Gazeta.uz дан "ғойиб бўлган мақола" - Конституцион ислоҳот: бизни нимага тайёрлашмоқда? Ўзбекистон, янгиликлар

Конституция

Сурат манбаси, Social media

Ўқилиш вақти: 8 дақ

Ўзбекистон матбуоти, айниқса мустақил нашрларида мақолаларнинг "ғойиб бўлиши" ноодатий ҳолат эмас. Газета.уз даги манбамизнинга айтишича, биз кўчириб босаётган мақола учун таҳририятга босим кўрсатилган. Газета.уз мақолани олиб ташлашга мажбур бўлган. Би-би-си ўзи ёритаётган мавзулар юзасидан барча томонларнинг фикр-мулоҳазалари учун очиқлигини таъкидлайди. "Ғойиб бўлган" мақолани кўчириб босар эканмиз, муаллифнинг фикри таҳририят қарашини ифода этмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз.

Ўзбекона

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Конституцион ислоҳот: бизни нимага тайёрлашмоқда?

Ҳокимларнинг сайланиши, ҳокимият алмашуви, ҳокимият тармоқларининг ўзаро ҳақиқий тийиб туриши ва мувозанати - Конституцияга киритилажак ўзгартиришларнинг якуний матнида нималар бўлиши мумкин? Ўзгаришлар шахсларга эмас, балки ишлайдиган интститутларга асосланган тизимга ўтиш имконини бериши керак, деб ёзади Комил Жалилов.

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот кейинги босқичга ўтмоқда - Конституциявий комиссиянинг парламент Қонунчилик палатасига таклиф киритгани эълон қилинди.

Бироқ, таклифлар матни ҳали эълон қилинмаган — махсус яратилган порталга юборилган 50 мингдан ортиқ таклифдан (22 июнь куни эрталаб 51 912 та таклиф) қайси бири комиссия томонидан қабул қилингани ва айнан нима сабабдан қабул қилингани маълум эмас. баъзилари қабул қилинди, бошқалари эса рад этилди. Порталнинг ишлаш принципи ва унинг функционаллигини, масаланинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, такомиллаштириш мумкин эди. Масалан, мен Конституциянинг айрим моддаларига ўзгартириш киритиш бўйича таклифларимни 3 июнь куни юборганман, лекин таклифларим модераторликдан ўтканми, эълон қилинганми, ўтмаган бўлса, сабаби нима, ҳеч қандай билдиришнома олмадим.

Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоевнинг янги Конституция қабул қилинган тақдирда амалдаги давлат раҳбарининг ваколатларини ноллаштириш ҳақидаги баёноти ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Балки бу гап қандайдир «i»га нуқта қўйгандир, лекин янги саволларни ҳам туғдирди.

Биринчидан, парламент палаталарининг қўшма мажлисида сўзга чиққан Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов "1992 йилги Конституция ўз имкониятларини тўлиқ бажармагани" ва унга "ўзгартириш ва қўшимчалар" киритилишини айтди. Парламентнинг расмий веб-сайтида комиссия "Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш комиссияси" сифатида ҳам белгиланган.

Шундай қилиб, гап амалдаги Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки янги Асосий қонунни қабул қилиш ва мос равишда, Конституциянинг амалдаги таҳрири кучини йўқотиши ҳақида бормоқдами?

Содиқ Сафоев

Иккинчидан, Содиқ Сафоев айтган фикр шахсий фикрми ёки қонуний асосли хулосами? Ҳамма нарсани нолдан бошлаш имконини берувчи "янги ҳуқуқий макон" ҳақидаги фикр нимага асосланади? Шундай вазиятни тасаввур қилайлик: бир киши бир марта бепул олий таълим олиш ҳуқуқига эга (барча кейингилари фақат пуллик асосда). Олий ўқув юртларига қабул қилиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ушбу ҳуқуқдан фойдаланган шахсга, агар қоидаларнинг янги таҳририда ушбу чеклов олиб ташланмаса, давлат ҳисобидан қайта ўқишга рухсат бермайди.

Бошқа ҳолат. СССР парчаланганидан кейин ҳуқуқий соҳа тўлиқ янгиланди - давлатнинг шаклланиши ва номигача, аммо бу СССР даврида ишлаган фуқароларнинг иш стажини ноллаштириб қўйгани йўқ ва улар Ўзбекистон республикада пенсия олишда давом этмоқдалар.

1992 йилда суверен Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганидан буён унга 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, бу ўзгаришларнинг ярмидан кўпи 2016 йилдан кейин киритилган. Ҳуқуқий майдон 15 марта янгиланган деб айта оламизми?

Учинчидан, Содиқ Сафоев "вазият кундан-кунга мураккаблашиб бораётган" "ўта хавфли дунё" ҳақида гапириб, бошланган ислоҳотларни якунлаш зарурати ҳақида таъкидлади.

