Ўзбекларнинг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қилган 'Мемориал'*ни Россия Бош прокуратураси ёпмоқчи Rossiya dunyo yangiliklar

Наручники на дверях "Мемориала"

Сурат манбаси, @SotaVision

Сурат тагсўзи, Мемориал эшигидаги кишан

Россия Бош прокуратураси мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва хайрия ишлари билан шуғулланувчи "Мемориал" ташкилотини ёпиш борасида Олий судга мурожаат қилди. Ушбу ташкилот Марказий Осиё, хусусан, ўзбекистонлик фаол ва қочқинларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам танилган.

Олий суд "Мемориал" иши 25 ноябрда кўриб чиқилишини билдирган. Мурожаатга нима асос бўлганини айтмаган.

"Мемориал" ва унинг таркибий тузилмалари Россия Федерацияси конституциясини бузган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Бир неча маротаба ва қўпол равишда қонун ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам бузган", дейилади Бош Прокуратура хабарида.

Россия назорат органи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот хорижий агент вазифасини бажараётганини гўёки яшираётганини қонун бузилишига мисол сифатида келтирган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу қарорни сиёсий, деб атамоқда.

Хорижий агентлар тўғрисидаги қонунда Адлия вазирлиги томонидан хорижий агентлар рўйхатига киритилган ташкилотлар буни ҳар бир материалда кўрсатиши шарт қилиб қўйилган.

Россия Адлия вазирлиги 2016 йили режадан ташқари ўтказган текшируви натижасига кўра, "Мемориал"ни хорижий агентлар рўйхатига киритганди.

"Мемориал" ушбу хулосанинг қонуний асоси йўқлигини ва маҳкамага шикоят қилишини айтмоқда. Хорижий агентлар рўйхатидан чиқариш бўйича беш йилдан бери давом этаётган ҳаракатлар самара бермаган.

Presentational grey line

Би-би-си мухбири Илья Барабанов "Мемориал" ташкилоти ўтмиши ҳақида қуйидагиларни айтади:

"Октябрь ойи ўртасида бир гуруҳ ёшлар "Мемориал"даги навбатдаги кино намойишини бузди. Воқеа жойига келган полиция ходимлари эшикларни кишан билан қулфлаб қўя қолди.

Шу билан бир вақтда Москвада ресторанларга мишлен юлдузларини топшириш маросими дабдаба билан ўтказилди. Эҳтимол Россиянинг 2021 йилдаги рамзи бўлишга бундан бошқа нарса ўйлаб топиш қийин.

Агар Россия журналистлари "хорижий агент" атамаси билан 2021 йилга келиб танишган бўлса, "Мемориал" бу билан 2013 йилдан бери яшаб келмоқда.

У вақтда ҳали Қрим муаммоси ва Украина уруши, Ғарб билан алоқаларнинг узилиши ҳамда санкциялар қарама-қаршилиги йўқ эди.

Аммо Владимир Путин учинчи мудддатга Президент бўлиш учун Кремлга қайтганди.

У ўша йиллари ташқи сиёсатдан ташқари тарихга ҳам жиддий қизиқа бошлайди.

1980-йиллар охиридан бошлаб эса, "Мемориал" Россиянинг фахрланиб бўлмас тарихи ҳақида гапиришни бошлаганди.

Ҳали оммавий қатағоннинг навбатдаги хотира санасида Қизил майдонда парад ўтказилмасди. Шунингдек, давлат даражасида Сталин қатағонлари рад этилмасди.

Президент Москвадаги "Мотам девори"ни зиёрат қиларди, аммо "Пермь-36" музейи норасмий даражада йўқ қилинди ва Сандармох тарихи борасида сукут сақланарди. Ушбу фожиавий жойларни ўрганган бош тадқиқотчи Юрий Дмитриевга жиноий иш очилганди.

Ҳукумат ҳар йили Лубянкадаги Соловец тошида отилганларни хотирлашни истаганларга муаммо туғдираверди.

Йиллар ўтган сайин "Мемориал"нинг фаолият юритишини қийинлаштириб бораверишди. Тадбирлари тез-тез бузила бошлади.

Ватан тарихини қандай тўғри талқин қилиш борасида кўплаб қонунлар қабул қилинди.

Тарих қонунлар ёрдамида бошқарила бошланса ва давлат раҳбари бирор баҳсли тарихий масалага бағишлаб тез-тез мақола чоп қилса, мамлакатда ўтмишни муҳокама қилиш имкониятлари тушиб кетади.

Фожиавий жиноят муҳокама қилинмасдан туриб Россия жамиятининг келажагини гапириш қийин. Муҳокама қилинмаган ўнғайсиз ўтмиш ҳозирги давр ва келажак ҳақида гапиришга тўсқинлик қилади.

"Мемориал" доим мана шундай баҳслар уюштирадиган ташкилот бўлган".

Presentational grey line

"Мемориал" Россиядаги энг ёши катта ташкилотлардан бири. У асосан Россияда инсон ҳуқуқлари топталиши тарихи, хусусан, НКВД фаолияти ва СССРдаги меҳнат лагерлари тизимини ўрганиш билан шуғулланади.

"Мемориал" Чеченистонда одамларнинг йўқолиб қолиши борасидаги шикоятларни ўрганган ва уларга ҳуқуқий кўмак кўрсатган.

Шунингдек, "Мемориал" ўзбекистонликлар ҳам ҳуқуқлари фаол ҳимоя қилиб келмоқда.

Ташкилот Андижон воқеаларига ўз фикрини билдириб келган.

Унинг ходимлари Ўзбекистон сиёсий мухолифатчилари, ҳуқуқ фаоллари ва Россия ҳамда Қозоғистондаги ўзбекистонлик қочқинларни ҳам ҳимоя қилган.

* - Россияда "хорижий агент" деб эълон қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek