Россия депорт қилган мигрантларни қайтармоқчи. Кремль Қорақалпоқ воқеаларига нима деди? - Ўзбекистон, МДҲ, мигрантлар

Россия пандемия чекловларини бекор қилди. Миграциявий амнистия кимлар учун? Қайси соҳаларга мигрантлар етишмаяпти? Мирзиёев Тoқаев билан нимани гаплашди? Кремль Қорақалпоқ воқеаларига изоҳини берди.
Алоқадор мазвулар:
- Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш таклифи айрим қорақалпоқларни ташвишга солмоқдами? O'zbekiston, yangilik
- Ўзбекистон: Газ-свет қимматламайди, Шерободда неандертал одам макони топилди ва карантин яна қайтадими? Янгиликлар
- Ўзбекистон: Рекорд иссиқ кузатилди, аҳолига қандай қўллов бор? Россияда доллар тушиши - мигрантлар қайтиши, Тошкент арзон шаҳарми?
Кириш яна бемалол бўлди
Россия 15 июлдан бошлаб Ковид-19 пандемияси муносабати билан ўрнатилган чегарани кесиб ўтишга доир барча чекловлари бекор қилмоқда. Бу ҳақда Россия коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича тезкор штаби хабар берди.
Аввалроқ, 14 июндан Россияга хорижий фуқароларнинг ҳаво ва денгиз назорат-ўтказиш пунктлари орқали киришига қўйилган чекловлар бекор қилинган эди. Қуруқликдаги транспорт орқали киришга қўйилган қатор чекловлар эса ҳали амалда қолаётганди.
Тезкор штаб Россиядаги пандемияга оид вазиятни баҳолади ва муҳокама якунларига кўра, карантиннинг. вақтинчалик чекловлари олиб ташланишига келишилди.
Бу пайтда Ўзбекистонда бир кунда 82 та янги Ковид-19 ҳолати аниқлангани маълум қилинмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, энг кўп касалланишлар Тошкент (17), Самарқанд (8) ва Фарғона (8) вилоятларида қайд этилган.
Ўзбекистонликларга-чи?
Россияга эркин кириш учун нафақат карантин чекловлари олиб ташланди, балки юзлаб ишчи мигрантлар учун миграциявий авф ҳам эълон қилинди.
Россия 47 минг нафар Қирғизистон фуқаросининг Россияга киришга қўйилган тақиқларини ечди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг берган хабарига кўра, бу асосан Россияда «майда» маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга нисбатан қўлланилмоқда.
Бу қарор Россия ва Қирғизистон хукумати раҳбарларининг май ойидаги келишувидан кейин кучга кирган.
- Суд орқали мамлакатдан чиқариб юборилганлар ёки депорт қилинганлар ва жарималардан қарзи бор мигрантларнинг Россияга киришга тақиқи сақланиб қолмоқда, - аниқлаштиради www.MIGRANT.mobi ахборот хизмати портали.
Россияда миграция қонунларини бузган ўзбекистонликларга миграциявий авф қўлланиши борасида ҳали бирон бир хабар ҳозирча кўзга ташлангани йўқ.
Ишчилар керак!

Меҳнат муҳожирларига Россияга киришга тақиқнинг бекор қилиниши мамлакатда ишчи кучига эҳтиёж ортгани борасидаги хабарлар манзарасида янгради.
Расмийлар Москвадаги қурилишларга 5 минг нафарга яқин ишчи кераклигини билдиришди.
- Москвада шаҳар мэрияси буюртмасига кўра қурилаётган объектларга яна 5 минг нафарга яқин қурувчилар керак, - дейди пойтахт қурилиш департаменти бошлиғи Рафик Загрутдинов.
Аввалроқ эса, Россиянинг турли ҳудудларида йирик қурилиш объектлари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишчи кучи танқислиги борасида хабарлар эълон қилинганди.
Айни пайтда Россияда қарийб 10 млн. нафар яқин хориж мамлакатларнинг фуқаролари меҳнат муҳожирлигида. Уларнинг 2 млн га яқини ўзбекистонликлардир.
Қозоғистон раҳбари билан мулоқот

Сурат манбаси, official
4 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди Президент матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, мулоқотда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
- Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда Қорақалпоғистонда «барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади», деб ёзади матбуот хизмати.
«Ўзбекистоннинг ички иши»
Кремль Қорақалпоғистондаги воқеаларга ўз изоҳини бераркан, бу Ўзбекистоннинг ички иши деб атади. Бу ҳақда Кремл сўзчисига таяниб, РИА Новости маълум қилди.
«Ўзбекистон бизнинг иттифоқчимиз, у дўст мамлакат, жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳамма нарса шу давлатнинг ички ишидир ва биз шубҳа қилмаймизки, республика раҳбариятининг актив фаолияти билан мавжуд муаммолар ҳал қилинади», — деди Президент матбуот котиби Дмитрий Песков.
Шунингдек, РИА Новостининг Россия ТИВдаги манбаси ҳам Қорақалпоғистондаги воқеаларни Ўзбекистоннинг ички иши деб ҳисоблаши, вазият назорат остида эканини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, «ҳокимият ўз халқини ҳурмат қилган ҳолда, малакали ишламоқда». Провокацияларнинг олдини олиш учун етарли кучлар бор, - деган Россия ТИВдаги манба маҳаллий нашрга.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













