Туркияда авиаҳалокат оқибатида Ливия армияси қўмондони ҳалок бўлди. Видео

Муҳаммад ал-Ҳаддад, архив фотосурати

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Муҳаммад ал-Ҳаддoд, архив фотосурати
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ливия Бош вазирининг маълум қилишича, мамлакат армияси қўмондони Туркиядаги авиаҳалокат натижасида вафот этган.

Генерал Муҳаммад Али Аҳмад ал-Ҳаддoд сешанба куни кечқурун Туркия пойтахти Анкарадан учиб кетаётган "Falcon 50" самолёти бортида бўлган. Ҳалокат оқибатида у билан бирга яна тўрт нафар ҳарбий мулозим ва экипажнинг уч аъзоси ҳалок бўлган.

Туркия Ички ишлар вазири Али Ерликая берган маълумотга кўра, бизнес-жет билан алоқа маҳаллий вақт билан соат 20:52 да (GMT 17:52) - самолёт Анкара аэропортидан ҳавога кўтарилганидан тахминан 42 дақиқа ўтиб узилган.

Триполи томон йўл олган самолёт алоқа йўқолишидан аввал фавқулодда қўниш ҳақида сўров юборган. Кейинчалик самолёт қолдиқлари Анкаранинг жануби-ғарбий қисмидан топилган ҳамда унинг овоз ёзиш мосламаси ва "қора қутиси" қайта тикланган.

Алоқадор мавзулар:
Ливия генерали Муҳаммад Али Аҳмад ал-Ҳаддад (чапда) Туркия Мудофаа вазири Яшар Гулер билан музокаралар ўтказганидан бир неча соат ўтиб вафот этди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ливия генерали Муҳаммад Али Аҳмад ал-Ҳаддoд (чапда) Туркия Мудофаа вазири Яшар Гулер билан музокаралар ўтказганидан бир неча соат ўтиб вафот этди
Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Видео тагсўзи, Туркияда авиаҳалокат оқибатида Ливия армияси қўмондони ҳалок бўлди

Кейинчалик Х ижтимоий тармоғидаги постида Ерликая полиция самолёт қолдиқларини Ҳаймана туманидаги Кесиккавак қишлоғи яқинида аниқлаганини ёзди.

У "кейинги тафсилотлар ҳақида жамоатчилик хабардор қилинишини" айтди.

Ливияда мамлакатнинг халқаро миқёсда тан олинган Миллий бирлик ҳукумати бош вазири Абдул Ҳамид Дбеибеҳ генерал ал-Ҳаддад ва бортдаги бошқа юқори мартабали Ливия ҳарбий мулозимларининг вафоти ҳақидаги хабарни олганини маълум қилди.

Бош вазир буни миллат учун "катта йўқотиш" деб атади ва Ливия "ўз ватанига самимият ва садоқат билан хизмат қилган инсонларни йўқотганини" айтди.

Генерал ал-Ҳаддoд ва унинг жамоаси икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган музокаралар учун Туркияда бўлиб турган эди.

Туркия 2019 йилда мамлакат шарқидаги армиянинг Триполидаги халқаро тан олинган ҳукуматни сиқиб чиқаришига йўл қўймаслик учун аралашганидан бери Ливияда тобора устун рол ўйнамоқда ва яқин сиёсий, ҳарбий ҳамда иқтисодий алоқаларни ўрнатган.

Ливиянинг рақиби мамлакат шарқидаги Миллий бирлик ҳукумати ҳарбий етакчи Халифа Ҳафтар томонидан бошқарилади.

Ушбу Шимолий Африка давлати 2011 йилда Муаммар Қаддофий ағдарилганидан кейин пайдо бўлган кўплаб қуролли гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлардан қаттиқ зарар кўрди.

Узоқ вақт давомида мамлакатни бошқарган диктаторнинг ўлимига сабаб бўлган бир қатор қуролли қўзғолонлар хавфсизлик тизимида бўшлиқни келтириб чиқарди. Оқибатда, ўша вақтдан бери мамлакатнинг катта қисми қонунбузарлик ва тартибсизликлар ичида қолмоқда.