Менимча, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар шахсларга асосланган тизимдан институтларга асосланган тизимга ўтиш имконини бериши керак. Мен аллақачон ёзган назорат ва мувозанат тамойиллари ўрнатилиши ва ҳокимиятнинг ўзгариши, шахслардан қатъи назар, тизимнинг барқарорлигига пойдевор қўйиш, давлат сиёсатини амалга оширишда изчиллик ва узлуксизликни таъминлаш имконини беради.

Зеро, ҳокимиятнинг ҳар бир тармоғи бир-бирини назорат қиладиган ва уни ҳар қандай субъектив қарорлар қабул қилишдан тийиб туриш учун етарли ваколатга эга бўлган тизимда янги шахснинг ислоҳотларни четлаб ўтиши ёки орқага қайтариши қийин бўлади. Муайян шахснинг кетиши билан ҳамма нарса барбод бўлади, деб қўрқувга тушсак, давлат институтларининг барқарорлиги ҳақида гапириш мумкинми?

Конституцияда ички зиддиятлар бўлмаслиги учун унинг матнига киритилган барча ўзгаришларни чуқур ҳуқуқий таҳлил қилиш зарур. Масалан, баъзи экспертларнинг фикрига кўра, Россия Конституцияси 2020 йилги тузатишлардан кейин шундай бўлиб қолган. Шунингдек, тавтологиядан - Конституцияда мавжуд бўлган нормаларни такрорлашдан ёки уларнинг ёмонлашуви олдини олиш керак.

Масалан, Конституцияда ҳар бир фуқаронинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини акс эттириш таклифини олайлик. Амалдаги Конституциянинг 29-моддаси ҳар кимга ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлайди, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонунда назарда тутилган бошқа чекловлар бундан мустасно. Замонавий дунёда маълумотни кўп жиҳатдан олиш ва тарқатиш мумкин - оғзаки, почта, замонавий алоқа технологиялари, интернет орқали. Конституцияда ахборотни олиш ва узатишнинг барча мумкин бўлган усуллари санаб ўтиладими?

Яна бир таклиф берилди - Конституциямизда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити кафолатлари, хўжалик фаолиятида инсофсиз рақобат ва монополлашув олдини олиш тўғрисидаги нормани мустаҳкамлаб қўйишдир. Ҳа, эҳтимол, бу таклиф истеъмолчиларнинг монополиядан чарчаганини акс эттирар, аммо Конституциянинг 53-моддасида истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини, мулкчиликнинг барча шаклларининг тенглиги ва ҳуқуқий ҳимоясини ҳисобга олган ҳолда давлат аллақачон иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат эркинлигини кафолатлаган. Эҳтимол, амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларни Конституцияга мувофиқлиги қайта кўриб чиқилиши керакдир?

Ҳаракат эркинлиги ва яшаш жойини танлаш, мамлакатга тўсиқсиз кириш ва чиқиш бўйича таклифлар ҳам бор. Конституциянинг 28-моддасида эркин ҳаракатланиш кафолатланган, 36-моддасида эса мулк ҳуқуқи кафолатланган. Конституцияда бу ҳуқуқлар, шунингдек, орзу қилинган «рўйхат»га киритилмаган (дарвоқе, қонун билан тасдиқланган эди у) фуқаролар пойтахт ва пойтахт қилояти ҳудудида яшаш, ишлаш ва кўчмас мулкка эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилганда ҳам кафолатланган эди.

Хусусий мулк ва уй-жой дахлсизлигини таъминлаш бўйича таклифларни олайлик. 25 ва 27-моддаларда шахс ва уй-жой дахлсизлиги кафолатланган бўлса, 57-моддада хусусий мулк дахлсизлиги ва унинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши кафолатланган. Агар Конституцияда суднинг шахсни кўчмас мулкдан маҳрум қилиш ҳуқуқи белгиланса (товон эвазига бўлса ҳам), бу хусусий мулк дахлсизлиги тўғрисидаги қоидага зид бўлмайдими? Қайси бири устувор бўлади: хусусий мулк дахлсизлиги ва уни давлат томонидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги конституциявий нормами ёки суднинг шахсни кўчмас мулкдан маҳрум қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги конституциявий нормами?

Ўқитувчилар фаолиятига аралашувни конституциявий тақиқлаш бўйича таклифлар ҳам бор. 27-модда ҳар кимнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатлайди, 37-модда эса адолатли меҳнат шароитларини кафолатлайди. Конституцияда айтайлик, фермерлар, умумий овқатланиш ёки савдо ходимлари эмас, балки ўқитувчилар ҳақида алоҳида эслатиб ўтишга нима эҳтиёж бор?

