"Бизда сенинг яланғоч расмларинг, ҳаётингни вайрон қилиш учун ҳамма нарса бор"

Malla sochli bola kulib turupti. Orqasida ijtimoiy tarmoqlarning logolari kollaj qilingan.
    • Author, Тир Донди
    • Role,

Америкалик ўсмир Эван Боэттлер ижтимоий тармоқда илгари ёш қиз деб ўйлаган кимсадан даҳшатли хабарни олди. Бу "ёш қиз" аслида кибер фирибгар эди.

Биринчи хабарни олгандан 90 дақиқа ўтар-ўтмай, 16 ёшли йигит ўз жонига қасд қилди.

Секс шантажчилик – жинсий товламачилик интернетдаги энг тез ўсиб бораётган жиноятлардан бири. Жабрланувчиларни – кўпинча АҚШ ва Европадаги ўсмирларни, алдов йўли билан интим фотосуратлар ёки видеолар юборишга кўндиришади, сўнг сўралган пул тўланмаса, уларни бошқаларга тарқатиш билан таҳдид қилишади.

"Ўша кечаси бизга унинг ўлганини айтишганда, бу ҳеч қандай маънога эга эмас эди. Оиламизда бундай ҳодиса бўлишини қабул қилолмаяпман," дейди Эваннинг онаси Кари.

Миссури штатидаги уйда у Эваннинг отаси Брад билан бирга яшайди. Улар ўғилларини балиқ овлашни, спорт билан шуғулланишни ва ов қилишни яхши кўрадиган ақлли, ҳазилкаш ўсмир эди деб тасвирлайдилар.

Уларнинг айтишича, 2024 йил январь ойи бошларидаги совуқ оқшомда Эван Snapchat орқали JennyTee60 исмли қиз деб ўйлаган кимса билан боғланган. Лекин у Эван ўйлаганчалик эмас эди. Бир неча дақиқа ичида "Jenny" уни ўзининг интим суратларини юборишга кўндирди ва дарҳол шафқатсизларча шантаж қила бошлади.

Деярли икки йил ўтди, аммо Боэттлерларнинг қайғуси ҳали-ҳануз янгидек, жавоб излашлари эса натижасиз қолмоқда. Meta каби ижтимоий медиа платформалари суд қарорисиз маълумотларни беришдан бош тортмоқда, суд қарори эса йўқ. Федерал тергов бюросини (ФТБ) ҳаракатга келтириш учун қилинган уринишлар бари беҳуда. Эван вафот этганидан бери ўтган йиллар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари деярли тайинли иш қилмади.

Бироқ, битта муҳим из бор эди – бир пайт фирибгар Эваннинг Facebook ҳисобига кириш маълумотларини талаб қилган ва ундан фойдаланганда, IP-манзил қолдирган.

“Hustle Kingdom” ичидаги манзара: Тўрт эркак диванда ўтириб, қўлларида мобил телефон ушлаб турибди. Ҳаммаси юзларини яширган балаклава кийган — иккитаси пушти футболкада, бири оқ майкада, яна бири яланғоч. Хонада мармар пол, кулранг пардалар ва кофе столи бор. Яна бир эркак орқасини камерага қилиб, қўлида телефон билан тик турибди.
Сурат тагсўзи, Биз "Hustle Kingdom" деб аталган бу гуруҳдаги эркакларнинг фирибгарликларини кузатдик — улар айтишича, асосан молиявий ёки романтик алдовлар билан шуғулланишар экан.

Ушбу рақамли из мени Нигериянинг бир нечта жойларига, асосан унинг энг гавжум шаҳри Лагосга етаклади. У ерда жавобгарни топишга умид қилдим.

Дастлабки учрашувларим мени "Yahoo Boys" номи билан танилган шаҳарнинг кўплаб фирибгарлари яшайдиган чекка кўчаларига олиб борди. Бу ном 2000-йиллар бошларида онлайн фирибгарлик учун ишлатилган электрон почта хизматидан олинган.

Кўпинча 20 ёшлардаги бу йигитлар қашшоқ ҳудудларда яшайди, аммо спорт машиналари ва осон топилган пулларни орзу қилади.

Ўша ерда Ола билан танишдим. У секс шантажчилик механизмини бемалол тушунтириб берди.

"Сохта генераторлардан олинган сохта исм билан бирор қиз номидан аккаунт очасиз, – дейди у. – Бу исталган бирор мамлакатдаги одамлар исмларини олиш мумкин бўлган сайт."

