Гитлер армиясидаги ўзбеклар: Туркистон легиони, АҚШ бошпанаси ва СССРга қарши жосуслик - видео

Туркистон легиони аъзолари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркистон легиони аъзолари
    • Author, Ibrat Safo
    • Role,

Турк бешиги - Туркистон

Ери олтин, тоғлари кон

Болалари қаҳрамон

Ватан учун берар жон.

Туркистонлик - шонимиз, туронлик - унвонимиз

Ватан - бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз.

Абдулҳамид Чўлпон, 1917 йил

Бу мисралар Туркистон легиони аъзоларига ҳам тааллуқлими? Улар туркистонлик қаҳрамонлар эдиларми ёки ватанни сотган хоинлар? Ватан нима эди ўзи – Совет Иттифоқими ё Туркистон?

Марғилонлик Рўзи Назар ва жиззахлик Исоқжон Нарзиқуллар билан суҳбатлар асосида ёзилган китоблар: улар тирик қолиш учун босиб ўтган йўл ва уммоннинг нариги чеккасида кечган умр инсон нималарга қодир эканидан дарак.

Иккинчи жаҳон урушида аввалига Қизил армия сафида, сўнгра эса нацист Германия ҳарбийлари билан елкама-елка Совет Иттифоқига қарши жанг қилган бу икки ўқимишли зобит, ўн минглаб туркистонликлар қатори, мисли кўрилмаган даҳшатларга гувоҳ бўлдилар. Аслида, афтидан, уларда жанг қилмаслик танлови ҳам йўқ эди. Ёки, бор эдими? Уларнинг аксари урушнинг илк йилларида техник жиҳатдан анча илғор немисларга асир тушиб лагерларга ташлангандилар. Исоқжон Нарзиқулга кўра, Полшадаги бир лагерда 28 минг туркистонлик ўлдирилган.

Ҳужжатли фильмимизни томоша қилинг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Сатторали (Бобозода) хотирлайди

"Немислар лагерида ҳаёт, о-о, қийин эди. Ерни кавлаб, ертўла қилиб, ернинг тагида бир неча ҳафта ётганмиз. Ёғин ёғади, кечаси совуқ. У вақтда ёшмиз, ўлмай қолдик. Кейин у ердан чиқариб бошқа лагерга олиб кетди. Энди буниси казарма эди, илгари катта омбор бўлган экан. Поли, атрофи бетон, панжарани очмайди. Бир-иккита дарвозадан асирларни киритади, ҳайвон каби зўрлаб ичкарига тиқиб, тўлгандан кейин ётишга ҳам, ўтиришга ҳам имкон йўқ. Бир маҳал овқатга парад бўлиб борамиз. Етиб боргунча милтиқнинг қўндоғи билан уради, азоб беради. Туалет деб катта бачокларни қўйган. Ҳар куни қанча одам ўлади, эрталаб ўзимиз қўл-оёғидан ушлаб замбилга солиб, бир ёғоч уйга устма-уст тахлаб қўямиз. Чунки ер музлаган, қазиб бўлмайди. Ҳаво бироз исигач, ташқарига чиқишга рухсат берди. Унда ҳам сабабсиз келиб уради.

Бир куни бутун лагерни қатор қилди. "Ким олмон аскари бўлишни истайди,"-деди. Ҳеч ким чиқмади. Иккинчи бор чақирди, баъзилар қўрқиб чиқишди. Олти минг кишидан бир 500-400та одам чиқди. Кейин: "Яна ким истайди,"-деди. Яна ўртада гапирди, ўлдириш, лагердаги ҳаётни ёмон қилиш билан қўрқитди. Сўнгра яна бир 200-300 одам чиқди. Кейин тўртинчи маротаба яна чақирди. Охирида: "Ким аскар булишни истамайди," -деб, ўнгача санаб, ҳар ўнинчи одам ўртага чиқсин, деди. Ўнинчи, йигирманчи, ўттизинчи, қирқинчи, эллигинчи одам чиқди. Кўзимизнинг олдида отди, кўриб турибмиз, кўзимизнинг олдида отди ҳаммасини, йиқилди. "Яна ким истамайди," - деди. Ҳаммамиз ёш, соглом йигитлар: "Ўтсакмикан?"-дейишди, -"Марш!" - деди, олдинига солиб, олиб кетди аскарликка. Кейин кийимларниям шу эскисини, эскики, олмон аскарларидан қолган кийимларни берди."

Германиянинг концентрацион лагерларида кўп асирлар очлик ва касалликлардан нобуд бўлганлар.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Германиянинг концентрацион лагерларида кўп асирлар очлик ва касалликлардан нобуд бўлганлар.

