Москвадан келган коронавирус: Россия Covid-19 ўчоғига айланди - Хитой

Россия

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россияда коронавирус юқтирганлар кўпаймоқда

Хитойнинг коронавирус ўчоғи бўлган ҳудудида эпидемия борган сари пасаймоқда. Энди вирус ташувчилар четдан келганлар. Covid-19 импортининг асосий манбаси эса Россия экани айтилмоқда.

Би-би-си Хитой хизматининг хабар беришича, 15 апрель ҳолатига Россиядан Хитойга коронавиус инфекциясини юқтирган 541 киши қайтган.

Бу четдан вирус кириб келиши билан боғлиқ 1500 та ҳолатнинг учдан бир қисмидан кўпи, дегани.

Расмий маълумотларга кўра, иккинчи ва учинчи ўринларда Британия ҳамда АҚШ турибди (296 ва 161 ҳолат).

Хитой расмийларининг билдиришича, Россиядан келган йўловчиларнинг барчаси Хитой фуқаролари. Уларнинг аксари Россия ҳудудида хусусий тартибда савдо билан шуғулланиб келган.

Би-би-си қўлга киритган маълумотларга биноан, уларнинг аксари Москванинг Капотня туманидаги "Садовод" ҳамда Люблинодаги "Москва" бозорларида савдо қилиб келган.

Бу хитойликларнинг кўпчилиги Хэйлунцзян вилоятининг Суйфыньхэ шаҳри орқали уйларига қайтишган.

Ушбу минтақа Россия чегараси яқинида, Владивостокдан атиги 200 км масофада жойлашган. У ердан Хитойга автобуслар қатнайди.

Хитой давлат матбуотининг хабарларига кўра, аксар вирус юқтириш ҳоллари Москвадан Владивостокка учган авиапарвозларда аниқланган. Айрим касаллар Россия пойтахтидан тўғри учишган.

10 апрель куни "Аэрофлот"нинг Москвадан Шанхайга учган биргина рейсида 204 йўловчидан 60 нафари вирусни юқтирган.

Хитой матбоути йўловчилардан бирининг парвоз чоғида йўтал овози эшитгани ҳақидаги сўзларини келтирган. Вирусга чалинганлар ҳозирда Шанхайда карантинда ушлаб турилибди.

Суйфыньхэ

Сурат манбаси, AFP / Getty

Сурат тагсўзи, Суйфыньхэ шаҳри Россия билан чегарада жойлашган

Ҳозирда Россия билан Хитой ўртасида ҳафтасига фақат битта авиақатнов қолган. Хитой шунингдек, Россия билан қуруқликдаги барча чегара ўтиш нуқталарини ёпган.

Хитойнинг Россиядаги элчихонаси бир неча марта Суйфыньхэ орқали чегарани кесиб ўтишда "юқори даражадаги вирус юқтириш" хавфи мавжудлиги ҳақида огоҳлантирган.

Франс-Пресс агентлигининг хабар беришича, Хитой ҳукумати хатто Россия томондан чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганлар ҳақида маълумот берганларга 700 доллар миқдорида мукофот пули ҳам таклиф қилмоқда.

Суйфыньхэ шаҳрида 80 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирда шаҳарда карантин жорий қилинган бўлиб, Хитой ҳукумати у ерга қўшни туманлардан тиббиёт ходимларини ёрдамга юборган.

"Ёстиқ остидаги бомба"

Москвадаги хитойлик бизнесменларнинг Би-би-сига айтишларича, кўпчилик савдогарлар ўзлари улгуржи савдо билан машғул бўлган "Садовод" ва "Москва" бозорлари ҳудудидаги ётоқхоналарда яшашади.

Бу ётоқхоналардаги ҳар бир хонада 7-8 одам яшаши мумкин. Айни шу нарса касалликнинг тез тарқашига сабаб бўлган.

Россия

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Юз минглаб хитойликлар Россияда ўқиш ва иш билан машғул

"Бозорда савдогар кўп, одамлар оқими ҳам катта", -дейди қарийб 20 йилдан буён Москва бозорларида импорт ва экспорт билан шуғулланиб келадиган хитойлик тадбиркор Ван Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг айтишича, бозорда савдо эрта соат 5 дан бошлагани боис кўпчилик савдогарлар бозорнинг ўзидаги ётоқхона ёки унга туташ кўп қаватли уйларда яшашни афзал билади.

