Польша бош вазири: Россия Европани беқарорлаштирмоқчи Polsha Rossiya Yevropa

Сурат манбаси, Reuters
Би-би-си билан интервьюда Польша Бош вазири Матеуш Моравецкийнинг айтишича, Россия Европадаги вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилаяпти, "ёмон ишлар" рўй беришидан олдин "чора кўришга кеч бўлмай туриб" ҳаракат қилиш керак.
Бош вазир Матеуш Моравецкий сўзларига кўра, НАТОдаги иттифоқчилар Россиянинг минтақани беқарорлаштириш уринишларига "уйғонишлари керак".
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Охирги ҳодисалар шуни кўрсатадики, Кремль ва унинг иттифоқчилари "геосиёсий тизимни ўзгартиришни" ва Европа Иттифоқини "бўлишни" хоҳлайдилар, деб айтди жаноб Моравецкий.
Бунинг исботи сифатида Польша бош вазири Украина чегарасида Россия қўшинларининг тўпланаётгани, газ нархларининг кўтарилиб кетиши ва Польшанинг Беларусь билан чегарасида мигрантлар инқирози юзага келганини тилга олган.
Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий интервьюни НАТОга аъзо мамлакатлар вазирларининг саммити олдидан берган.
НАТО учрашуви 30 ноябрь куни Латвия пойтахти Ригада бошланган, Бош Котиб Йенс Столтенберг Украина атрофидаги вазият муҳокама этилишини айтган.

НАТО ва Европа Иттифоқи раҳбарлари Беларусни Польша билан чегарасида мигрантлар оқимини ташкиллаштиришда айбладилар.
"Ҳозирда бизни турли хавфлар ва турли инқирозлар қуршаб олган. Биз бугунги геосиёсий уйқудан уйғонишимиз вақти келди. Ўша хавфларни камайтириш ва аритиш, ҳамда Президент Путин ва Президент Лукашенколарнинг бизнинг ҳудудимизни, хусусан Европани беқарорлаштириш қобилиятини чеклаш йўлида биз ҳамкорликда ишлашимиз керак", деди Матеуш Моравецкий.
"Сиз Европадаги вазиятни беқарорлаштиришда шахсан Президент Путинни айбдор деб кўрасизми?", деган саволни берди Би-би-си мухбири Катя Адлер.
"Албатта, бевосита айбдор бу жаноб Лукашенко ва Минскдаги тузум. Аммо, унинг ҳомийси, бошқарувчиси бор. Бу бошқарувчи Кремлда ўтирибди. Украина таҳдид остида, унинг чегаралари ташқарисида ҳарбий ҳозирлик кучайган. Энергия соҳасида, айниқса газ ва нефть бўйича босим ошган. Ундан ташқари, Россия пропагандага жуда уста. У Европа Иттифоқи тарқаб кетиши ёки бўлиниши йўлида ўта катта босим ўтказяпти", деди жаноб Моравецкий.
Аммо Польша Европа Иттифоқи битимидаги иккинчи моддани ҳурмат қиладими? Унда айтилган инсон ҳуқуқларини, мисол учун? Польша аскарлари қочқинларни Беларусга итариб чиқаришда айбланяпти. Польша озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қиладими? Ҳукуматинингиз LGBTQ Plus вакилларини камситишда айбланган. Ўша моддада қонун устуворлиги таъкидланган. Сиз уни ҳурмат қиласизми?, дея савол берди Би-би-си мухбири.
"Биз нафақат иккинчи моддани ҳурмат қиламиз, ва айни дамда, агар Польшадаги қонун устуворлигини бошқа давлатлардаги билан солиштирсангиз, ва Польшанинг адлия тизимидаги мустақилликни кучайтириш саъй-ҳаракатларига қарасангиз, мен Польшани қонун устуворлигини Европа Иттифоқидаги қатор бошқа давлатлардан ҳам кўра кўпроқ ҳурмат қиладиган давлат деган бўлар эдим", деди Бош вазир Матеуш Моравецкий.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














