Россия: Сталин қатағонларини ҳужжатлаштирган Мемориал хорижий агент дея ёпилди Dunyo Yangiliklar (видео)

«Хорижий агентлар» қонунига кўра, бу рўйхатга тушган ташкилотлар ҳар бир нашрларида ўзларига «хорижий агент» деган тамға қўйишлари керак.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, «Хорижий агентлар» қонунига кўра, бу рўйхатга тушган ташкилотлар ҳар бир нашрларида ўзларига «хорижий агент» деган тамға қўйишлари керак
    • Author, Стив Розенберг
    • Role, Би-би-си, Москва
  • Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия, борган сари, соат милларини орқага сураётгандек кўринади.

«Тугатилсин», деди ҳакам ва шу билан Россиянинг энг кўҳна инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири, Халқаро Мемориал ёпилди.

Алоқадор мавзулар:

Бу ноҳукумат ташкилот - тарихий-маърифий жамият, хайрия ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун курашувчи гуруҳ, Россиянинг ўта қаттиққўл «хорижий агентлар» қонунини бузишда айбдор топилди.

«Шармандалик» деган овозлар келди залдаги кузатувчилардан.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Олий судда чиқиш қилган Бош прокуратура вакилига кўра, «Мемориал» ташкилоти «Улуғ Ватан уруши» хотирасини бузиб кўрсатади ва «СССР террорчи ташкилот бўлган деган ёлғон образни яратади».

«Мемориал» адвокати Григорий Вайпаннинг айтишича, «Мемориал»нинг ёпилишига, судга берилган арзга биноан, хорижий агентлар ҳақидаги қонунни бузиш, хусусан, «хорижий агент» деган маркировкаларни ёзмаслик ҳоллари сабаб бўлди. «Прокурорларнинг тарих ва СССР образи ҳақида баҳс қилиш уринишларининг бу суд ишига мутлақо алоқаси йўқ», деди у.

«Бу 100 фоиз сиёсий қарор», - дейди «Яблоко» партиясининг асосчиларидан бири Григорий Явлинский.

Совет диссиденти ва Нобель мукофоти совриндори Андрей Сахаров Мемориалнинг илк раиси бўлган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Совет диссиденти ва Нобель мукофоти совриндори Андрей Сахаров Мемориалнинг илк раиси бўлган

«Бу сиёсий қарорнинг моҳияти шундаки, Россия авторитар режимдан тоталитар режимга яна бир қадам қўйди», - дейди у.

30 йилдан ошиқ давр мобайнида Мемориал Россия тарихидаги энг қора саҳифалардан бири бўлмиш Катта Террорга эътиборни қаратиб келди.

Ташкилот Иосиф Сталиннинг оммавий қатағонлари қурбонларини бирма-бир ҳужжатлаштираётганди.

20 миллионга яқин совет фуқаролари Сталиннинг меҳнат лагерларига қулоқ қилинганлари ишонилади. Юз минглаб киши қатл этилган. Мемориал уларнинг хотирасини тиклаш учун тузилганди.

«Хорижий агентлар» қонунига кўра, бу рўйхатга тушган ташкилотлар ҳар бир нашрларида ўзларига «хорижий агент» деган тамға қўйишлари керак.

Аввалроқ «Халқаро Мемориал» ташкилотининг бошқарув кенгаши аъзоларидан бири Ирина Щербакованинг айтишича, ташкилот ўз фаолиятини юритишда ҳориждан ҳам молия олгани сабаб «хорижий агент»лар рўйхатига киритилиши унинг фаолиятини тобора қийинлаштириб келаётганди.

MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS

«Мемориал - ташкилотлар тармоғи. Айнан нимани биз хорижий агент деб кўрсатишимиз керак эди? Ана шундай маркировка бўлмагани учун бизга жарималар сола бошланди. Бу жуда бир аҳмоқона усулларда қилинди: Ингушетияда қаердадир қандайдир махсус одамлар бизнинг интернетда «хорижий агент» дея маркировка қилинмаган саҳифаларимизни қидириш билан шуғулланганлар. Биз ахир жуда катта ташкилотмиз, интернетда саҳифаларимиз кўп. «Мемориал»га ва шахсан гуруҳларимиз раҳбарларига миллионлаб жарималар ёзишди ва биз бу пулларни биргаликда йиғдик», - дейди у.

Мемориалнинг 1980 йилларда тузилиши Совет Иттифоқи очилаётгани, ўз ўтмишига, Сталин жиноятларига тик боқаётганига ишора эди.

Мемориалнинг энди ёпилаётгани ҳам бир ишора. У ҳозир Россияда тарих қайта ёзилаётганига, ҳамда фуқаролик жамияти ҳужум остида эканига ишора.

Владимир Путин ватанпарварликни уйғотиш учун тарихдан фойдаланиб келади. У Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба каби Россиянинг шарафли ўтмишига эътибор қаратишни истайди.

Мемориал ҳар йили йиғилиб сиёсий қатағонлар қурбонлари номини бирма-бир ўқийди ва россияликларга фожиали тарихни эслатади.

Аммо, энди унинг овози ўчирилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek