Ўзбекистон: Президент муддатини узайтириш таклифи кимдан чиқди? Видео O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

1 август куни Ўзбекистонда Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳаси бўйича таклифлар қабул қилиш тўхтатилди. Унга кимлар ўзгартириш таклиф қилди? Бу жараён чиндан ҳам халқ хоҳиши билан бўлаяптими?
Президент муддатини узайтириш таклифи айнан кимдан чиқди? Умуман, Конституцияни ўзгартириш жараёнининг асл мақсади президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳукуматдаги муддатини узайтиришми?
Би-би-си журналисти Ибрат Сафо шу мавзу атрофидаги саволлар билан Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Конституциявий комиссия аъзоси Одилжон Тожиевга мурожаат қилди.

Сурат манбаси, official
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: «Президентлик муддати ноллаштирилади» - Мирзиеёв яна номзодини қўйиши учунми?
- Gazeta.uz дан "ғойиб бўлган мақола" - Конституцион ислоҳот: бизни нимага тайёрлашмоқда? Ўзбекистон, янгиликлар
- Ўзбекистон: Конституцияни ким ва нега ўзгартирмоқчи? Мирзиёв нима истайди? Видео
- Диққат, Ўзбекистон: Конституцияни ўзгартиришдан мақсад нима?
Би-би-си: Одилжон, айтинг-чи, Конституцияга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, бу жараённинг асл мақсади Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳукуматдаги муддатини узайтириш, шундайми?
Одилжон Тожиев: Мен бундай деган бўлмасдим. Сиз бу жараёнларни чуқур кузатган одам сифатида ёки бўлмаса бошқалар ҳам менимча, бу фикрга тўла қўшилмаса керак. Сабаби - акцентни бу ёққа бериш ўйлайманки, шунча қилинаётган жараёнларни худди одам кўзини юмиб олишдек туюлади. Агар очиқча саволингизга очиқча жавоб берадиган бўлсак.
Би-би-си: Президент муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклифи кимдан чиқди? Таклиф муаллифи ким?
Одилжон Тожиев: Келинг, сал бошроғига қайтайлик. Бу ташаббус, Конституциявий ислоҳотлар қаердан бошланди? Кейин саволингизга жавобга олиб келаман. Ҳаммамиз биламизки, ўтган йили Ўзбекистонда президентликка сайлов жараёнлари бўлиб ўтди. Унда бешта сиёсий партиянинг номзодлари ва уларнинг ишончли вакиллари ўзларининг тарғибот тадбирларини ўтказди.
Шу тадбирларда кўплаб фуқаролардан айнан конституцияга ўзгартириш киритиладиган масалалар кўтарилди. Конституцияга шуни киритиш керак деган гап демоқчи эмасман, конституция даражасига олиб чиқиш керак бўладиган кўплаб масалалар кўтарилганини кўришимиз мумкин.
Масалан, Ўз ЛиДеп партиясида ҳам, Миллий тикланиш демократик партиясида ҳам, жонли эфирлардаги дебатларда ҳам ўзимиз ҳам кузатдик. Мана шу жараёнлар ўз-ўзидан уланиб келиб, конституциявий ислоҳотларга сабабчи бўлди, деб ўйлайман.
Жорий йилда 16 май куни 2 та етакчи партиянинг Олий мажлис қонунчилик палатасидаги фракциялари бир ёқадан бош чиқариб, бир тўхтамга келиб, катта масалани биргалашиб олиб чиқиш масаласига тўхталишди. 17 май куни қўшма йиғилиш қилиб, мазкур ташаббусни олиб чиқишди. Яъни, 1 йил олдин сайловчилардан, Ўзбекистон халқидан кўтарилган масалани Конституция даражасига олиб чиқиш ва сиёсий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини белгилаш масаласини илгари суришди. Бунда мен Миллий тикланиш демократик партияси фракциясини аъзоси сифатида шу ташаббусни ичида ҳам бўлдим.