Профил яратилгач, нишонга олиш бошланади. Экраннинг нариги томонидаги болалар фирибгарлар учун шунчаки бир фойдаланувчи номи, холос. Улар кунига юзлаб одамларга хабар юбориб, бирортасини қармоққа тушириб, пул ундиришга умид қилади.

Унга бу шафқатсизлик, кимнингдир ҳаётини барбод қилиши мумкинлигини айтганимда, у шундай жавоб берди: "Менга фарқи йўқ, чунки менга пул керак."

Афтидан, Ола британиялик ёки америкалик ўсмирнинг пул тўлай олмаслигига ишониши қийин эди. Унинг фикрича, Ғарбда туғилишнинг ўзи имтиёз эди.

Нима учун уларни нишонга олганини сўраганимда, унинг жавоби ҳам кескин бўлди: "Чунки уларнинг жинсий майллари жуда кучли ва болалар расмлари синфдошларига, ота-оналари ва дўстларига тарқатилишидан қўрқишади."

Ола ёлғиз ишлаган, аммо бошқа мисоллар шуни кўрсатадики, Лагосдаги секс шантажчилик тобора уюшган тармоқли операцияларга айланмоқда – етакчилар, фойдани максимал ошириш учун бирлаштирилган ресурслар билан бошқариладиган гуруҳлар бор.

Охир-оқибат, из мени шаҳарнинг энг қашшоқ туманларидан бири – Макоко сувлоқларига олиб борди. У ерда, Лагос кўрфази қирғоғида ёғоч уйлар устунлар устида қад кўтариб турарди.

Суратга олиш учун аввал жамоа бошлиғидан рухсат сўрашимиз керак бўлди. Бизни бутун йўл давомида сув йўллари лабиринтидан қандай ўтишни биладиган маҳаллий йўл кўрсатувчилар гуруҳи бошқарди.

Интернетдан "қурбон" топиш учун қурбонлик

Яшил жун балаклава кийган ва жигарранг нақшли қисқа енгли кўйлакда бўлган эркак олдинга эгилиб, бошининг устида оёқларидан ушлаб оқ каптарни тутиб турибди.
Сурат тагсўзи, Анъанавий табибга ташриф буюрган Адега ҳамроҳлик қилдик. Маросимда уни бойликка боғлаш учун каптар қурбон қилиш ҳам бўлди.

Менга "Hustle Kingdom" деб номланган операциялар ҳақида айтишганди – бу хоналарда телефонлар орқали фирибгарлик билан шуғулланувчи йигитлар тўдалари бўларди. Улар жуда кам ҳолларда суратга олинган. Аммо узоқ музокаралардан сўнг менга рухсат беришди.

Айнан мана шу "Hustle Kingdom" паст қаватли бинонинг иккинчи қаватида жойлашган эди. Кичкина хонада ўнлаб йигитлар тиззаларида ноутбуклар билан ўтиришар, уларнинг телефонлари эҳтимолий қурбонлардан келган хабарлар билан ғувилларди. Муҳит колл-марказга ўхшарди – улар сохта профилларни алмаштиришар, сценарийларни айирбошлашар ва янги қурбонлар исмларини тарқатишарди.

Ҳар бир йигит ўз ролини ўйнарди, аммо барча пуллар уларнинг "Арвоҳ" лақабли раҳбарига оқиб келарди. У ерда тажрибали фирибгарлар ўз шогирдларига таълим берарди.

Қизиқтирувчи нарса тез пул топиш эди, аммо уларнинг жасорати ортида янада йиртқичроқ ҳодиса яширин эди – илк ўсмирлик йиллариданоқ ўғил болалар жиноятга жалб қилинган эди.

Катта ёшли "устозлар" ўзларининг муваффақият ҳикоялари ва ижтимоий мавқеи билан болаларни йўлдан оздиради, айни пайтда, қарздор қилади ва ҳар бир фирибгарликдан улуш олади, бу эса қутулиши қийин бўлган доирани пайдо қилади.

Бу одамларнинг ишини кузатиб, улар якка тартибдаги фирибгарлардан қанчалик фарқ қилишини тушундим. Бу ташкиллаштирилган, самарали ва шафқатсиз – имкон қадар кўпроқ пул ундириш учун яратилган тизим эди.

Эваннинг фирибгари "Hustle Kingdom"нинг бир қисми бўлганми ёки ёлғиз ишлаганми? Раҳбар "Арвоҳ" айтишича, улар асосан молиявий фирибгарлик, кўпинча романтик алоқа билан шуғулланишган, секс шантаж билан эмас, чунки у "Худодан қўрқадиган одам" экан. Унинг айтишича, бундай ишларни фақат "қора қалбли" одамлар қилади. "Hustle Kingdom"да секс шантаж уят ҳисобланади.

