Янгиланмоқда. Нукус: Қурбонлар ва яраланганлар сони очиқланди, Қорақалпоғистон мақоми ўзгармайди O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон Миллий гвардияси ва Бош прокуратураси илк бор талафотларга оид расмий маълумотларни эълон қилди. Қанча одам ҳибсда эканини айтди. Конституцияда Қорақалпоғистон мақомига оид моддалар ўзгаришсиз қолдирилади. Ўзбекистон Қонунчилик палатаси бир қарорга келди. Нукус воқеалари юзасидан расман жиноят иши қўзғатилди.
Алоқадор мавзулар:
- Президент Мирзиёев Конституциянинг Қорақалпоғистон мақомига оид моддалари ўзгармаслигини билдирди
- Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш таклифи айрим қорақалпоқларни ташвишга солмоқдами? O'zbekiston, yangilik
- Қорақалпоғистонда намойиш бошланди - Ўзбекистон ИИВ баёнот берди
- Gazeta.uz дан "ғойиб бўлган мақола" - Конституцион ислоҳот: бизни нимага тайёрлашмоқда? Ўзбекистон, янгиликлар
Шу соатларда эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Қорақалпоғистондаги 1-2 июль кунги оммавий тартибсизликларда 18 киши қурбон бўлган.
243 нафари турли кўринишдаги тан жароҳатлари олган.
Қурбонлар ва яраланганларнинг шахслари, ораларида аёллар ва болаларнинг бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.
Аммо масъуллар тан жароҳати олганларнинг қирққа яқини ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари эканини айтишмоқда.
Расмий маълумотлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу хусусдаги чиқишидан кун ўтиб эълон қилинаётир.
Шавкат Мирзиёев Нукусда экан, кеча, 3 июль куни "тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари орасида қурбонлар борлиги"ни тасдиқлаган.
Ўзбекистон президенти бу ҳақда "минг афсус" билан билдирган.


Президент Мирзиёевга кўра, Қорақалпоғистондаги намойишларда айрим кимсалар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ҳужум қилишган.
Уларни аёвсиз калтаклашган. Қўриқланадиган ҳудудларга бостириб киришга уринишган.
Инфратузилма объектларига сезиларли даражада зиён етказишган. Ёнғинлар содир этишган.
Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринишган.
Аммо президентнинг бу чиқишидан қурбонлар, яраланганларнинг аниқ сони, бу гуруҳ ва шахсларнинг ким эканликлари тафсилотлари ноаён қолганди.
Бундан аввал Ўзбекистондаги айрим етакчи интернет нашрларнинг ўзлари ҳам Қорақалпоғистондаги воқеаларда ўлганлар ва яраланганлар ҳақида хабарлар борлиги ҳақида ёзишган. Аммо бундан ортиқ тафсилотларга тўхталишмаган.
Айни мазмундаги бошқа хабарлар ҳам президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқишига қадар ўзининг расмий тасдиғини топмай келаётганди.
Нукусдаги оммавий намойиш ташкилотчилари ҳозирча бу хусусда жим.
Аммо жума кунидан бошлаб ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ва Нукусда олингани айтилувчи видеотасвирлар худди шунга ўхшаш ҳолатларга далолат қилмай қолмаганди.
Би-би-си ҳалича расмийлар, масъулларнинг сўнгги кунлардаги баёнотларини мустақил манбалар орқали тасдиқлаб, қиёслай олганича йўқ.
Қорақалпоғистон мақоми ўзгармайди

Сурат манбаси, official
Худди шу манзарада Ўзбекистон Қонунчилик палатаси ҳам ўзининг қарорини эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги Қорақалпоғистон мақомига оид моддалар ўзгармайдиган бўлди.
Қонунчилик палатаси шу соатларда ўзининг навбатдан ташқари ялпи мажлисини ўтказди.
Депутатлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу хусусдаги таклифини маъқуллашди.
Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартиришга оид нормалар Конституциявий қонун лойиҳасидан чиқариладиган бўлди.
Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини яна 10 кунга — 15 июлга қадар узайтириш таклиф қилингани ҳам айтилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2 июль куни кутилмаган ташриф билан Нукусга етиб борган.
Қорақалпоғистон маъмурий марказида экан, Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлаган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан ушбу масалани тез кунларда кўриб чиқишни сўрашини айтганди.
Шавкат Мирзиёевнинг бу сўзлари Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашуви чоғида янграган.
Ўзбекистон президентининг кутилмаган ташрифи Нукусдаги ноқонуний норозилик намойишларидан кун ўтиб кузатилган.
Норозилик чиқишлари акс этган ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеотасвирлардан намойишчиларнинг талаблари ноаён қолган.
Аммо намойишлар олдидан бир гуруҳ шахслар Қорақалпоғистон мақомига оид Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардан норози эканлиги хабар берилганди.
Нукусдаги намойиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Ички ишлар вазирлигининг бугунги қўшма расмий баёнотида ташаббускорлар "иғвогарлар", "бир гуруҳ жиноятчи шахслар" сифатида тилга олинган.
Бу шахсларнинг "йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга урин"гани айтилган.
Оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда ҳуқуқ тартибот органи ходимлари фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олингани маълум қилинган.
Ҳозирда уларга нисбатан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани таъкидланган. Аммо бундан ортиқ тафсилотлар берилмаган.
Уларнинг сони, шахси ва ҳозир айнан қаерда тутиб турилганликлари ноаён қолганди.
Ўзбекистон Миллий гвардияси ва Бош прокуратураси масъуллари бугунги брифинг чоғида бу масалага ҳам ойдинлик киритишган.
Уларнинг расман маълум қилишларича, Қорақалпоғистон маъмурий марказидаги тартибсизликларда қатнашганликда гумон қилиниб, 500 дан ортиқ фуқаро ҳибсга олинган.
Масъуллар суриштирув давомида маъмурий чоралар қўлланилган айрим фуқароларнинг қўйиб юборилаётганини таъкидлашгани хабар берилган.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукусдаги воқеалар юзасидан жиноят иши қўзғатган.
Маълум бўлишича, иш Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси 4-қисми(ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) ва яна бошқа моддалар бўйича очилган.
Айни моддалар 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутиши айтилади.
Масъуллар тергов ва тезкор-қидирув ишларининг қатъий қонун доирасида олиб борилишини ҳам таъкидлашган.
Қўшма расмий баёнот сўнггида эса, масъуллар "юзага келган масалаларни қонун доирасида ҳал қилишда биргаликда саъй-ҳаракат қилиш"га ҳам чақиришганди.
Қорақалпоғистонда 3 июлдан бошлаб фавқулодда ҳолат ва тунги комендантлик соати кучга кирган.
Янги тартиб президент фармонига кўра, бир ой - 2 августга қадар давом этади.
Мақола янгилаб борилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