Ушбу қўшма ташаббус Олий мажлис сенати ва Қонунчилик палатасининг кенгашлари ваколати доирасидаги иш эди. Кенгашлар тўпланиб иккита партиянинг ташаббусини қўллаб-қувватлашди ва яхши стратегия белгиланди. Яъни, Конституцияни асослантираяпсизлар, бу халқни иродасидан келиб чиқиб олиб чиқаяпмиз деб айтаяпсизлар деб, фракцияларга мурожаат қилинди.
Стратегия шундан иборат бўлдики, мазкур масалаларни халқ билан таклифларини инобатга олишимиз керак деган гап айтилди ва қисқа қилиб айтганда, Конституциявий комиссия тузилди. Комиссиянинг олдига вазифалар белгилаб берилди. Низоми бор, низом доирасида ишлади. 1 ой давомида амалдаги конституциямизга халқдан таклифларни (бир йил олдин таклифлар тушгандию ўша таклифларни) бутун халқдан олиш вазифаси юкланди.
Би-би-си: Узр, гапингизни шу ерда бўламан. Таклифлар кимдан келди деб аниқ инсонни, муаллифини сўрадим. "Менинг конституциям" порталида ўқувчиларга ёрдам сифатида яхши маълумот берилган. Бу ерда энг кўп овоз тўплаган таклифлар рўйхати берилибди - 24 та таклиф.
Масалан, Жавоҳир Рўзиқулов деган шахсдан келган таклиф - «Давлат ва жамият болалар ҳамда ёшларда азалий миллий анъаналарга ва умуминсоний қадриятларга садоқат, буюк аждодларимизнинг бой маданий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилишни Конституцияда мустаҳкамлаш». Бу таклифни 1178 киши қўллаб-қувватлабди. Бу ерда судлар, ҳуқуқлар, маҳаллалар ҳақида ҳам турли таклифлар бор. Лекин айнан Президент муддатини узайтириш бўйича таклиф булар орасида йўқ. Энг кўп овоз олган таклифлар орасида йўқ. Ҳеч ким қўллаб-қувватламадими бу таклифни?

Сурат манбаси, Skreenshot
Одилжон Тожиев: Раҳмат, тўғри урғу бераяпсиз. Биз балки мазкур масалани кенг жамоатчиликка етказиб бера олмаётгандирмиз, деб ўйлайман. Сабаби таклифларни жамлашга, бояги хронологияни давом эттираман, турли шаклларни бердик. Улардан биттаси «Менинг конституциям» платформаси. Унда фуқароларимиз рўйхатдан ўтиб, бемалол таклифини қўйиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Телеграм-бот қилдик, 1 ой давомида ишлади. 1341 рақамли колл-марказ ишга тушди, унда 50 га яқин операторлар ишнинг ҳажмига қараб ўсиб-камайиб борди. Шу билан бирга яна анъанавий шакллар ҳам бор: фуқаролар ёзма равишда таклифларини йўллаши мумкин, фуқаролар таклифини маҳаллий кенгаш депутатлари, маҳалла раисларига келиб етказишса, уларни ҳам оладиган бўлдик.
Яъни, фақат «Менинг конституциям» платформасига эмас, шу айтилган турли шаклларга келиб тушди. Динамикани ҳам айтишим мумкин: колл-марказга жудаям катта ҳажмдаги таклифлар келиб тушди. Ёки Телеграм ботга ҳам.
Би-би-си: Уларнинг қанчаси Президентлик муддати узайтирилсин, деган таклифлар эди? Шунинг сони борми?
Одилжон Тожиев: Мен аниқ рақамини айта оламан. Умумхалқ муҳокамасига чиққан пайтда, яъни 1 ойлик муддатда 5000 атрофида мазкур модда бўйича ва аксарияти амалдаги президентимизни ислоҳотларини давом эттириш тарафдорлиги, у ёки бу шаклда берилган. Айнан «мана шунақа қилиб киритилсин» демаган бўлиши ҳам мумкин. Унинг учун шу нормага мослаштирадиган бизнинг гуруҳларимиз ишлайди. 5000 атрофидаги таклифлар билан умумхалқ муҳокамасига кириб келдик. Шунинг учунгина бу норма конституциянинг қонун лойиҳасига киритилган.
