Россия нефть ва газига қўйилаётган тақиқлар унга ва сизга қандай таъсир қилади? Rossiya Ukraina yangiliklar

Россиянинг NS Champion кемаси Британияга нефть ташир эди

Сурат манбаси, JOHN LONGO

Сурат тагсўзи, Россиянинг NS Champion кемаси Британияга нефть ташир эди
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия иқтисодига бир нечта кучли зарба берилди. АҚШ ва Британия Россия нефти импортини ман қилишга киришмоқдалар, Европа Иттифоқи эса Россия газига тобелигини камайтиришини айтяпти.

Президент Байденнинг айтишича, бу мувофиқлаштирилган жазо чоралари "Россия иқтисодининг асосий қон томири"ни нишонга олади.

Россия жаҳондаги учинчи энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи ва иккинчи энг йирик сотувчи, шундай экан унинг иқтисоди энергия савдосига жуда қарам.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мавзуга алоқадор:

Бу чоралар, айни дамда, Ғарбда ёқилғи нархлари ва истеъмолчилар тўловларининг ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Россия нефтига тўла танкер яқинда Англия шимоли-ғарбидаги нефтни қайта ишлаб чиқариш заводидан қайтариб юборилди. Бандаргоҳ юкни қабул қилишдан бош тортди.

Британия ва Америка қўшма штатлари уларни олишни тақиқламоқда.

"Буни бир кунда амалга оширолмаймиз, лекин қила оламиз. Таъминотни издан чиқармай, муқобил таъминотни йўлга қўйиб, тартиб билан қиламиз", - деди Британия Бош вазири Борис Жонсон.

Бундан сал аввалроқ АҚШ Россия нефтига қарши ўхшаш чекловни киритганини айтди.

Путиннинг ҳарбий сиёсати Россия иқтисодига қимматга тушяпти

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Путиннинг ҳарбий сиёсати Россия иқтисодига қимматга тушяпти

"Биз Путинга кўпроқ оғриқ етказадиган чорани қўллаяпмиз. Аммо АҚШда ҳам бунинг оқибатлари сезилади. Мен бошидан америкаликлар билан очиқ бўлишимни айтганман, озодликни ҳимоя қилиш қимматга тушиши мумкин, ва бу АҚШга ҳам таъсир қилади", - деди Президент Байден.

Бир вақтлар Россия ва Ғарб ўртасида илиқлашаётган манзарада европалик бош вазирлар ва президентлар Россияликлар билан янги газ қувурига келишгандилар.

Лекин, арзон газ Европа хавфсизлигига қимматга тушди.

"Жорий йил охиригача биз одатда Россиядан оладиган газимизнинг юз миллиард куб метрини бошқа жойдан оламиз, бу улардан қиладиган импортимизнинг учдан икки қисми. Бу қарамлигимизга чек қўяди ва савдони эркинлаштиради", - деди сешанба кунги чиқишида Европа комиссияси вице-президенти Франс Тиммерманс.

Россия Европа Иттифоқидаги 40 фоиз газни етказиб беради. Хом нефтга келсак, у таъминотнинг 25 фоизига тенг.

Россия газ қувурларидан оқиб келадиган 155 миллиард куб метр газ Европани иситиб турибди. Европа Иттифоқи ўша газнинг учдан икки қисмини энди Қатар ва АҚШ каби давлатлардан олмоқчи.

Ғарблик истеъмолчилар ҳам нархлар ошишини кутишяпти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ғарблик истеъмолчилар ҳам нархлар ошишини кутишяпти

Қуёш ва шамол энергиясидек қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариши тезлаштирилиши режаланган. Европа бўйлаб термостатларни бир даражага тушириш ҳам ёрдам бериши мумкин.

Умумийла, Европа Россия газини ман қилмай туриб ҳам, жорий йил бу газ импортини 50 миллиард куб метрга камайтирмоқчи.

"Британия Европа Иттифоқичалик Россия газига қарам эмас, Россия нефти эса Британияга танкерларда олиб келинади. Аммо, аслида буларнинг фарқи йўқ, чунки нархлар халқаро бозорларда белгиланади ва Британиядаги ёқилғи шохобчаларига ҳам таъсир қилади", - дейди Би-би-сининг иқтисодий масалалар бўйича мухбири Файзал Ислом.

Бу дегани ҳар ўртача танкер учун нарх 120 долларга ошади. Нефть дипломатияси ва санкциялар қандай бўлишидан қатъий назар, бу чекловлар ўз ўзидан юз бермоқда.

Shell каби компаниялар Россия хом нефти танкерини олгани учун узр сўради ва Россиядаги ёқилғи шохобчаларини ёпмоқда.

Хуллас, жаҳондаги иккинчи энг йирик нефть экспортёридан воз кечишмоқчи.

Европа Иттифоқи бўшаб қолган ўринни тўлдириш учун яна 500та газ танкерини топиши керак бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek