Бангладеш собиқ Бош вазири Шайх Ҳасина махсус трибунал томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинди

Сурат манбаси, Reuters
Бангладеш собиқ Бош вазири Шайх Ҳасина инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топилиб, махсус трибунал томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Ҳокимиятдан мажбуран четлатилганидан сўнг Ҳиндистонда сургунда яшаб келаётган собиқ Бош вазир хоним, ўзининг иштирокисиз - сиртдан суд қилинди.
Ҳукм ўтган йили талабалар бошчилигидаги норозилик намойишларини бостиришдаги даъво қилинган роли билан боғлиқ. Махсус трибунал уни ушбу намойишларни зўравонлик билан бостиришни буюрганликда айбдор деб топди. Намойишлар кетидан у ҳокимиятдан четлатилиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган эди.
БМТ ҳисоб-китобига кўра, намойишларни бостириш чоғида 1400 га яқин одам ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти хавфсизлик кучлари томонидан ўққа тутилган.
Шайх Ҳасина шахсан хавфсизлик кучларига намойишчиларни отишни буюрганини қатъиян рад этади.
Ҳукмдан сўнг эълон қилган баёнотида у суд қарорини "холис бўлмаган ва сиёсий мақсадли" деб атади. Трибунал ҳукми ўқиб эшиттирилганда, намойишларда ҳалок бўлган ёшларнинг оилалари ҳам бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images
Шайх Ҳасина Бангладешнинг энг узоқ хизмат қилган бош вазири бўлиб, мамлакатнинг унинг сиёсатига нисбатан кескин равишда иккига бўлинишга сабаб бўлган шахс сифатида билинади.
У илк бор 1996 йилда сайловда ғалаба қозонган ва 1980 йилларда ҳарбий ҳукуматга қарши бошқа сиёсий партиялар билан бирлашиб, демократия тарафдори сифатида танилган.
Унинг отаси Шайх Мужибур Раҳмон 1971 йилда мамлакатни Покистондан мустақил қилган ва Бангладешнинг биринчи президенти бўлган. У 1975 йилда оиласидагиларнинг аксарияти билан бирга ўлдирилган - Ҳасина ва синглиси чет элда бўлгани учун омон қолган.
Шайх Ҳасинанинг 2009 йилда бошланган иккинчи ҳокимият даври баҳсли бўлиб, унинг ҳукмронлиги даврида сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олишлар, ғойиб бўлишлар, ҳукмсиз қатллар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар кўпайган.
Ҳасинанинг партияси "Авами лигаси" - илгари конституцияни ўзгартириб, бир партияли давлат қуришга интилган.
Тақдир ҳазили билан, Ҳасина айнан ўзи 2010 йилда Бангладешнинг 1971 йилдаги озодлик уруши давридаги ҳарбий жиноятларни кўриб чиқиш учун ташкил этган суд томонидан ҳукм қилинди.
Айбдор деб топилиши унинг сиёсий қайтиш ёки яқин келажакда Бангладешга қайтиш имкониятларини кескин камайтиради.
Шайх Ҳасина ўтган йил 5 августда Бангладешни тарк этганидан бери, Деҳлида яшаб келмоқда. Ҳукм Ҳиндистонни Ҳасинани экстрадиция қилиш босими остига қўяди, Дака расмий равишда унинг экстрадициясини сўради. Бироқ Ҳиндистон бунга рози бўлиши эҳтимолдан йироқ ва ҳозирча бундай истакни намоён қилмаяпти.
Иккала давлат ўртасида экстрадиция шартномаси мавжуд бўлса-да, иш мураккаб дипломатик омиллар билан боғлиқ.
Деҳли Ҳасинанинг шахсий хавфсизлиги бўйича хавотирларни ҳисобга олиб, унга қарши қўзғатилган иш сиёсий сабабга кўра қилинганлиги ҳақидаги даъволарни ҳам назарда тутган ҳолда бир қарорга келиши керак.
Ҳиндистон эркин ва адолатли сайловларни қўллаб-қувватлашини ва халқ иродаси билан шаклланган исталган ҳукумат билан ишлашга тайёрлигини билдиради. Ҳиндистон Ташқи ишлар котиби Ҳасина билан боғлиқ масалаларни "суд ва ҳуқуқий" масалалар деб атаб, "икки қўшни ўртасидаги кенгашни" талаб қилишини таъкидлади.
Ҳукм Ҳиндистон-Бангладеш дипломатияси келажаги учун муҳим синов бўлиши мумкин. Агар келаси йил февралда режалаштирилган Бангладеш миллий сайловларидан сўнг сайланган ҳукумат ҳокимиятга келиб, унинг экстрадициясини талаб қилса, Ҳиндистон учун бу талабни эътиборсиз қолдириш янада қийинлашади.