Би-би-си: Бу давлат сиёсатидаги, давлат ҳаётидаги ўта катта ва ўта муҳим ўзгариш бўладиган - агар Президентлик муддати узайтирилса. Наҳотки, битта шу таклифни берган одамни исми-шарифи билан муаллифлигини ҳурмат қилиб ўша ерга қўйишнинг иложи йўқ эди. Масалан, "Менинг конституциям"га, ёки бошқа порталларга, чунки у инсоннинг ўзи кейин изоҳлаб бериши керак эди-да, у нега айнан президентлик муддатини узайтирилишини хоҳлайди. Масалан, сиз биласизми, нима учун узайтирилиши керак? Қандай изоҳлашади буни? Халқнинг иродаси бўлган, дедингиз. Халқ сизга мурожаат қилганми ва буни қандай изоҳлаган?
Одилжон Тожиев: Мен Конституциявий комиссиянинг аъзосиман ҳамда Конституциявий комиссия матбуот хизматининг раҳбарлиги менга юклатилган. Мазкур таклифлар ҳаммаси умумлаштирилгани таҳлил қилиш жараёнларида бевосита қатнашаман. Шу кунларда ҳам бизнинг ассистентларимиз ҳар битта таклиф берган фуқаро билан гаплашиб, рози бўлса интервьюлар беришга ҳам чорловлар қилаяпмиз. Ва бу нарса доимо давом этиб келди. Маҳаллий телеканалларда ҳам, марказий телеканалларда ҳам, босма нашрларда ҳам ва интернетда ҳам бу нарсалар кўп бўлди.
Мен бир мисолни айтишим мумкин. Чалғимаслик учун кунини аниқ айтмайман. Хотирам панд бермаса, май ойининг охирларида эди, интернетда жуда катта муҳокама ва талқинларга олиб келди: кўплар қўллаб-қувватлаган ва ёшларни атрофига тўплаган битта видео чиқди. Сирдарё вилоятида бир маҳалладаги бир ёш ўзининг атрофига ёшларни ҳам тўплашган. Нопрофессионал, ўз телефонларида олишган. Сизда шу савол туғилгани учун шу видеони кўришингизни тавсия қиламан.
Шу видеода колл-марказга қўнғироқ қилиб, айнан шу мазкур масалага, яъни Президентлик муддатини узайтириш, бунинг учун, ёшлар нуқтаи назаридан айтилган, ёшларга яратилаётган шароитларни охиригача етказиш учун амалдаги президентни муддатлари узоқроқ бўлиши ва қайта сайланиш учун уларда яна имконият бўлиши масаласини кўтараман деган видеолар чиқди. Улар очиқ, интернетда турибди.
Би-би-си: Уларни кўрдик. Лекин гап шундаки, бу видеолар расмий муҳокамалар бошланганидан кейин чиқди. Олдин синхрон шаклда халқнинг орасидан бундай видеолар чиқмаган. Ўзимиз ҳам халқ ичида юрганмиз, Парламент сайловларидан ҳам олдин турли ҳудудларга борганмиз. Ва ўзингиз депутатсиз - одамлар билан учрашганингизда қандай мурожаатлар бўлишини биласиз. Паркентдан сайлангансиз, ўзингизга мурожаатлар бўлганми? Ҳали бу муҳокамалар бошланмасидан олдин, сизга кимдир келиб Одилжон, президент муддатини узайтиришимиз керак. Бўлмаса, бўлмайди, деб айтганми?
Одилжон Тожиев: Биласизми, нафақат Паркент, балки Юқори Чирчиқ ҳам. Ҳар доим чиқиб сайловчиларим билан учрашувлар ўтказаман. Мазкур масалада ҳам таклифлар ёки фикр-мулоҳазалар бўлган. Албатта, бўлган. Мен исм-шарифини ҳам ошкор қилишим мумкин. Тортинмасдан айта оламан. Бу демократик давлат, сўз эркинлиги бор. Кимдир, ундай дейди, кимдир йўқ бундай деб қарама-қарши фикр айтиши мумкин. Шахсан мен у фикргаям, бу фикргаям тўқнаш келганман. Буни яширмасдан айтаман.
