"Навоийдаги куч тизимларига Мирзиёевнинг кучи етмайдими?"

Видео тагсўзи, "Навоийдаги куч тизимларига Мирзиёевнинг кучи етмайдими?"

Тергов давомида фарзандларига қийноқ қўлланилганини айтаётган оналарнинг Би-би-сига таъкидлашича, Навоий вилоятидаги айрим терговчилар Президентнинг гапини менсимаслигини очиқ билдирган. Терговчи Мақсуд Фармонов "додангни (Мирзиёев) формага кучи етмайди, деган. Ким улар? Навоий алоҳида республиками", - дейди Дилшода Тонготарова.

Навоийдан Дилшода Тонготарованинг фарзанди Санъат Салимов 2015 йил ушланган ва 2016 йил апрел ойида суд уни 7 йилга ҳукм қилган. Дилшода Тонготарованинг айтишича, унинг ўғлини қийнаш орқали яна бошқаларга қарши кўрсатма беришга мажбурлашган.

Ушбу қийноқлар Ўзбекистонда Президент алмашиб, янги Президент Шавкат Мирзиёев халққа умидлар бераётган бир вақтда рўй бермоқда.

Дилшода Тонготарова суҳбатини журналист Малоҳат Эшонқулова тасвирга олган.

Унинг айтишича, 7 йилга ҳукм қилинган фарзандини шу йилнинг август ойида Навоий шаҳридаги тергов изоляторига олиб келишган. Уни Россияда бироз бирга яшаган 35 яшар Ҳасан Арзиев ва бошқа мигрантларга қарши кўрсатма беришга мажбурлашган.

Онанинг таъкидлашича, ўғли суд залида уни қаттиқ қийнашганини айтган. МХХ ва Ички ишлар органи ходимлари Санъатнинг тухумдонларига сув солинган баклашканиларни осиб қўйишган. Натижада унинг мояклари чўзилиб кетган ва юриши қийинлашиб қолган.

"Терговчи Фармонов Мақсуд боламга Ҳасан Арзиевга қарши кўрсатма бермасанг ҳам Ҳасанни қамаймиз, орқамизда Тошкентда катта-катта акаларимиз турибди, деган. Ўғлим, зато менинг орқамда дода Мирзиёев турибди, деган. Терговчи сани додангнинг формага кучи етмайди, деган. Ким улар? Навоий алоҳида республиками", - дейди Дилшода Тонготарова.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судяси Фахриддин Ҳалилов судда қийноқ даъволарини эътиборга олмаган.

Навоийлик аёлларнинг 20 октябрда Тошкентда норозилик намойиш ўтказганди. 5 нафар аёл уларнинг фарзандлари ва турмуш ўртоқларига Навоий шаҳар вақтинчалик тергов изоляторида МХХ (СНБ) ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан даҳшатли қийноқлар ўтказилганини даъво қилишди.

Уларнинг айтишича, Россияда ишлаб келган фарзандларига қийноқлар ва босимлар кўрсатиш орқали уларни терроризм ва диний экстремизмда айбдор деб топган.

Ҳасан Арзиевни Мақсуд Фармонов тергов қилган. Арзиев билан яна Россияда ишлаб келган 4 киши диний эстремизм ва терроризмда айбланган.

Терговчи уларни Суриядаги ИШИДга одам ёллашда айблаган. Диндор сифатида талқин қилинган йигитларнинг бирортаси ҳам намоз ўқимаган. Онаси Инобат Арзиеванинг айтишича, Ҳасан Арзиев фарзандликсиз сабаб спиртли ичимлик ичиб юрган.

Беш йигитнинг бир жиноий иш атрофида бирлаштирилишига эса уларнинг Россияда бир-бирини таниши ва маълум муддат бир квартирада яшаганлиги сабаб бўлган.

Инобат Арзиеванинг айтишича, йигитларни айбига даҳшатли қийноқлар ва таҳдидлар остида иқрор қилишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02