Украина уруши: илк маккажўхори ортилган кема Одессадан йўлга чиқди Ukraina don g'alla Rossiya Dunyo Yangiliklar

The Razoni leaving port on Monday

Сурат манбаси, Getty Images

Глобал озиқ-овқат инқирозини енгиллатиш мақсадидаги битимга мувофиқ Украина маккажўхориси ортилган дастлабки кема 1 август куни маҳаллий вақт билан соат 9:15 да Одесса шаҳри бандаргоҳидан йўлга чиқди.

Сьерра-Леоне байроғи остидаги Razoni кемасига 26 000 тонна Украина жўхориси ортилган.

Кема Ливаннинг Триполи портига йўл олган.

Razoni учун хавфсиз йўлакни БМТ ва Туркия таъминлайди.

Украина расмийларига кўра, Одессада уруш бошидан бери чиқолмай қолган, дон ортилган 16 кема турибди.

Шу йил 24 февралида Россия Украина босқинини бошлади, қуруқлик билан бирга Россия ҳарбий-денгиз флоти Қора денгиздаги Украина жанубидаги соҳилларидан ҳужум қилиш, хусусан, Одесса шаҳрини босиб олишни мақсад қилди.

Украина ҳам қирғоқларини миналашга мажбур бўлди, Қора денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Украина портлари февраль ойидан буён Россия қамалида қолди.

Украина ва Россия жаҳон ғалла бозоридаги салмоқли таъминотчилардан бўлгани боис Россия босқини глобал озиқ-овқат инқирозини юзага келтирди.

Санкциялар туфайли Россия ўз донини сотишда мушкулликларга дуч келди, Украина ва халқаро ҳамжамият Россияни Украина донининг жаҳон бозорига чиқиш йўлини тўсиш ва жаҳон бўйлаб озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқаришда айблади.

Шунингдек, Россия Украина ҳудудидан ўғирлаб олиб чиқилган ғаллани Россия ғалласи деб сотишга уринаётгани ҳолатлари аниқ бўлди.

БМТ, Украина, Россия ва Туркия ўртасидаги келишувга кўра, Украина дони ортилган кема Истанбулда текширувдан ўтказилиши керак.

Украинанинг уч бандаргоҳи - Одесса, Черноморск ва Пивденний(Жанубий) портларидан бу мамлакатда етиштирилган ғаллани олиб чиқиш мумкин бўлади.

Украина Инфраструктура вазири Александр Кубраковнинг айтишича, портлар очилиши камида 1 миллиард долларлик донни жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятини беради.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш илк кема йўлга чиққанини олқишлади, ушбу келишувга эришишда ўйнаган роли учун Туркияни мақтади.

Украина - дунёдаги энг йирик озиқ-овқат экспортчиларидан бири ҳисобланади.

Жаҳон бозоридаги кунгабоқар ёғининг 42 фоизи, маккажўхорининг 16 фоизи ва буғдойнинг 9 фоизи Украина ҳиссасига тўғри келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek