Савол ва жавоб: Агар Россия Украинани эгаллаб олса, кейин нима бўлади? Қачон НАТОнинг сабри битади ва Украинага киради? Video Ukrainа Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Агар Россия Украинани эгаллаб олса, кейин нима бўлади? Молдова, Украинага қўшни бошқа собиқ Шўро давлатларига ҳам кирадими? Уруш Европага ҳам ёйиладими? Би-би-сининг Киевдаги мухбирлари ва ҳарбий экспертлар жавоби билан танишинг.
Видео: Украина: Киев тайёрми? Россия яқинлашаяпти
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Савол ва жавоб
Россия қўшинлари Украинанинг икки йирик шаҳри Киев ва Харьковни қўлга киритишга ҳаракат қилишмоқда, бироқ қаттиқ қаршиликка учрашаётир.
Айни пайтда, икки миллиондан ошиқ қочқин Украинани тарк этди ва Россияда қаттиқ санкциялар кучга кирди.
Дунё бўйлаб BBC News ўқувчилари бугунги можаро юзасидан ҳануз ўзларини ўйлантирган ва қизиқтирган саволларни йўллашда давом этишмоқда.
Вазият қизиган бир пайтда Би-би-сининг икки маҳаллий мухбири саволларингизга жавоб беради.
- Би-би-сининг Бош халқаро мухбири Лиз Дюсет ҳозир Украина пойтахти Киевда.
- Марк Лоуэн Польша-Украина чегарасида.
Савол: Россия атрофидаги давлатлар ва НАТО таркибига кирган давлатлар хавфсизми? Қачонгача? - Кристина Онофрас, Руминия
Марк Лоуэн ёзади:
НАТОнинг шарқий қанотидаги, Украина билан чегарадош давлатлар хавотирда.
Литва фавқулодда ҳолат эълон қилди. Швеция ва Финляндия НАТОга аъзо бўлмаса ҳам, ўтган ҳафта альянснинг фавқулодда саммитида қатнашди ва АҚШ Польша каби мамлакатларда ўз қўшинлари сонини оширди.
Чегара яқинида мен гаплашган баъзи поляклар ўзларининг хавфсизлигидан хавотирда, лекин уларнинг асосий эътибори украиналик дўстлари ёки чегара ортидаги қариндошларига ёки бу ерга қочиб ўтганларга ёрдам беришга қаратилган.
Видео. Украина: Путин мамнун. Россия Украинада нималар қилаяпти?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Савол:Қачон НАТО давлатларининг сабри битади ва Украинага ёрдам бериш учун унинг ҳудудига қадам қўяди? - Тим Мефам, Брайтон, Буюк Британия
Лиз Дюсет ёзади:
НАТО давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари Россиянинг ҳар бир ҳаракатини кузатмоқда, мудофаа ҳарбий иттифоқи ўз ҳудудининг "ҳар бир дюймини" ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қилиши билан огоҳлантирмоқда.
Сўнгги йилларда улар Украинага қурол-яроғ ва ўқ-дорилар жўнатиб, украиналик аскарларни Россия босқинига қадар ўқитиб келишган.
Аммо улар бир неча бор НАТОнинг у ерга аскар юбормаслигини таъкидладилар, чунки Украина НАТО аъзоси эмас.
Бироқ, агар Россия Украинадан ташқарига чиқиб, НАТО давлатига кирса, вазият ўзгаради.
НАТО низомининг 5-моддасида "бир иттифоқчига қилинган ҳужум барча иттифоқчиларга қилинган ҳужум ҳисобланади", дейилади.
Агар шундай бўлса, дунё номаълум ҳудудга ўтади ва НАТО Россия ўртасидаги тўқнашув учун хавфли имконият пайдо бўлади.
Савол: Путиннинг Буюк Британияни бомбалаш эҳтимоли қанчалик? - Бекки, Уеймут, Буюк Британия
Лиз Дюсет ёзади:
Бу даҳшатли ва қўрқитувчи саволни берганингиз жуда ташвишли. "Эҳтимоли йўқ", деб жавоб берган бўлардим.
Ҳозир олдиндан айтиб бўлмайдиган, мавҳум вақт, лекин мен ҳали ҳам жавоб "эҳтимоли йўқ" бўлишига ишонишни истардим - Британия ёки бошқа бирон бир давлатнинг бомбардимон қилиниши эҳтимоли йўқ. Ва Украинани бомбалаш ҳам тезда тўхтайди деган умид бор.
Савол: Бошпаналардаги одамлар озиқ-овқат, сув ва санитария эҳтиёжларини қандай қондиради? Бу вақтда Киевда овқат борми? - Арлин, Орегон, АҚШ
Лиз Дюсет ёзади:
Комендантлик соати бекор қилиниб, ҳаво ҳужуми сиреналари тинганда, одамлар асабий ҳолда дўконларга шошади - агар дўконлар очиқ бўлса ва ҳали ҳам пештахталарда маҳсулот бўлса.
Биз бошпанага айланган метро бекатларида одамлар бир-бирига ёрдам бериш учун тўпланаётганини эшитамиз. Аммо комендантлик соати 36 соат давом этса, озиқ-овқат ва сув тугай бошлайди. Баъзи аҳоли маҳаллий меҳмонхоналарга кўчиб ўтди.
