Ўзбекистон: Тергов қилинаётган 21 яшар йигит ўлими - ИИВ кузатув камералари тасвирларини эълон қиладими? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

tergov

Сурат манбаси, Tergov departamenti

Сурат тагсўзи, Иллюстратив сурат.

29 май куни маҳаллий Kun.uz нашри асли сурхондарёлик бўлган 21 ёшли йигитнинг яқинлари берган маълумотга таяниб, у бир неча кунлик муолажаларга қарамай, шифохонада оламдан ўтгани ҳақида ёзган.

Хабарда йигитнинг исми Ҳафизуллоҳ Турғунбоев бўлгани айтилади.

Яқинларнинг нашрга билдиришича, Турғунбоев гиёҳванд модда истеъмол қилишда гумонланиб, Чилонзор туман ИИБ биносида тергов қилинган.

29 май куни терговни олиб бораётган ходим йигитнинг қариндошлари билан боғланиб, у сўроқ пайти қочиш мақсадида 4-қаватдаги ҳожатхона деразасидан ўзини ташлаб юборгани ва бир неча кунлик комадан ҳушига келмай вафот этганини билдирган, дейилади Kun.uz хабарида.

"Мурожаатчининг айтишича, Турғунбоевнинг оилавий шароити яхши бўлмаган ва у бир неча йил давомида уйдан узоқда - Тошкентда яшаб, яқинлари билан деярли алоқа қилмаган. Шу сабабли, қўлга олинганидан кейин олдига келадиганлар ҳам топилмаган", ёзади нашр.

Хабарда қариндошлар Турғунбоевнинг терговдан қочишга урингани борасидаги маълумотга нисбатан шубҳа билдиргани тилга олинган.

29 май куни ИИВ матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича изоҳ эълон қилган.

Расмий маълумотда Турғунбоев бошқарувидаги Гентра машинаси 22 май куни ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилгани ва унинг ёнидан 53,52 грамм "гашиш" моддаси топилгани ҳамда ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилгани ҳақида сўз боради.

"Шу куни тахминан соат 18.50 ларда Х.Т. Чилонзор тумани ИИО ФМБдаги 4-қаватда жойлашган хизмат хонасига олиб кетилаётган вақтида, ҳожатхонага киришлигини сўраган. Х.Т. 4-қаватда жойлашган ҳожатхонага киргандан сўнг, терговдан қочиб яшириниш мақсадида ҳожатхона деразасидан пастга сакраши натижасида бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган (Мазкур ҳолат бинога ўрнатилган видеоёзув мосламаларида қайд этилган)", дейилади ИИВ ахборотида.

ИИВ Турғунбоевга "бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суяги синиши, тана аъзоларининг гематомаси" ташхиси билан 29 май куни оламдан ўтгани қўшимча қилган.

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Би-би-сига расмий муносабатда тилга олинган кузатув камераси ёзиб олган тасвирлар ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилгандан сўнг эълон қилинишини билдирди.

Шунингдек, у мазкур тасвирларнинг матбуотга тақдим этилиши имконияти тўғрисидаги сўровга "шахсга оид ахборотнинг жамоатчиликка ошкор этилиши чекланади" дея жавоб берди.

29 май куни Бош Прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов йигитнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат прокуратура томонидан текширилаётганини хабар қилган.

Алоқадор мавзулар:

"Ичи эзилиб кетган боланинг"

sharipov

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ўтган йилнинг ноябрь ойида журналист Шокир Шарипов "ИИБ биноларидан мурдалар чиқаётгани" ўзини ташвишга солаётганини билдириб, ички ишлар вазири ПЎлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб чиққанди. 

Чилонзорда юз берган ҳолат қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқни ларзага келтирган.

Фойдаланувчилар, айниқса, марҳумнинг яқинидан олинган қуйидаги иқтибосни муҳокама қилган.

"Шифохонада мен билан гаплашган аёлнинг айтишича, Ҳафизуллоҳ танасининг бирорта ҳам қисми - на оёғи ва на қовурғаси синган бўлган, балки фақатгина юзи ва бош қисмида жароҳат излари бўлган. Наҳотки 4-қаватдан тушиб кетган инсонни ҳаттоки қўли ҳам синмаса. Бундан ташқари, ИИБ ходимлари унинг оёғи синганини айтганди.

