Ўзбекистон: Яна телесериалларни тақиқлаш таклиф қилинди ва Алишер Қодиров нега Путинга жавоб қайтарди? – Янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, facebook
Ўзбекистондаги бошқа миллат вакиллари "ватан тили" сифатида ўзбек тилини ҳам ўрганишлари керакми? Яна "менталитетга зид сериаллар" даъвоси ва олтин захираси нега камайди - bbcuzbek.com дайжести.
"Ватан тили"
Ўзбекистондаги бошқа миллат вакиллари хорижий тиллар билан бир қаторда, ватан тили сифатида, ўзбек тилини ҳам ўрганишлари керак.
"Миллий тикланиш" сиёсий партияси етакчиси Алишер Қодиров ўзининг Телеграм каналида ана шундай мазмундаги сўзларни ёзиб қолдирган.
Олий Мажлис депутати бундай қарашни Россия президенти Владимир Путиннинг овозаларга сабаб бўлган гапларига жавобан илгари сурган.
Ўтган ойда президент Путин Россия мактабларининг Ғарбдаги каби "ҳеч қачон" муҳожир оилалар фарзандлари билан тўлиб кетишига йўл қўймаслик лозимлиги ҳақида гапирган эди.
"Мактабларимиздаги муҳожирларнинг фарзандлари сони шундай бўлиши керакки, бу уларга расмий эмас, балки амалда рус тили муҳитига чуқур мослашишга имкон берсин. Нафақат тилга, балки умуман маданиятга ҳам", деган эди Путин 30 март куни бўлиб ўтган Миллатлараро муносабатлар кенгаши йиғилишида.
Бу сўзлар рус миллий манфаатлари нуқтаи назаридан ҳурмат қилиниши кераклигини билдирган Алишер Қодировнинг фикрича, Ўзбекистонда "юз йилдан бери рус ватандошларига ўзбек тилини ўргатиб бўлмаётир".
"Аксинча, ўзбеклар фарзандини рус тилида таълим олишга йўналтираётгани одатийлашиб бормоқда. Тошкент шаҳрида ўзбек тилида ўқитилмайдиган мактаблар сони кўпайиб кетди. Ачинарлиси, бундай мактабларнинг 90 фоиздан кўп ўқувчилари ўзбеклардир", ёзган Қодиров.
Депутат бу ҳолат қонунчиликдаги хато билан боғлиқ эканини тилга олган.
У янги таҳрирдаги "Давлат тили ҳақида»ги қонун лойиҳасининг 18-моддаси "Ўзбекистонда яшовчи шахслар тарбия ва таълим олиш тилини танлаш ҳуқуқига эгадирлар" шаклида белгиланаётганини эслатиб ўтган.
"Бу ҳуқуқ амалдаги қонунда ҳам бор бўлиб, фақат таълим тилига тегишли эди, энди тарбия ҳам қўшилмоқда. Бу норма моҳиятан бошқа миллат вакили бўлган ватандошларимизнинг она тилида тарбия кўриш ва таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган эди", изоҳлаган Қодиров.
Депутат ўзбек оилалари фарзандларини боғча ёки 1-синфдан бошлаб "бегона тилда" ўқитишни афзал билаётгани, аммо хорижий тиллар бўйича малакали педагоглар йўқлиги сабаб болалар юқори синфга ўтганда аниқ фанларни ўзбек тилида ўзлаштира олмай қолаётганини таъкидлаган.
"Шу сабабли "Миллий тикланиш" партиясининг фракцияси ушбу нормани "Ўзбекистонда яшовчи шахсларга ўз она тилида тарбия ва таълим олиш учун шароит яратилади" шаклида ўзгартиришни ташаббус қилмоқда", маълум қилган Қодиров.
У ўзбек миллатига мансуб болалар саводини ўзбек тилида чиқариши зарурлиги, мамлакатдаги бошқа миллат вакиллари ҳам "ватан тили" сифатида ўзбек тилини ўрганиши лозимлигига урғу берган.
Сериаллар ва ажралишлар

Сурат манбаси, official
"Ахлоқий жиҳатдан менталитетга тўғри келмайдиган" фильм ва сериалларни эфирга узатмаслик яна бир бор таклиф этилди.
Бу сафарги таклиф Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги масжид имомлари томонидан туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов билан учрашув чоғида илгари сурилган.
Ҳоким имомлар билан оиладаги ажримларнинг олдини олиш масаласи юзасидан учрашган.
Учрашувда ажримларга қарши чора сифатида оила қуриш арафасидаги ёшларни имомлар томонидан 3 ойлик курсларда ўқитиш ва оила тушунчасини мактабдан бошлаб алоҳида дарс сифатида ўқитиш каби таклифлар ҳам янграган.
2018 йилда исломий китоблар муаллифи Зиёвуддин Раҳим хорижий сериалларни тақиқлашни талаб қилиб чиқиб, "зинога чақирадиган" сериалларга овоз берадиган актёрларни "миллат хоинлари", деб атаган эди.
Ўтган яқин йиллар давомида қатор хорижий сериаллар, айниқса турк телесериаллари, эфирдан бир неча бор олиб ташланган эди.
Олтин захираси камайди

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон соф халқаро захиралари йил бошидан буён $2,2 миллиард ёки 6,5 фоизга камайган.
Олтин ҳажми йил бошига нисбатан ошган бўлсада, 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакат соф халқаро олтин-валюта захиралари бир ой давомида $589,1 миллионга камайиб, $32,6 миллиардни ташкил этган.
Марказий банк бу ҳолатни олтиннинг нархи пасайгани билан изоҳлаган.
Эмлаш маълумотномаси

Сурат манбаси, official
Вакцинациядан ўтган ўзбекистонликлар учун эмланганлик тўғрисида онлайн-маълумотнома олиш имкони пайдо бўлган.
Маълумотномани my.gov.uz порталидан олиш мумкинлиги эълон қилинган.
Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари 1 апрелдан бошланган бўлиб, 14 апрель ҳолатига кўра, эмланганлар сони мамлакат бўйлаб 300 мингдан ўтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















