Украина инқирози: Россияни гижгижламанг... Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Франция президенти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украина юзасидан қиёмига етиб бораётган тангликни юмшатишга қаратилган музокаралар бошида ҳозир Эммануэль Макрон турибди. Франция жорий пайтда Европа Иттифоқининг амалдаги президенти бўлади
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия томонининг ишонишича, Украина инқирозини ҳали ҳам урушсиз ҳал қилса бўлади. Фақат Россияни қутқуга солмаслик керак. Акс ҳолда Москва ўз фикридан қайтиб қолиши мумкин. Россия Украинага чегарадош Беларусда ваъда қилган йирик ҳарбий қўшма машғулотларини бошлади. Лавров Трасс, Британия Бош вазири эса, НАТО Бош котиби билан учрашди.

Борис Жонсон яна уруш "мутлақ ҳалокат" бўлишини такрорлади.

Украина инқирози ҳозир "ўта хатарли, қалтис" бир паллада эканини айтди.

Брюсселдан энди Польшага кетди.

Британия Ташқи ишлар вазири эса, Москвада "тажовуз"нинг давом этиши "оғир оқибатларга" олиб келиши билан огоҳлантирди.

Аммо худди ўша матбуот анжуманида унинг россиялик ҳамкасби Сергей Лавров Ғарбни "восвос"да айблади.

Москва ҳам Киевдаги айрим зарур бўлмаган дипломатларини олиб чиқиб кетиш масаласини кўриб чиқаётир.

Россия Ташқи ишлар вазири буни "англо-саксонлар Украинада ниманидир уюштириш режаси"да экани билан изоҳлади.

Бундан аввал АҚШ ва Буюк Британия ҳам Украина пойтахтидаги ўз дипломатлари билан боғлиқ худди шундай қарорини эълон қилган.

АҚШ ўз фуқароларига Россияга бормай туришни ҳам маслаҳат берганди.

Трасс ва Лавровнинг Москвадаги музокараларида бирор бир силжиш кузатилмади.

Томонлар ўз талаб ва мавқеъларида собит қолишди.

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Янги интервью

Россиянинг Европа Иттифоқидаги элчиси Би-би-сига интервью берди ва худди шундай деди.

Владимир Чижовнинг ишонишича, ҳозир ҳам дипломатия иш беради.

Унга кўра, Россиянинг бирор бир ерга бостириб кириш нияти йўқ.

Россия элчисининг бу сўзлари сўнгги икки кунлик жадал дипломатик саъй-ҳаракатлар ортидан янграган.

Кремль шу пайтгача ҳам ўзининг Украинага бостириб кириш режаси йўқлигини изчил равишда таъкидлаб келган.

Аммо Украина билан чегараси яқинида 100 мингдан ортиқ ҳарбийсини ушлаб турибди.

Бу эса, Ғарбнинг Россия Украинага тўсатдан бостириб киради, деган хавотирларини кучайтирмоқда.

Россия 2014 йилда Украинанинг жанубий Қрим яриморолини ўзига қўшиб олган, аннексия қилган.

Украина шарқида ўшанда бошланган қуролли низо ҳануз тинмаган.

Россия у ердаги бўлгинчиларни дастаклаб келади.

Саккиз йиллик уруш шу пайтгача камида 14 минг кишининг умрига зомин бўлган.

Бугунги вазият

Россия бугун, пайшанба куни Беларусь билан 10 кунлик қўшма ҳарбий машғулотларини бошлади.

Беларусь Украинанинг шимолий қўшниси ва Россиянинг яқин иттифоқчиси бўлади.

Қўшма ҳарбий машқларда 30 мингга яқин Россия ҳарбийсининг иштирок этиши кутилмоқда.

Путиннинг матбуот воизи машқларнинг ҳазилакам эмаслигини айтган.

Дмитрий Песков таҳдид ҳам аввалгидан кўра кучли эканлигини таъкидлаган.

Элчи Чижовнинг Би-би-сига айтишича, қўшма ҳарбий машғулотлар тугагач, Беларусдаги Россия қўшинлари ортга қайтишади.

Аммо АҚШ, афтидан, хавотирда.

Бунга Оқ уй матбуот котибининг сўзлари ҳам далолат қилган.

Жен Псаки машқлар минтақадаги шундоқ ҳам кескин вазиятни янада таранглатишини айтган.

Яна музокаралар

Франция президенти эса, бугун яна музокараларга киришмоқчи.

Россия, Украина, Франция ва Германияни ўз ичига олувчи Нормандия тўртлигини бир ерга йиғмоқчи.

Элчи Чижов эса, Россия Украина яқинидаги қўшинларини нима қилмоқчи экани масаласига ойдинлик киритмаган.

Аксинча, у нега Россияга қарши турган Украина ҳарбийларининг сони ҳақида ҳеч ким миқ этмаётгани билан қизиққан.

Аммо музокаралар ҳали ҳам иш бериши мумкин, деб аниқ айтган.

Россиянинг Европа Иттифоқидаги элчиси
Сурат тагсўзи, Россиянинг Европа Иттифоқидаги элчисининг баён қилишича, НАТОнинг шарққа қараб кенгаймаслиги - ҳар қандай музокараларнинг асосида туради

Россия Европа хавфсизлиги юзасидан Ғарбга бир қанча муҳим талабларини илгари сурган.

Украинанинг ҳеч қачон НАТОга қабул қилинмаслигини талаб қилган.

Аммо Ғарб расмий Москванинг бу сўровини жиддий инобатга олмаган.

Бу масалани фақат Украинанинг ўзи ҳал қилишини айтган.

Россиянинг Европа Иттифоқидаги элчисининг таъкидлашича эса, худди шу нарса ҳар қандай музокараларнинг асос нуқтаси бўлади.