Би-би-си: Конституциявий суд раиси Акмал Саидов ўзининг илк чиқишларидан бирида, муҳокамаларнинг бошида айтдики, 1992 йилги конституция ўзининг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланмади, имкониятларини тўлиқ бажармади. Унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак, деб айтди. Шунингдек, Саидов жаноблари айтганидан кейин Парламентнинг веб-сайтида комиссия конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларини амалга ошириш комиссияси сифатида ҳам белгиланган. Гап амалдаги Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида кетаяптими, ёки янгисини қабул қилиш ва шунга мос равишда амалдаги Конституциянинг амалдаги таҳрири кучини йўқотиши ҳақида бораяптими? Яъни, буткул янги Конституция бўладими?
Одилжон Тожиев: Бундай саволларга кўп тўқнаш келаяпмиз. Иложи борича матбуот хизмати сифатида буни ҳам етказишга ҳаракат қилаяпмиз, лекин шу саволлар ҳалиям бор. Гап амалдаги конституцияни такомиллаштириш: ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида кетаяпти.
Янги Конституция бўлмайди, амалдаги Конституция такомиллаштирилган даражага олиб келинади.
Яна бир фикрни айтмоқчиман, регламент бўйича ўзининг босқичлари бор. Бу ҳақда кейинроқ яна гаплашсак керак. Агар шу конституциямиз референдум бўлиб қабул қилинса, 1992 йилда қабул қилинган - бу йил 30 йиллиги нишонланадиган Конституция бўлиб қолади. Ёши ноллаштирилмайди.

Сурат манбаси, official
Би-би-си: Тушунарли. Лекин сизнинг гапингизга зид равишда июнда Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев бошқа гапни айтди. У айтдики, янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги Конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради, деди.
Яъни у амалдаги президентнинг муддатлари ўз навбатида ноллаштирилишини назарда тутди ва янги Конституция бўйича у яна иккита етти йиллик муддатга сайланиши мумкинлиги ва бунга номзодини қўйиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Яъни у Янги Конституция, янги ҳуқуқий фазо, янги ҳуқуқий муҳит ҳақида гапираяпти.
Бу сиз айтган гапларингизга зид эмасми?
Одилжон Тожиев: Мен Конституциявий комиссиянинг аъзоси сифатида, Қонунчилик палатасининг вакили сифатида ва амалдаги Қонунчилик палатаси томонидан олдимизга қўйилган режа сифатида айтаманки, ҳозирги гапимда мустаҳкам тураман. Яъни, янги Конституция бўлмайди, амалдаги конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Юқорида айтилган интервьюга тўғриси, шарҳ бергим йўқ.
Би-би-си: Сиз комиссия аъзосиз, сизнингча-чи? Янги Конституция ёки Конституция ўзгарганда Президентнинг муддатлари ноллаштириладими?
Одилжон Тожиев: Конституциямизнинг ҳозирги босқичида 1 августда умумхалқ муҳокамасидан ўтди. Конституцияга комиссия ишлаётган пайтда - бир ойлик муддатда 63 мингта таклифлар келиб тушганди. Умумхалқ муҳокамасида эса 150505 та таклиф келиб тушди. Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталарининг йиғилиши бўлди. Таклифларни нормага олиб чиқиш масаласи устида ишланаяпти.
Навбатдаги босқич - Қонунчилик палатасининг йиғилишида референдумга олиб чиқиш масаласи кўриб чиқилади. Қарорни Қонунчилик палатаси қабул қилади. Шахсан мен айта олмайман, лекин Конституцияни комиссия пайтида ишланган лойиҳасида ҳам, умумхалқ муҳокамасида чиққан лойиҳасида ҳам, 90-модда таҳрирда турибди. Яъни, шу тартибда қабул қилинса, шунга қараб боради.