"Москва" бозоридаги хитойлик бошқа бизнесмен Стоун (исм ўзгартирилган-таҳр.) Хитой янги йилини ватанида ўтказиб, Москвага қайтгач, Суйфэньхэ шаҳридан келаётган кўпгина ҳамкасблари коронавирусга чалинганидан хабар топган.

"Назаримда, қаерга борсангиз, вирус ўша ерда. Худди ёстиғингизнинг остида бомба яширингандай ҳис қиласиз ўзингизни", - дейди Стоун.

"Садовод" бозорининг бош директори Владислав Новиковнинг Би-би-сига айтишича, апрель бошидан буён бозор ҳудудидаги меҳмонхона ишламаяпти. "Мендаги меҳмонхона 6 апрель куни ёпилди, ҳамма хитойликлар кетган. Бу гап қаердан чиқди, билмайман", - деб айтди Новиков.

BBC

Би-би-си шунингдек, "Москва" бозори маъмуриятига ҳам вазиятни шарҳлашини сўраб мурожаат қилди ва ҳозирда жавоб кутмоқда.

"Садовод" ва "Москва" бозорлари Россия пойтахтининг жануби-шарқида жойлашган. 2009 йилда Россия ҳукумати хитойликлар кўп савдо қиладиган "Черкизов" бозорини ёпиши ортидан хитойлик савдогарлар аста-секин ана шу икки бозорга кўчган.

"Садовод" с

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Садовод" бозори ва савдо маркази ҳозир ёпиқ

Тахминий рақамларга кўра, ҳар икки бозорга кунига 10 минг одам тушган, инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида Россия ҳукумати март ойи охирида бозорларни ёпганди.

Шундан сўнг кўпгина хитойликлар уйларига қайтишга қарор қилишган: одам зич бўлгани учун коронавирусни юқтириш эҳтимоли юқори, қолаверса, ҳаммада ҳам тиббий суғурта йўқ ва ҳамма ҳам рус тилини яхши билмайди, бу эса шифокорлар билан муомалани қийинлаштиради.

Аммо айни пайтда Москвада эпидемияни Россияда ўтказишни афзал билган хитойликлар ҳам оз эмас. Улар учун уйга қайтиш тобора қийинлашиб бормоқда.

"Россияда эпидемия тобора жиддий тус олмоқда, хавотирланмаяпман, десам ёлғон бўлади", - дейди Би-би-си билан суҳбатда хитойлик талаба қиз, МДУ аспиранти Ли Йилин. У узоқ йўлдаги авиақатнов чоғида Covid-19ни юқтириш эҳтимоли катталигидан хавотирда. Бундан ташқари, унинг бир ит ва бир мушуги бор, уларни самолётда олиб кетиш имконсиз, шунинг учун Москвада изоляцияда қолишни маъқул кўрган.

"Россияда яшайдиган хитойликларнинг деярли барчаси уй шароитидаги карантинга қатъий риоя қилишади. Аммо кўпгина россияликлар ҳеч қандай ниқобсиз кўчада итларини айлантириб юришади. Аниқки, эпидемия қанчалик хавфли эканини билмайдилар", - дея қўшимча қилади у.

Бозорлардаги рейдлар

Чоршанба куни "Роспотребнадзор"нинг Москва бўйича бошқармаси "Москва" савдо-ярмарка мажмуасида рейд ўтказганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, рейд чоғида бозор ҳудудидаги меҳмонхонада 611 нафар Хитой ва Вьетнам фуқаролари ноқонуний яшаб тургани аниқланган.

"Садовод"

Сурат манбаси, Getty Images

"Текширув чоғида уч кишида ОРВИ (Ўткир респиратор вирусли инфекция-таҳр.) симптомлари аниқланди ва тиббиёт муассасасига жойлаштирилди, касаллар билан мулоқотда бўлган 13 киши эса меҳмонхонанинг алоҳида қаватида изоляция қилинди. Меҳмонхонада дезинфекция тадбирлари амалга оширилди", - дейилади идора хабарида.

Бундан ташқари, "Роспотребнадзор" ходимлари эски ЮВАО заводининг ёпиқ ҳудудида Хитой ва Вьетнам фуқаролари яшаётган ноқонуний меҳмонхонани аниқлашган. 244 нафар Хитой ва Вьетнам фуқароларида касаллик аниқланмагани айтилади.

Уларнинг ҳаммаси яшаш манзили бўйича карантинга олинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC

"