Улар одамлар оч қолмаслиги учун ҳам қўлларидан келганини қилишмоқда. Бу ерда ҳамжиҳатлик руҳи ҳукм суради - ҳамма ўз ҳиссасини қўшади, жумладан, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар. Аммо муаммо шундаки, агар у жуда узоқ давом этса, ҳатто овқат топиш ҳам қийин бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Савол: Турли Ғарб давлатлари ваъда қилган ҳарбий ёрдам Украинага қандай ва қачон етиб боради? Ғарб давлатлари бу жуда зарур ёрдамни етказиб беришни қандай тезлаштириши мумкин? - Кристоф Боржиа, Квебек, Канада
Марк Лоуэн ёзади:
Ҳарбий ёрдамнинг бир қисми аллақачон юборилган. Польша чегарадан ўқ-дорилар юборди, АҚШ аллақачон 90 тоннага яқин ҳарбий ёрдам жўнатди, Швеция қуролли тўқнашувда иштирок этаётган мамлакатларга қурол юбормаслик анъанасини бузмоқда ва энди Европа Иттифоқи тарихда биринчи марта ҳужумга учраган давлатга қурол сотиб олиш ва етказиб беришни молиялаштиришга рози бўлди.
Буни қандай тезлаштиришга келсак, Польша юкларни жўнатиш учун логистика маркази бўлиши мумкинлигини билдирди. Ғарб давлатлари буни тезлаштириш зарурлигини жуда яхши тушунади, Украина эса ўқ-дорилари тугаб бораётганидан хавотирда.
Савол: Россия армияси ўз имкониятларини тўла ишга солмаяптими ёки улардаги логистика муаммолари Украинани забт этишга тўсқинлик қилмоқдами? - Жон, АҚШ
Лиз Дюсет ёзади:
Киевда ўтирган кўпчилик рус қўшинларининг пойтахт марказида пайдо бўлишини вақт масаласи деб ўйларди - улар буни соатлар билан ўлчарди. Аммо Украина кучлари бунга қарши курашмоқда ва рус аскарлари ҳамон шаҳар марказидан 30 километр узоқликда экани хабар қилинмоқда.
Кун ўтган сайин Украина чегаралари бўйлаб саф тортган янада кўпроқ жанговар бўлинмалар ва оғир қуроллар барча йўналишларда олдинга силжимоқда, лекин кўпчилик кутган даражада тез эмас.
Бу "режа бўйича кетяптими" ёки йўқлигини айтиш қийин, чунки президент Путиннинг режаси нима эканлигини ҳеч ким билмайди. Аммо рус карвонларида ёқилғи камайгани, рус аскарлари жанг қилиш истагини йўқотгани ва украиналикларнинг қарши жангга киришгани ҳақида хабарлар бор - аскарлар ҳам, тинч аҳоли ҳам. Баъзиларининг ягона қуроли ватанпарварлик кучи холос.
Шиддатли кўча жанглари туманларда, жумладан, иккинчи йирик шаҳар Харьковда ҳам бўляпти. Ва рус қўшинлари олдинга силжиб шимоли-шарқдаги Чернигов ва жанубдаги Мариуполь ва бошқа шаҳарларга ҳужум қилди.

Сурат манбаси, Reuters
Савол: Украина президентининг чақириғи билан қанча хорижлик жангчилар қўшилди? - Жорж Менахери, Керала, Ҳиндистон
Марк Лоуэн ёзади:
Бу ҳали аниқ эмас. Украина президенти хорижликларни "халқаро бригада" деб атаган гуруҳга қўшилишга чақирди, аммо қанчаси бу чақириққа жавоб берганини билмаймиз.
Украинанинг Исроилдаги элчихонаси Facebook да исроилликларни жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун Украинага келишга чақирувчи хабарни жойлаштирди, бироқ у кейинчалик ўчириб ташланди.
Савол: Агар Россия Украинани эгаллаб олишга муваффақ бўлса, кейин нима бўлади? - Нланла, Жанубий Африка
Лиз Дюсет ёзади:
Бу Украина учун экзистенциал савол, бутун дунё учун ҳал қилувчи ва хавфли момент.
Биринчидан, Россия кучлари Европанинг иккинчи йирик давлати, жумладан, Европа ва НАТОга мойиллиги билан машҳур бўлган уч миллионга яқин аҳолиси бор Киев шаҳрини ҳам қўлга киритиши керак бўлади.
Тарих шуни кўрсатадики, ҳарбий тўнтаришлар ва босқинлар телевидение станциялари ва президентлик саройларини эгаллаб олиш орқали амалга ошган. Аммо Украинада бу етарли бўлмайди.
Ғазаб билан қарши ҳужум бошланади ва украиналик исёнчилар тезда кўтарилади. Ёрдам кўп йўналишлардан, кўплаб манбалардан ва турли шаклларда келади. Ишғол муваффақият билан якунланишини тасаввур қилиш қийин. Бу қоронғу соатларнинг энг қоронғуси сифатида тарихга киради.
