Ислом Каримов: "Charlie Hebdo га ҳужум “популизм” ва “уюштирилган” амалдир"

Каримовга кўра, Charlie Hebdo га ҳужумлар "уюштирилган" ва бу уюштирувчиларни "Худо у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам кечирмайди"...
Сурат тагсўзи, Каримовга кўра, Charlie Hebdo га ҳужумлар "уюштирилган" ва бу уюштирувчиларни "Худо у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам кечирмайди"...

Ниҳоят, Ўзбекистон томони ҳам расман Charlie Hebdoга ҳужумларга доир фикр билдирди.

Аксар ҳолларда бўлгани каби бу гал ҳам айни “нозик” халқаро масалада сўз юритишга журъат этган Ўзбекистон президенти ва март ойида президентликка яна номзод Ислом Каримов эди.

“Франциядаги бу намойишлар оладиган бўлсак, бу каби ўйинларнинг барчаси хўжакўрсинга, ҳаммаси ўзига сохта обрў топиш учун бўлаяпти” деди у.

Каримовга кўра, “Диний масалани ўртага қўйиш, диний масалани сиёсатлаштириш, дин ҳисобидан обрў топишга уриниш – бу бирорта динга ёқмайди”.

“Мен сизларга айтсам, бу “ўйин”нинг томирида, негизида нималар бўлаётганини, кимлар буни ташаббускори бўлаётганини, бунинг орқасида қандай чуқур мақсадлар тургани ... Эътибор беринг, дунёда тинчлик яна мустаҳкамланиб бораётганида битта шунақа бемаза иш чиқиб туради”, деб айтган Каримов Ўзбекистон Сенатининг мажлисида.

Ислом Каримовнинг назарида бу воқеалар “популизм” ва “ўзига обрў топиш учун, керак бўлса, ўзига сайловларда кўпроқ овоз олиш учун” ташкиллаштирилган.

Ислом Каримов ўзининг назаридаги бу “ўйинни” ким ташкиллаштиргани ҳақида очиқ гапирмаган.

Айрим мутахассисларга кўра, Каримовнинг бу чиқиши давлат раҳбарига ярашмайдиган даражада юпундир.

Ғарбда ўзининг авторитар ва айрим ҳолатларда диктаторлиги билан танилган Ўзбекистон раҳбари Франсадаги фожеа қурбонлари ҳақида ҳеч нарса демаган.

Бу масалада кутилмаган чиқишини кутилмаган тарзда якунлаган Каримовга кўра, “мана шундай ўйинлар учун муқаддас Ислом динидан фойдаланаётганларни Худо у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам кечирмайди”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002