Сурат манбаси, Reuters
Би-би-си: Референдум қачон бўлади, деб ўйлайсиз?
Одилжон Тожиев: Биласизми, референдум бўлишига старт берилганидан кейин бир ярим-икки ой вақат талаб қилинади. Қонунчиликда ҳам шунақа.
Референдумнинг қачонга белгиланиши ташкилий масалаларда Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига, ҳозирги иккита қўмитани фаолиятини самарадорлигига боғлиқ. 150 мингта таклифларни нормалаштириб, Қонунчилик палатасига тайёр ҳолатда етказиб берганига боғлиқ.
Конституциявий комиссиянинг ички гуруҳлари (йиғма ахборот гуруҳи ва таклифларни умумлаштириш гуруҳи) қўмиталарга ёрдамчи орган сифатида ёрдам бераяпти. Биргалашиб Конституциямизни ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб, такомиллаштиришга етказганимиздан кейин буни Қонунчилик палатаси белгилайди.
Белгиланганидан кейин бир ярим-икки ой вақат талаб қилинади.
Ўйлайманки, Қонунчилик палатасининг иккита қўмитаси, 30 га яқин депутатлар ва ишчи гуруҳлар билан биргалашиб 2-3 хафта ичида такомиллаштиришга етказиб қўйилса керак.
Жудаям қизғин жараёнлар бўлаяпти, катта тажриба, хорижий давлатларга ҳам бориб кўриб келдик. Хамкасбларимиз ҳам сафарларга бориб кўришаяпти.
Кўп давлатларда Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ўзининг андозаси бор. Бизнинг андозамиз шунда бўлдики, халқ таклифларини инобатга олиш. Ҳозир урғуни битта ё иккита моддага бериш эмас, бу ерда келаётган таклифларни ичига кирса, ҳақиқатдан ҳм Конституциямизни ўзгартиришга эҳтиёж борлигини кўриш мумкин.
Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз, веб-сайтимизни кузатиб боришни тавсия қилардим. Унда албатта, фуқаролардан келган таклифларни ўзларининг розиликлари билан чиқариб бораяпмиз. Шунда кўпчилик, ўқиган одамлар ҳам бунга ишонч ҳосил қилиши мумкин бўлади.
Би-би-си: Охирги саволим: хорижий сафарларга ҳам чиқаяпмиз, дедингиз. 90-модда - Президентлик муддатини узайтиришни тилга олсам. Конституция ислоҳотлар орқали Президентлик муддатини узайтиришни хорижий тажрибада кўрганмисиз? Ўзингиз қайси давлатникини андоза қилиб олса бўлади, деб ўйладингиз?
Одилжон Тожиев: Хорижий тажрибага келадиган бўлсак, мен мазкур ислоҳотлар бўйича Араб давлатларига хизмат сафари билан бордим. У ерда давлат бошқаруви шакли бошқачароқ. Шунинг учун бундай модда ё норма у ерда йўқ. Лекин албатта биламан, кўплаб давлатларда давлат бошқаруви шакли демократик бўлган кўплаб давлатлар бу жараённи бошидан ўтказган. Кўплаб мисол келтиришимиз мумкин, Ғарб давлатларида ҳам…
Би-би-си: Қайси давлатлари?
Одилжон Тожиев: …Россияда ҳам.
Би-би-си: Россия, тўғри.
Одилжон Тожиев: АҚШда ҳам бўлган бошларида, уни биламиз. Ёки бошқа кўплаб давлатларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Буни Гугл ҳам билади.
Би-би-си: Яъни Президентни ҳукуматда бўлиб ўтган, ўтаган муддатини ноллаштириш орқали яна сайланиши АҚШда бўлган, деяяпсиз?
Одилжон Тожиев: Йўқ-йўқ, бу мисолмас. Муддатнинг қўшиб берилиши масаласи бўйича демоқчиман.
Би-би-си: Тушунарли. Суҳбатингиз учун катта раҳмат!
Мазкур суҳбатни видео шаклида кўриш:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