Бу фирибгарлар менга кўп "Yahoo boys" аъзолари улар "Yahoo Plus" деб атаган томонга ўтишаётганини айтишди. Бунда улар маҳаллий руҳонийлар олдига боришади ва улар дуо қилиб, қурбонлар кўпроқ бўйсунувчан бўлишини ёки фирибгарларни қўлга тушишдан асрашни тилайди.

Анъанавий табиблар Нигерия маданиятига сингиб кетган ва бу йигитларнинг баъзилари учун уларга мурожаат қилиш янги сим-карта сотиб олиш каби табиий эди.

Мен яқинда эркакларни секс шантаж қилишни бошлаган 20 ёшли Аде билан танишдим. У менга кўпроқ пул топишга ёрдам бериши мумкин бўлган "кибер-руҳоний" олдига бирга боришга рухсат берди. Зиёратгоҳ шаҳар чеккасидаги тор кўчада – ўйма ҳайкаллар билан тўлган пастак томли хонада жойлашган эди.

Оқ каптарни олиб чиқиб қурбонлик қилишди, унинг қони полга тўкилди. Адега қурбонликнинг бир қисмини ейиш буюрилди – руҳонийнинг айтишича, бу маросим уни бойлик ва ҳимоя билан таъминлар экан. Бу қанчалик кенг тарқалганини сўраганимда, табиб кунига олти-етти нафар "Yahoo" йигитини кўришини айтди. Аде учун бу ирим-сирим эмас, балки бизнес учун харажат эди.

Мени энг ҳайратга солгани эски ва янги ўртасидаги тафовут бўлди. Бир лаҳзада мен 20 ёшли йигитнинг асрлар давомида шаклланган эътиқодларга асосланган маросимда иштирок этаётганини кўрдим. Кейинги лаҳзада эса менга рақамли аср воситалари кўрсатилди.

Кейинчалик, мен 21-аср сеҳргарлиги – дипфейк технологиядан фойдаланаётган фирибгарни топдим, у ёллаган Рейчел исмли аёл фирибгарликнинг юзи сифатида хизмат қиларди. У менга ноутбукидаги иловани кўрсатди – бу унга 3500 долларга тушган профессионал даражадаги юзни алмаштириш воситаси эди. Унинг айтишича, бу харажат ўзини оқлайди.

Мета бунга нима дейди?

АҚШда ФТБга секс шантаж ҳақидаги мурожаатлар сўнгги уч йил ичида икки баравардан кўпроққа ошиб, 2024 йилда 55 000 га етди. Буюк Британияда Миллий жиноятчиликка қарши кураш агентлигига ҳар ойда 110 та хабар келиб тушади.

Ижтимоий тармоқ компаниялари чора кўраётганини айтмоқда, аммо уларнинг танқидчилари янада қатъийроқ аралашиш мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Жанубий Каролинада мен штат вакили Брендон Гаффи билан учрашдим, унинг ўғли Гэвин 2022 йилда Instagram'да ҳужумга учраганидан кейин ўз жонига қасд қилган. У 17 ёшда эди.

Ўғлининг ўлимидан олдин Брендон Meta компаниясини уни кибер йиртқичлардан ҳимоя қила олмаганликда айблаб, судга даъво тайёрлаётган эди. Уни шантаж қилган аккаунтлардан бири охир-оқибат ўчирилди, аммо бошқалари фаол қолди. Брендон учун бу ҳол даҳшатли эди.

Meta 2024 йилда Нигерия билан боғлиқ 63 000 та секс шантаж аккаунтини, шу жумладан, Ғарб ўсмирларига қаратилган мувофиқлаштирилган тармоқнинг бир қисмини ташкил этган 2500 та аккаунтни йўқ қилганини айтди.

Бироқ, танқидчилар бу рақамлар муаммо кўламини шунчаки кўрсатишини айтишмоқда.

"Болалар ҳали ҳам ҳужумга учраётган бир пайтда, улар буни пиар учун бир кунгина амалга оширишдими? – деб сўрайди Брендон, – Нега ўшандан бери ҳеч нарса қилишмади?"

Meta вакили агар хоҳласа, секс шантажни йўқ қилиши мумкинлиги ҳақидаги таклиф "шунчаки нотўғри" эканлигини айтди. Уларнинг таъкидлашича, компания фирибгарлар тармоқларини йўқ қилиш ва бунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёрдам бериш учун фаол ишлаган.