Ҳафизуллоҳнинг гавдаси ҳам каттагина эди, у қандай қилиб ҳожатхона ойнасидан сиғиб кетиши мумкинлигига ҳам ҳайронман. Боз устига ҳожатхона ички ишлар биносида бўлса. Шифокорлардан қандайдир шубҳангиз борми, десам, фикримни фақат судда айтаман, дейишди", деган Турғунбоевнинг яқини Kun.uz билан суҳбатда.

Шунингдек, ўзининг йигит олиб келинган шифохонада ишлашини билдирган Хўжаёр Шотўраев Facebook'да қолдирган постида Турғунбоевнинг илк ҳолатини қуйидагича тасвирлаган:

"Бу боланинг оёғиям синмаган, қўли ҳам синмаган. Ҳеч қаерида синиқ йўқ. Қон қустириб олиб келишган. Тўрт-беш марталаб ошқозонини ювганмиз, бошидан гематома бўлган, ичи эзилиб кетган боланинг".

Би-би-си Шотўраев билан боғланиб кўрди - тиббиёт ходими тўлиқроқ маълумот олиш учун шифохона раҳбариятига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Бир вақтнинг ўзида, таниқли блогер Олимжон Ҳайдаров ўз саҳифасида ҳолат бўйича Турғунбоевни қабул қилиб олган шифохона ходимларидан бири билан гаплашгани ҳақида ёзган.

"Тиббиёт ходимининг айтишича беморда 4-қаватдан йиқилиш аломатлари умуман йўқ. Агар бемор 4-қаватдан оёғи ёки қўли билан тушганида албатта бирор аъзоси синиб, пачақ бўлган бўларди. Агар боши билан тушганида бўйни синиб, воқеа жойидаёқ ҳалок бўларди. Бошқа томондан йиқилса ҳам энг камида куч маркази бўлган тос суяги синган бўларди.

Лекин беморда бу белгиларни бирортаси бўлмаган. Беморни ҳолатидан уни калтакланиш натижасида шу холга тушган дейиш мумкин", дея тахмин қилган блогер ўзининг Facebook саҳифасида қолдирган постида.

Шу билан бирга, Ҳайдаров ўз ихтиёрида Турғунбоевнинг ўлимидан аввалги ҳолати тасвирланган видео борлигини қўшимча қилган.

"13 сониялик видео бор. Оёқ томонидан бошлаб олинган. Оёқ қисмида умуман жароҳат йўқ. Чап ё ўнг қисмида қовурғаси эзилиб синган, қўлида шилинган, билагида қонталаш из бор. Шахсий тахминимча, бирор нарса билан боғлангандан қолган из. Оғзи, бурун қисми тўлиқ бинт билан боғлаб ташланган. Сабабини сўраганимда, шифохонага келгандаёқ бошида кўплаб гематомалар бўлган экан. Кейин операция қилинган", дейди видеодаги ҳолатни Би-би-сига тасвирлаб берган блогер.

Ҳайдаров хавфсизлик сабабларига кўра, видеони оммага эълон қилмай туришга қарор қилганини билдирди.

Би-би-сида юқорида келтирилган норасмий маълумотларни мустақил ва зудлик билан текшириш имконияти, ҳозирча, йўқ.

21 яшар Ҳафизуллоҳнинг ўлими ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ жамоатчиликни ташвишга солган навбатдаги нохуш хабарга айланган.

2022 йилнинг январь ойида гиёҳванд модда сотишда гумонланган 62 яшар фуқаро Ғиждувон туман ИИБ биносида вафот этган эди. Ўшанда расмийлар "мурдада тан жароҳати излари аниқланмагани" ва ўлимга ўткир юрак қон томир етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирганди.

Айниқса, ўтган йилнинг октябрида 14 яшар ўсмирнинг Фарғона вилоят ИИБ тасарруфидаги марказдан ўлиги чиққани жамоатчиликни ларзага солган эди.

Ноябрь ойида эса ички ишлар тизими биноларидан фуқароларнинг мурдаси чиқаётгани ўзини ташвишга солганини билдирган журналист Шокир Шарипов ички ишлар вазири Пўлат Бобожовнинг истеъфосини талаб этиб, бир кишилик пикет ўтказган эди.

Шарипов Би-би-си билан суҳбатда бундай ҳолатларда вазир шахсан халқ билан мулоқот қилмаётгани учун ҳам унинг истеъфосини сўраётганини таъкидлаганди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.