"Бу масалани ҳеч қачон шунчаки бир четга суриб қўя олишмайди".

Минск келишувлари

Сўнгги кунлардаги жадал музокараларнинг бошида Франция президенти турибди.

Эммануэль Макрон шу ҳафтанинг ўзида Россия, Украина ва Германияга сафар қилган.

Ҳар уч давлат пойтахтларида уларнинг лидерлари билан соатлаб музокаралар олиб борган.

Владимир Зеленский билан сешанба кунги мулоқоти ортидан Эмманэуль Макрон Россия ва Украина Минск тинчлик келишувларини амалга тадбиқ этишга яна рози бўлишганини айтган.

Кеча, чоршанба куни Путиннинг матбуот воизи ҳам бу хусусда гапирган.

Дмитрий Песков, "Украина масаласини ҳал қилиш фақат Минск келишувларини бажаришга асосланиши мумкинлиги ҳақида ижобий сигналлар борлигини" айтган.

Аммо мазкур битимнинг шартлари борасида рақиб томонлар якдил эмасдек.

Расмий Киевнинг айтишича, келишув ҳозир бўлгинчилар қўлида бўлган шарқий минтақаларига жуда кўп мухторият бериб юборади.

Москва у ерда ўзининг таъсирини сақлаб қолади.

Сешанба куни Берлинда учрашган Франция, Германия ва Польша лидерлари эса, Минск битимини қўллашган.

Аммо Украина суверенитетини дастаклашларини ҳам яна бир бор таъкидлашган.

Украина: Россия ишғолга деярли тайёрми?

Россия ҳарбийси

Сурат манбаси, TASS/GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Расмий Москва қўшинларини минтақага ҳарбий машқлар учун ташлаганини айтади

АҚШ томони янги баёнот билан чиқди. Россия яқин ҳафталарда Украинага бостириб киришга деярли тайёрлигини билдирди. Америка томонига кўра, Россия бунинг учун лозим бўлган ҳарбий салоҳиятининг 70 фоизини тўплаб бўлган. Расмий Москва ҳозирча жим. Бунга ўзининг бирор бир расмий муносабатини ҳалича билдирмаган.

Украина: Хитой Россия тараф. 'Жасадли видео'?.. ёки Россия уруш учун баҳона ахтараяптими?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Янги иддаолар

Россия танклари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Америка томонига кўра, Россия Украина ишғоли учун лозим бўлган ҳарбий салоҳиятининг 70 фоизини тўплаб бўлган

Февраль ўрталарига бориб, ер музлайди, қаттиқлашади ва бу Москвага янада кўпроқ оғир техника келтиришга имкон беради, деб айтишган ўз исмини ошкор қилмаган америкалик расмийлар.

Россия, ойларки, Украина билан чегараси яқинида 100 мингдан ошиқ ҳарбийсини ушлаб турибди.

Аммо расмий Москва Украинага бостириб кириш режаси ва мақсади борлигини изчил равишда рад этиб келади.

Америка томони эса, бу гал ҳам айтган сўзларига бирор бир исбот-далил келтирмаган.

Расмийлар фақат ўз тахминларининг жосуслик маълумотларига таянганини билдиришган.

Аммо ҳассос экани боис, уларни ошкор эта олмасликларини таъкидлашган.

Америка томонига кўра, Владимир Путин Украина ишғолига қарор қилган-қилмаганидан ҳозирча бохабар эмаслар.

Уларнинг таъкидлашларича, ҳали ҳам муаммога тинч йўл билан ечим топиш танлови мавжуд.

Россиянинг ҳаводан мудофаа тизими

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозир Беларусда Россиянинг С-400 русумидаги ҳаводан мудофаа тизимлари ҳам жойлаштирилган

Тахминлар

Америка томони Россиянинг ишғоли 50 мингга яқин инсоннинг умрига зомин бўлиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Уларнинг тахминларига кўра, ҳужум натижасида Украина пойтахти бир неча куннинг ичида қулаши ва Европада янги қочқинлар оқимини пайдо қилиши эҳтимоли ҳам бор.

Польшага эса, яна АҚШ ҳарбийлари сафарбар этилишмоқда.

Бундан мақсад - НАТОнинг минтақадаги кучларини мустаҳкамлаш экани айтилади.

АҚШ ҳарбийларининг илк гуруҳи шанба куни Польшага келиб тушган.

Расмий Вашингтон Шарқий Европага жами 3 мингга яқин қўшимча аскар юбориш режасида.

АҚШ маъмурияти бу ҳақда яқинда эълон қилган.

Расмий Москва қўшинларини минтақага ҳарбий машқлар учун ташлаганини айтади.

Украина ва Ғарб эса, Кремль ишғол режаси эканидан хавотирда.

Янги танглик

Мавжуд танглик Қрим аннексияси ва Донбасс урушидан саккиз йилча ўтиб кузатилмоқда.

Украина шарқидаги бўлгинчиларни ҳам Россия дастаклаши айтиб келинади.

Расмий Москва бунда Украина ҳукуматини айблайди.

Киев Украина шарқида тинчликни қарор топтиришга қаратилган Минск шартномасига амалга қилмаганини айтади.

Бу ердаги уруш шу пайтгача камида 14 минг кишининг умрига зомин бўлган.

Каттагина ҳудуд эса, бўлгинчилар назорати остида.

Россия Украинанинг НАТОга қабул қилинишига қарши.

Дунёнинг икки йирик ядровий қудрати бўлган Россия ва АҚШ ўртасидаги рақобат эса, ҳали Совуқ Уруш йилларига бориб тақалади.

Украина ўша пайтда ҳам СССРнинг муҳим қисми бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek