Ўзбекистон: Вазирнинг оиласи қарийб ярим триллион сўмлик лойиҳани қўлга киритдими ва Алишер Усмонов нималарга пул тикиш керак деди? Янгиликлар O‘zbekiston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Senat.uz
Қурилиш вазирига алоқадор компания 431,5 миллиард сўмга тенг давлат буюртмасини қўлга киритганми? Кубатин ишида янги тафсилотлар. Асли ўзбекистонлик миллиардер интервью берди - bbcuzbek.com дайжести.
Давлат буюртмаси
Қурилиш вазирига алоқадор компания 431,5 миллиард сўмга тенг давлат буюртмасини қўлга киритган.
Маҳаллий нашрлар қурилиш вазири Ботир Зокировнинг яқин қариндошлари таъсисчилар қаторида бўлган «Трест-12» компанияси Мустақиллик майдонидаги объектни таъмирлаш ва автотураргоҳ қуришни ўз ичига олган салкам ярим триллион сўмлик лойиҳа пудратчиси этиб танлангани ҳақида ёзган.
Gazeta.uz нашри ўз маълумотларига таяниб, 1994 йилда рўйхатга олинган «Трест-12» компанияси таъсисчилари орасида бўлган икки шахс вазирнинг турмуш ўртоғи ва ўғли эканини тилга олган.
Расмий манбаларда Зокировнинг оила аъзолари экани айтилаётган шахслар компаниянинг 14,1 ва 13,1 фоиз акцияларига эгалик қилиши кўрсатилган.
Gazeta.uz вазир Зокировнинг ўзи ҳам 2019 йилда «Трест-12» акциядорлари қаторида бўлгани, 1996-2011 йилларда эса компания бошқаруви раиси бўлгани ҳақида ёзган.
Кун.уз нашри мақоласида эса вазирга алоқадор кўрилган компания 10 йил ичида $800 миллиондан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарганини борасида сўз боради.
«Улар орасида йирик давлат буюртмалари ҳам талайгина: Вазирлар Маҳкамаси, Сенат, Молия вазирлиги бинолари, «Бунёдкор» стадиони ва Ислом цивилизацияси маркази шулар жумласидан», ёзади нашр.
Ҳозирча, юқоридаги ҳолат бўйича расман изоҳ берилмаган.
Кубатин иши

Таниқли турколог олим Андрей Кубатинга нисбатан ДХХ ходимлари томонидан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилмаган.
Бош прокуратура марҳум олимнинг опаси Клара Сахарованинг Кубатин қийноқлар остида қилмаган айбига иқрор бўлгани мазмунидаги шикоятига нисбатан шундай муносабат билдирган.
2017 йилда давлат хоинлик қилишда гумонланиб қўлга олинган Андрей Кубатин олти ой давомида тергов ҳибсхонасида сақланган.
«Ҳибсхонага жойлаштириш ва чиқиб кетаётган вақтида унинг баданида жисмоний жароҳатлар кузатилмаган, у соғлиғи бўйича ҳеч қандай шикоят билан мурожаат қилмаган ва унинг соғлиғи, руҳий ҳолати мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган», дейилади Бош прокуратура баёнотида.
Бироқ бунгача Клара Сахарова турли нашрлар билан суҳбатда ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида укасининг тергов давомида қийноққа тутилганини иддао қилган эди.
Даромадли сармоя

Сурат манбаси, official
Асли ўзбекистонликлар миллиардер Алишер Усмонов мамлакат иқтисодиётининг қайси йўналишларига сармоя киритиш фойдали бўлиши ҳақида гапирган.
У Россия 1 телеканалига берган интервьюсида, аввало, пахта ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш ҳамда қазилма бойликларни ўзлаштиришга эътибор қаратиш лозимлигини билдирган.
«Олтин, мис, ноёб металлар - улар ўзбек иқтисодиётига кириш зарур деб ҳисоблаган ҳар қандай инвесторга катта фойдани ваъда қилади», деган Усмонов.
Мирзиёев Тожикистонга боради

Сурат манбаси, official/arxiv
Президент Мирзиёев 10-12 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан боради.
«Азия-Плюс» нашрининг ҳукуматдаги манбаларига таяниб ёзишича, Мирзиёевни Тожикистонга президент Эмомали Раҳмон таклиф этган.
Хабар берилишича, Душанбедаги бўлажак юқори даражали учрашувлар давомида икки мамлакат ўртасидаги транспорт, энергетика, савдо, молия ва қишлоқ хўжалиги каби соҳалар бўйича шартномалар тўплами имзоланиши режалаштирилган.
Бунга қадар Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан уч бор Тожикистонда бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















