Ўзбекистон, коронавирус: Марказий Банк кредит олган тадбиркорларга енгиллик бермоқчи - Янгиликлар O'zbekiston

Марказий Банк коронавирус тарқалиши оқибатида молиявий жиҳатдан қийин вазиятга тушиб қолган тадбиркорларнинг кредит мажбуриятларини юмшатмоқчи. Бу ҳақида МБнинг ўзи 17 март куни эълон қилган.
МБ расмий сайтига қўйилган «Коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида вужудга келиши мумкин бўлган кредит рисклари таъсирини юмшатиш чоралари юзасидан» номли хабарда барча тижорат банкларига коронавирус инфекцияси тарқалиши сабабли тадбиркорлик субъектларида кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш мақсадида тавсиялар берилган.
Хабарда тижорат банкларига тадбиркорлик субъектларининг коронавирус инфекция тарқалишига боғлиқ қийинчиликлар туфайли ажратилган кредитларни қайтариш имкониятларини ўрганиш тавсия қилинади.
Яъни, тижорат банклари "коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатида пул оқимларининг камайиши юз берган ва лойиҳаларни ишга тушириш муддатлари кечикаётган корхоналар, шу жумладан, туризм ва халқаро юк ташиш соҳалари, асосий контрагентлари коронавирус инфекцияси энг кўп тарқалган давлатларда жойлашган корхоналар ҳамда Ўзбекистонда коронавирус профилактикаси чора-тадбирларининг амалга оширилиши бевосита фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган корхоналарга ажратилган кредитларни қайтариш имкониятларини тўлиқ ва пухта ўрганиш"и лозимлиги айтилади.


"…ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда, мижозларнинг реал пул оқимлари ва имкониятлари ҳамда лойиҳаларни ишга туширишнинг кутилаётган муддатларидан келиб чиқиб, кредитнинг асосий қарзини қайтариш бўйича 2020 йил 1 октябрига қадар имтиёзли давр бериш ҳамда якуний тўловлар муддатларини берилган имтиёзли даврга мос равишда узайтириш юзасидан кредит шартнома шартларига ўзгартириш киритиш масаласини кўриб чиқиш тавсия қилинади", дейилади МБ хабарида.
Нақд пулдан фойдаланманг
Шунингдек, МБнинг Телеграм каналида коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида аҳолига банк хизматларидан фойдаланиш чоғида бир қанча тавсияларни ҳам эълон қилинган.
Жумладан хабарда, тўловларни амалга ошириш учун банкларга бевосита ташриф буюришни камайтириш, бунинг ўрнига, имкон қадар, банкларнинг интернет-банкинг каби масофавий хизматлари ҳамда мобил иловаларидан фойдаланиш сўралади.
«Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, тўловларни амалга оширишда нақд пуллардан фойдаланиш вирус тарқалишига олиб келувчи каналлардан бири бўлиши мумкин. Шу боис банк карталаридан ёки муқобил электрон тўлов турларидан фойдаланиш тавсия этилади. Бунда тўловларни контактсиз амалга оширилиши янада хавфсиз ҳисобланади», дейилади хабарда
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