Умуман олганда, амалдаги таҳрирда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари: яшаш ҳуқуқи, эркинлик, жумладан, ҳаракатланиш, фикрлаш, сўз, эътиқод, виждон, шахсий дахлсизлик, уй-жой ва хусусий мулк дахлсизлиги кабилар ўз ифодасини топган. Асосий қонун айбсизлик презумпциясини, шаън ва қадр-қимматга тажовузлардан, шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқини, шунингдек, уюшмалар, митинглар, йиғилишлар эркинлиги каби сиёсий ҳуқуқларни кафолатлайди.

Аммо кўпинча амалда бу эркинликлар Конституциядаги "қонун билан белгиланган чекловлар бундан мустасно" деган сўзлардан фойдаланган ҳолда бошқа қонун ҳужжатлари ёки қонуности ҳужжатлари билан чекланади. Конституция матнидаги бундай сўзлар ўрнига ҳуқуқ ва эркинликлар чекланиши мумкин бўлган ҳолатларни кўрсатишни таклиф қиламан.

Масалан:

"Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш, Ўзбекистон Республикасига кириш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Эркин ҳаракатланишни қуйидаги ҳолатларда чеклаш мумкин: 1) барча ёки айрим тоифадаги фуқароларга нисбатан - ҳарбий ёки фавқулодда ҳолат даврида Конституциявий суд билан келишилган ҳолда Олий Мажлис томонидан; 2) жисмоний шахсга нисбатан — суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини (ҳукмини) ижро этиш мақсадида» (28-модда).

"Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, урушни, давлат тузумини зўравонлик билан ўзгартиришни, шунингдек, айрим тоифадаги шахс ёки шахсларга нисбатан зўравонликни тарғиб қилувчи маълумотлар бундан мустасно. Жамоат жойларига жойлаштириш ёки оммавий ахборот воситаларида эфирга узатиш йўли билан оммавий тарқатилиши (чекланмаган миқдордаги шахслар эътиборига ҳавола этилиши) тақиқланган ахборот тоифалари қонун билан белгиланади" (29-модда).

"Фуқаролар ўз жамоат фаолиятини митинглар, йиғилишлар, намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга. Давлат ҳокимияти органлари бундай тадбирларни фақат Олий Мажлис томонидан эълон қилинган ҳарбий ёки фавқулодда ҳолат вақтида тўхтатиб туриш ёки тақиқлашга ҳақли" (33-модда).

"Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига бирлашиш, оммавий ҳаракатларда қатнашиш ҳуқуқига эга. Давлат органлари партиялар, касаба уюшмалари, нотижорат ташкилотлари ва бошқа жамоат ташкилотларини, агар уларнинг фаолияти конституциявий тузумни мажбуран ўзгартиришга, фуқароларнинг айрим тоифаларига қарши, уруш ёки нафрат уйғотишга қаратилган бўлмаса, уларни рўйхатга олишнинг оғир қоидаларини белгилаши, шунингдек уларни рўйхатга олишни рад этиши мумкин эмас. Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимият вакиллик органларида мухолиф озчиликни ташкил этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматига ҳеч ким тажовуз қила олмайди" (34-модда).

"Ҳар ким меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, адолатли меҳнат шароитлари ва яшаш учун энг кам бўлмаган иш ҳақи олиш, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Мажбурий меҳнат тақиқланади, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан ҳукмни ижро этишдан ташқари" (37-модда).

Иқтисодчи олим Беҳзод Ҳошимов Конституцияга киритилган ўзгартиришлар ҳақида фикр билдирар экан, ҳар қандай давлатнинг асосий қонуни сифатидаги Конституциянинг мақсади давлатни алоҳида шахс истибдодидан ҳимоя қилиш, озчиликни эса кўпчилик зулмидан ҳимоя қилишдан иборат, дейди. Шу нуқтаи назардан, ҳокимиятлар бўлиниши ва вакиллик демократияси бу зулмларга қарши ҳимоя вазифасини ўтайди. Менимча, Конституцияга асосий ўзгартиришлар айнан шу йўналишда зарур.

Шарл Луи Монтескьё таърифлаган ҳокимиятнинг учта тармоғининг классик моделига кўра, "деярли доим тезкор ҳаракатни талаб қиладиган ижро этувчи ҳокимиятни кўпчиликдан кўра биттаси яхшироқ амалга оширади, аксинча, қонун чиқарувчи ҳокимиятга боғлиқ бўлган барча нарса кўпинча биттадан кўра кўпчилик томонидан яхшироқ тартибга солинади." Конституциянинг 11-моддасида ҳокимиятнинг уч тармоғини ажратишга асосланган давлат ҳокимияти тизими белгиланган. Ушбу модель «давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди»ган ҳокимиятнинг бошқа тармоғи мавжудлигини назарда тутадими (89-модда)? Президент тимсолида ана шу уч тармоқдан ташқарида шундай органнинг бўлиши бошқа тармоқларнинг мустақиллигига зарар бермайдими? 1992 йилги Конституциянинг асл нусхасида бўлганидек, президентнинг давлат ва ижро ҳокимияти бошлиғи мақомини қайтариш зарур, деб ўйлайман:

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасида давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғидир" (89-модда).

