган барча Марказий Осиё давлатлари ҳам аллақачон глобал пандемиянинг ўз иқтисодларига салбий таъсирини юмшатиш чораларини ишлаб чиқишга тушиб кетишган.
Режа, қарор ва фармонлар қабул қилишган. Ўтган бир неча ҳафтанинг ўзида бу мавзуга такрор ва такрор қайтишган.
Ҳатто дунё ва минтақанинг ҳали коронавирус кириб бормаган саноқли давлатларидан иккитаси бўлган Туркманистон ва Тожикистоннинг ҳам хавотирда экани кўрилган.
Туркманистон Президенти бу масалани куни-кеча Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида ҳар томонлама муҳокама этган.
Барча масъул вазирларига хосан топшириқлар берган. Жаҳон нефт ва газ бозоридаги вазиятдан ҳам жиддий ташвишда экандек кўринган.
Тожикистон эса, аллақачон бунинг учун, лозим бўлса, давлат бюджетини қайта кўриб чиқишлари мумкинлигини айтган.
Қирғизистон халқаро донорларнинг кўмагисиз молиялай олмаслигини билса-да, уч ойлик махсус режа ишлаб чиққан.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Ўзбекистон Президенти қатор қарор ва фармонлари фонида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасини ташкил этишга қарор қилган. Бунга фармойиш берган.
Бу жамғарма маблағларидан тадбиркорлик ва бандлик, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш каби мақсадларга ҳам маблағлар ажратилиши айтилган.
Фармонда қатор солиқ енгилликлари ҳам кўзда тутилган. Кредитлар масаласида ҳам тартиб-қоидаларнинг юмшатилиши англашилган.
Кеча, 9 апрель куни эса, Ўзбекистон Президенти банклар фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратган, махсус йиғилиш ўтказган.
Яқинда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида махсус жамғарма ҳам тузилган.
Ўзбекистон Президенти ўзининг куни-кеча шахсан маълум қилишича, ўтган бир неча куннинг ўзида бу жамғармага тушган пуллар миқдори 50 миллиард сўмдан ортган.
Мирзиёев коронавирус фонида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш учун томорқачиликни ривожлантириш қадар чораларни кўзда тутаётгани маълум бўлган.
Бу эса, айрим таҳлилчилар баҳосида, унинг пандемия салбий оқибатларидан қанчалик жиддий хавотирда эканига ҳам далолат қилмай қўймаган.
Худди шу нарса Президент Шавкат Мирзиёевнинг коронавирус пандемияси юзасидан ўзларига қўшни барча минтақа давлатларига қилган ва қайта қилаётган телефон қўнғироқларининг диққат марказида турган энг муҳим масалалардан бири экани кўрилган.
Айни шу нуқтада ҳам минтақавий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган.
Аммо расмий хабарларда бунинг амалий ижроси учун қўл урилмоқчи бўлаётган чоралар тафсилотлари ноаён қолган.
Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар


Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.
Сўнгги рақамларда фуқаролари сони 34 миллиондан ортиқроққа нисбат берилади.
Президент Шавкат Мирзиёев асосларини турфалаштириш ҳаракатида эса-да, Ўзбекистон иқтисоди ҳали-ҳануз асосан қишлоқ хўжалигига таянади.
Аксарият аҳолиси мамлакатнинг камбағаллик ва ишсизлик муаммоси ҳануз анчайин долзарб чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.
Миллионлаб фуқароларининг тирикчилиги эса, йилларки, ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтган.
Улар энг кўп - миллионлаб сонда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган Россия эса, жорий пайтда энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилаётган собиқ Шўро давлати бўлиб турибди.
Жаҳон нефть бозоридаги сўнгги беқарорликлар ҳозир Россия иқтисодига жиддий зарба бериши мумкин бўлган яна бир йирик фактор сифатида майдонга чиққан.
Россиядаги ўзбекистонлик кўплаб меҳнат муҳожирлари эса, аллақачон ўзларининг танг аҳволда қолганликларидан шикоятда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида айнан улар ортга юбориб келган миллиардлаб долларлик маблағлар Ўзбекистон иқтисоди асосларини тутиб, юритиб келган муҳим молиявий манбалардан бири бўлиб келган.
Ўзбекистонда ижтимоий портлашнинг олдини олиб, муҳофаза камари вазифасини ўтаган.
Ҳали шу йил бошида Шавкат Мирзиёев бир Ўзбекистон президенти сифатида мамлакатида 4-5 миллион атрофида фуқаро кам таъминланган эканинини расман ва ошкора тан олган. Уларни камбағалликдан қутқариш режасини ҳам баён қилганди.
Президентнинг парламентга мурожаатида тилга олинган 4-5 миллион камбағал 34 миллионлик Ўзбекистон учун жуда катта рақам.
Бу - деярли ҳар еттинчи ўзбекистонлик камбағал дегани.
Президент 4-5 миллион фуқаронинг кам таъминланганини катта рақам деркан, залда ўтирган айрим мулозимлари ҳайратланиб, юз ифодалари билан таажжубларини изҳор этдилар.
Халқаро ҳисоботлар эса Ўзбекистондаги 10-13% аҳолини қашшоқликда кун кўришини айтиб келади.
Янги Ўзбекистон Президенти мамлакати иқтисодини янада жонлантириш мақсадида алоҳида эътибор қаратаётган туризм эса, жорий пайтда глобал пандемиядан энг жиддий зиён кўраётган ва кўриши айтилаётган соҳалардан бири бўлиб турибди.
Коронавирус боис, Ўзбекистоннинг ўзи илова дунёнинг деярли барча давлатлари чегараларини ёпишган, халқаро парвозлар, қатновларни тўхтатиб қўйишган.
Ўзбекистонда кучайтирилган тартиб, Қозоғистонда фавқулодда вазият, Қирғизистонда эса, бунга қўшимча комендантлик соати ҳам амалда. Пойтахтлари, марказий ва қатор йирик шаҳарларида карантин чоралари кучда.
Пандемиянинг Ўзбекистон билан боғлиқ иқтисодий оқибатлари ҳақида сўз кетганда, бунинг бу йилги пахта ишлаб чиқаришга таъсири алоҳида масала сифатида кун тартибига чиққан. Бунинг қанчалик оқил ва мақбул иш бўлишига оид саволларга ҳам замин яратган.
Бошқа томондан, апрел ойида кузатилаётган ёмон об-ҳаво ҳам бу йилги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳосилининг кўламига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Пандемия глобал иқтисодга бу яқин ўн йилликларда кузатилмаган бир даражада зиён етказиши, $5 триллион долларга тушиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