Савол: Нима учун Россия бир йил олдин, икки йил олдин ёки кейинги йил эмас, балки ҳозир Украинага ҳужум қилишга / бостириб киришга қарор қилганини кимдир биладими? Ҳозир бунга сабаб бўлган "арзирли" омил борми? - Анна, Ҳавайи
Лиз Дюсет ёзади:
Бу муҳим савол ва бизда ҳали ҳаммасига жавоб йўқ. Бу уруш кўпинча Президент Путиннинг уруши деб аталади - бу уруш айнан унинг истаги билан бўлаётганига ишонишади ва у қўшнисини - ўзи ҳеч қачон мавжуд бўлмаган деб ишонган давлатни назорат қилиш учун қанчаликка боришга қодирлигини ва бунга тайёрлигини ҳеч ким билмайди.
Афғонистондан қўшинларини олиб чиққани ва ҳокимиятни Толибон қўлга киритгани ортидан балки Путин АҚШ ва НАТО заифлашиб қолди деган хаёлга боргандир деб кўпчилик савол беради.
Яна кўпчилик, шунингдек, Россия раҳбарининг карантин ва пандемия хавотирларидан кейинги руҳий ҳолати сабаблидир деб ҳам тахмин қилмоқда.
Савол: Дунёда бирор давлат Украинага ёрдам бериш учун ўз қўшинини юборганми? - Томас Огрен, Сан-Луис, АҚШ
Марк Лоуэн ёзади:
Расман эмас. НАТОнинг ҳеч бир аъзоси ўз кучлари ва Россия кучлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув бўлишини истамайди. Масалан, президент Байден Украинада америкалик ҳарбийлар жанг қилмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Лекин у ерда Украина армияси билан яширин ишлаётган хорижликлар бор ёки йўқлигини билмаймиз, айниқса, Украина президентининг хорижликларни келиб ёрдам беришга чақирувидан кейин.
Савол: Русийзабон украиналиклар Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида қандай фикрда? - Ман Чун Сиу, Лондон
Лиз Дюсет ёзади:
Биз 2014 йилдан бери Украинанинг россияпараст бўлгинчилар назоратида бўлган шарқида бир неча шодиёна саҳналарини кўрдик.
Минтақадан эвакуация қилинган баъзи одамлар Би-би-сига Россия Донецк ва Луганскни тан олганидан хурсанд бўлганини айтди. Аммо бу кайфият қанчалик эканини тасаввур қилиш қийин.
Охирги саккиз йил ичида бу ҳудудлар аҳолисининг ҳаёти анча оғирлашди - улар ўз оилаларидан узилиб қолди, ҳатто пенсиялардан ҳам маҳрум бўлишди.
Русча гапириш россияпарастлик дегани эмас. Кўпчилик украиналиклар иккала тилда ҳам гаплашади, жумладан, президент Зеленский ҳам.

Сурат манбаси, Reuters
Савол: Нима учун АҚШ ва Европа Иттифоқи санкцияларнинг ўзи Путинни тўхтата олади, деб ҳисоблайди? - Арагорн, Лондон
Лиз Дюсет ёзади:
Украинага қилиб келинган таҳдидлар, энди эса унга қарши уруш дунёни ларзага солди. Сўнгги кунларда биз бутун дунё мамлакатлари ва ташкилотлари томонидан санкциялар, чекловлар ва мисли кўрилмаган чораларнинг секин, лекин барқарор равишда кучайтирилаётганига гувоҳ бўляпмиз.
Россия Украинага бостириб киргач, санкцияларнинг биринчи босқичи бирин-кетин кучга кира бошлади. Украиналиклар уларни мамнуният билан кутиб олишди, лекин улар шунчаки етарли эмас, деб ҳам танқид қилинди. Ҳақиқатан ҳам, улар президент Путиннинг фикрини ўзгартирмади.
Энди Ғарб Россиянинг Украинани босиб олишга қарор қилганини англаб етди. Баъзи санкциялар кучга кириши учун ҳафталар ёки ҳатто ойлар керак бўлади, лекин баъзилари аллақачон Россия валютаси, акциялари, бой олигархларнинг бойликлари ва, афсуски, энг камбағалларнинг ҳаётига зарба бермоқда.
Савол: Россия авиациясининг устунлигини ҳисобга олган ҳолда, ваъда қилинган қурол-яроғлар фронтга қандай етиб боради? - Энди Шеридан
Марк Лоуэн ёзади:
Буларнинг барчаси Украинанинг ғарбий чегараси, асосан Польша орқали ўтади. Ҳарбий учоқлар бу ерга ҳатто АҚШ ва Канададан келади, кейин эса, қисман Россия авиацияси таҳдиди туфайли чегарадан автотранспортларда ўтиб кетади.
Украина ҳаво ҳудуди фуқаролик парвозлари учун ёпиқлигича қолмоқда. Ҳарбий ёрдамнинг бир қисми бу ерга, Польшага поездда, шу жумладан, Чехиядан келади.
Бу Украина армияси захираларини тўлдириш учун катта логистика операциясидир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