"Бутун дунё бўйлаб хавфсизлик ва ҳимоя бўйича ишлайдиган 40 000 га яқин ходимимиз бор, сўнгги ўн йил ичида бу соҳага 30 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган, – деди компания вакили, – жумладан, ўсмирларнинг аккаунти созламалари автоматик равишда энг қаттиқ ҳимоя режимига ўтказилган ва уларга бошқа мамлакатда бўлиши мумкин бўлган одам билан суҳбатлашаётганда хабар бериш йўлга қўйилган."

Метага ўсмирлар киберхавфсизлигини ишонса бўладими?

Мотамсаро ота-онанинг шубҳалари Meta компаниясининг ўзида ҳам акс-садо бермоқда. Муҳандислик директоридан маълумот сиздирувчига айланган Артуро Бежар 2023 йилда АҚШ Конгрессига компания раҳбарияти болаларга таҳдид солаётган хавфлар ҳақидаги такрорий огоҳлантиришларга эътибор бермаганини айтиб гувоҳлик берди.

У менга айтишича, ёш фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган тизимлар тубдан номукаммал.

"Улар болалар хавф остида эканлигини билишни ҳам, одамлар бу ҳақда билишини ҳам истамайдилар... чунки уларга бунақа муаммо билан шуғулланиш керак эмас," деди у.

Meta жаноб Бежар таклиф қилган кўплаб чоралар аллақачон амалга оширилганини билдирди. Шунингдек, ўтган йили Instagram'да ўсмирлар аккаунтларига ҳимоя режими ўрнатилганини, яъни уларга фақат аллақачон боғланган одамларгина хабар юбориши мумкинлигини қўшимча қилди.

Компания вакили айтишича, агар бирор нарса спам деб хабар қилинса ва у жамият қоидаларига зид бўлса, компания тегишли чоралар кўради.

Эван Боэттлер воқеасига тўхталар экан, Snapchat "Боэттлерлар оиласига ўзининг чуқур ҳамдардлигини" изҳор этди.

"Биз Snapchat'да жинсий товламачиликка мутлақо тоқат қилмаймиз. Агар бундай фаолиятни аниқласак, профилни дарҳол ўчириш чораларини кўрамиз ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз."

Болангиз фирибгарга расм жўнатган бўлса

Агар сиз онлайн зўравонлик қурбони бўлган бўлсангиз, BBC Action Line орқали ёрдам манбаларини топишингиз мумкин.

Internet Watch Foundation (IWF) бутун дунё бўйлаб вояга етмаганлар учун ўзининг яланғоч ёки жинсий суратлари ҳақида махфий хабар қилиш орқали уларни интернетдан олиб ташлаш ва қайта юкланиши олдини олиш имконини берувчи восита яратган.

Контент ҳали интернетда пайдо бўлмаган бўлса ҳам, хайрия ташкилоти сурат учун рақамли изни яратиши мумкин, бу эса унинг интернетда тарқалиши олдини олади. Фақат WhatsApp каби шифрланган тармоқларда ёки кимнингдир телефони ёки компьютерида сақланган бўлсагина суратни ўчириб бўлмайди.

IWF бизга 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида "Report Remove" хизматидан келган 723 та мурожаат бўйича чора кўрганини маълум қилди – уларнинг 224 таси жинсий товламачилик билан боғлиқ эди.

Аммо Эваннинг ота-онаси учун адолатга эришиш йўлидаги тўсиқлар жойида турибди. Meta ва Snapchat маълумотларни ошкор қила олмагач, Эваннинг ҳаётига зомин бўлган ўша фирибгарни топишга бўлган барча умидлар IP-манзил боғлиқ бўлган Нигериянинг GloWorld провайдерига боғлиқ бўлиб қолди.

Бир неча ойлик уринишлардан сўнг, ниҳоят янги маълумот олдим. GloWorld фойдаланувчи маълумотларини икки йил давомида сақлаши керак бўлса-да, буни уддалай олмаган. Из совиб бўлган эди.

Боэттлерларга қўнғироқ қилганимда, улар миннатдорлик билдириб, саъй-ҳаракатларим учун ташаккур айтишди. Бред аввалроқ ўғлини "ажойиб бола" деб таърифлаган эди.

"Уни тарбиялаш қийин бўлмаган, чунки у жуда яхши бола эди, – дейди у. – Уни қанчалик севишимни сўз билан ифодалаб беролмайман."