Ҳокимият ворислиги тамойилини мустаҳкамлаш ва турли талқинларга йўл қўймаслик мақсадида 90-модданинг биринчи қисмидаги «сурункасига» деган сўзни ҳам чиқариб ташлашни ва шу модданинг ўзида Конституцияга киритилган ўзгартиришлар давлат раҳбарининг муддатларини ноллаштирмайди, деб киритишни таклиф қиламан.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган ва етмиш беш ёшдан катта бўлмаган, давлат тилини биладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар муддатлар сони бўйича чекловларни четлаб ўтиш учун асос бўла олмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколат муддати умумхалқ референдуми орқали узайтирилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари, шунингдек фуқароларнинг ўзлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш (ўзини ўзи кўрсатиш) ҳуқуқига эга. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонуни билан белгиланади".

Сайловгача мамлакатда доимий яшаганлик бўйича чекловларнинг олиб ташланиши, шунингдек, фуқароларга давлат раҳбари лавозимига номзод кўрсатиш (ўзини ўзи кўрсатиш) ҳуқуқи берилиши ДИИҲБ тавсияларини бажариш имконини беради. Сайловни кузатиш миссияси ва сайловларда ҳақиқий рақобатни таъминлаш, унинг йўқлиги ҳақида миссиянинг 2021 йилги сайловлардан кейинги якуний ҳисоботида кўрсатилган.

Давлат раҳбари муайян шартлар асосида парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга эканлигини (95-модда) инобатга олиб, ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тамойилини таъминлаш мақсадида парламентнинг давлат раҳбарига импичмент эълон қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги нормани ҳам киритиш зарур.

Ҳудудий миқёсда ҳокимиятларнинг бўлиниши тамойилини таъминлаш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият раҳбарининг функцияларини ажратиш зарур («ҳоким» атамасидан воз кечиш керакдир балки, чунки ўзбек тилида бу сўз кўпинча чексиз ваколатга эгаликка ишора қилади) ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият раҳбарларининг қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг юқори палатаси — Сенатга сайланиши, парламент ёки маҳаллий Кенгаш депутати бўлиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида лавозимни эгаллаш, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тижорат корхоналарининг якуний фойда олувчиси бўлиш имконияти истисно этилиши керак.

Маҳаллий ижроия ҳокимияти раҳбари сайланиши (маҳаллий аҳоли томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан икки муддатдан кўп бўлмаган муддатга сайланади) тартибини жорий қилишни таклиф қиламан. Президент маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарлари сайловига ўтиш зарурлиги ҳақида бир неча бор гапирган эди.

Маҳаллий ижроия ҳокимияти раҳбари маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобдор бўлиши ва кенгаш томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ҳудудий ривожланиш сиёсатини амалга ошириши, кенгаш маълум шартларда унга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Ҳудудларни «тармоқларга» бўлиш амалиётини, менимча, бекор қилиш керак, чунки бу Конституциянинг 120-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган прокуратуранинг мустақиллигини бекор қилади, шунингдек, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан уларнинг ўз функцияларини холисона бажаришига тўсқинлик қилади.

2 ва 7-моддалар (демократия) қоидаларини тўлиқ амалга ошириш учун сенаторларга (улар Сенатда вакиллик қилиши лозим бўлган вилоятлар аҳолиси томонидан сайланадиган) тўғридан-тўғри сайловларни жорий этишни ва давлат раҳбари қарори билан сенаторларни тайинлаш амалиётидан воз кечишни таклиф этаман. Шунингдек, депутатлик ва сенаторликка мустақил номзодлар кўрсатиш (ўзини-ўзи кўрсатиш) институтини жорий қилиш керак.

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги жавобгарлиги принципини амалга ошириш мақсадида депутат ёки сенаторнинг сайловчилар томонидан мандатини чақириб олиш институтини жорий этишни таклиф этаман.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчаларни референдум йўли билан қабул қилишни таклиф қилди.

Менимча, референдум "барча тузатишлар тарафдори" ёки "барча тузатишларга қарши" тамойили бўйича партиявий овоз бериш имкониятини эмас, балки тузатишларнинг ҳар бир алоҳида банди бўйича овоз бериш имкониятини бериши керак, чунки партия бўйича овоз бериш имкони йўқ.

Муаллифнинг фикри таҳририят қарашини ифода этмаслиги мумкин.

Комил Жалилов

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

МАВЗУГА АЛОҚАДОР:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост