Хитойдаги ҳалокатли вирусдан сақланиш учун Ўзбекистон ҳукумати нима қилмоқда? O'zbekiston, Xitoy

Чақалоқни текшираётагн шифокорлар

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Хитой ҳукумати ўз фуқароларига мурожаат қилиб кўп одам йиғиладиган жойларга бормаслик, оммавий тадбирларни бекор қилишга чақирди.

22 январда кечга бориб янги коронавирусни юқтириши оқибатида ҳаётдан кўз юмган хитойликларнинг сони йигирмага яқинлашгани эълон қилинди.

Бундан ташқари, вирус юққани 440 ҳолатда тасдиқлангани эълон қилинди.

Хитой ҳукуматига кўра, янги вирус Хитой марказидаги Ухан шаҳридаги балиқ бозорига денгиз жониворларини ноқонуний олиб келган одамлардан бошқаларга юққан.

Шаҳарда 8,9 миллион аҳоли истиқомат қилади, ҳукумат Ухан шаҳрига бормаслик ва шаҳардан чиқмаслик маслаҳатини ҳам бермоқда.

Янги пневмония хасталиги аллақачон Ухандан пойтахт Пекин ва мамлакатнинг яна бир йирик шаҳри - Шанхайда тарқалиб улгурган.

Хитойга қўшни Жанубий Корея, Япония ва Таиландда ҳам вирус юқтирилгани маълум бўлди.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти янги коронавирус туфайли дунёда саёҳат ва савдо-сотиқ борасида чекловлар киритиш керакми-йўқлиги масаласини муҳокама қилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди, "хусусан Хитойга боришни режалаштираётган ватандошларни зарурий эҳтиёт чораларини кўришга" чақирди.

Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги мамлакат сарҳадларида хориждан келаётган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларини тиббий кўрикдан ўтказиш кучайтирилгани ҳақида хабар тарқатди.