Акбаржон Охунжонов хотирлайди

"Темир йўл тарафга ҳайдади. Билмайман, неча кун юрдик, неча кун турдик, ўлгани ўлиб, қолгани қолиб бир жойга бордик. Полша экан. Поляклар ўз военний формаларини кийдириб, ювинтириб, ҳаммомга солиб, бизни солдат қилиб олиб юрди. Уч ойдан кейин тағин вагонга қамаб жўнатди. Тушсак, у жойда немислар экан. Бизга энди немис военний формасини кийдиришди. Шундан кейин, немис солдати бўлиб қолдик энди.. Шу маҳалда бир одам чиқиб гапириб қолди. У: "Биз келажакда Туркистонни озод қиламиз. Сизлар Туркистон армияси бўлиб ҳисобландиларинг, энди шу ерда армияда бўласизлар," – деди. У одам Вали Қаюм-Хон деган киши экан. У 1927 йилда Тошкентдан Германияга ўқишга жўнатилган экан."

Tadqiqotchi bilan suhbat.
Сурат тагсўзи, Tadqiqotchi bilan suhbat.

Рўзи Назарга кўра, Парижда қувғинда яшаб келган Туркистон мухториятининг собиқ бош вазири Мустафо Чўқайдан туркистонликлардан батальон тузиш сўралганида, у нацизмдан нафратлангани учун буни аввалига рад этган ва бир ҳафта қамоқда ушлаб турилган. Ниҳоят, дейилади "Озодликкача бўлган қоронғу йўл: Рўзи Назар, Қизил армиядан Марказий жосуслик агентлигигача" китобида, Чўқай туркистонлик асирларнинг аҳволини бориб кўргач, немислар қўли остидаги озодлик ҳаракатига етакчилик қилишга рози бўлади. Унинг 1941 йил декабрида бевақт вафот этишидан сўнг Вали Қаюмхон Туркистон легионига сиёсий раҳбарлик, Боймирза Ҳайит эса ҳарбий раҳбарлик қилишди. 1943 йилга келиб туркистонлик легиончилар сони 200 минг атрофида эди.

Берлиндан Туркистон Миллий бирлиги қўмитаси аскарлар орасида радиоэшиттиришлар, журналлар ва советлар лагерларидан озод қилинган муллалар ёрдамида озодлик учун тарғибот ишларини олиб борди. Минглаб туркистонликлар Совет Иттифоқи ҳудудларида, Болтиқбўйи, Украина, Қофқоз ва Россияда Қизил армияга қарши жангларда қатнашди. Уларнинг устбошидаги белгига "Оллоҳ биз билан" деб ёзилганди.

"Биз Оллоҳ билан" - Туркистон легиони енгидаги белги.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, "Биз Оллоҳ билан" - Туркистон легиони енгидаги белги.

1945 йилда уруш Германиянинг мағлубияти билан тугар экан, туркистонлик аскарлар аросатда қолишди. Ватанга энди йўл йўқ эди. 1945 йил февралида АҚШ Президенти Франклин Рузвелт, Британия Бош вазири Уинстон Черчилл ва СССР раҳбари Иосиф Сталин Ялтада бир нарсага келишиб олдилар – 1939 йил 1 январидан кейин СССРни тарк этган ҳар бир киши СССРга қайтарилиши керак.

Бу Туркистон легиони аъзолари учун ё ўлим, ё узоқ йиллик сургунни англатарди. Уруш тугаганида Германиянинг Розенҳайм шаҳрида шериги билан немис оиланинг бедахонасида яширинган Рўзи Назарнинг эслашича, ғолиб тараф – рус, америкалик, француз ва британ аскарларидан ташкил топган тўрт кишилик гуруҳлар шаҳар ва қишлоқларни кезиб, туркистонлик аскарларни қидиришди. Минглаб аскарлар қўлга тушиб, Совет Иттифоқига қайтарилдилар.

Легионнинг бир қанча зиёли аъзолари, хусусан, Рўзи Назар, Исоқжон Нарзиқул, Мақсудбек Маҳмуд, Эргаш Шермат, Ҳусайн Икром, Шарифжон Алибек ва бошқалар Германияда яширинишга муваффақ бўлишган ва урушдан бир неча йил ўтиб АҚШга кўчиб ўтганлар.

Лекин, нега АҚШ? Уларнинг у ердаги ҳаёти сўнгра қандай кечди? Буларни билиш учун мен Америкага сафарга чиқдим.

Вашингтондаги Оқ уй қаршисида фашизмга қарши намойиш қилаётган америкалик.
Сурат тагсўзи, Вашингтондаги Оқ уй қаршисида фашизмга қарши намойиш қилаётган америкалик.

Бугунги Америка Қўшма Штатлари мен авваллари келган АҚШдан фарқ қилади. Унга иккинчи марта президент бўлиб сайланган Доналд Трамп яккаҳокимликни ҳуш кўради. Унинг, радикал иммиграцион сиёсати, суд қарорларисиз келгиндиларни Америкадан чиқариб юбориш бўйича олаётган қаттиқўл қарорлари, танқидчи матбуотга тоқатсизлиги, Ғазони қўллаб-қувватлаган университетлардан молияни қисиши каби амаллари шу вақтгача дунёга демократияни экспорт қилганини даъво қиладиган АҚШ учун мисли кўрилмаган ҳолат.

Немис фашизми якун топганидан 80 йил ўтиб, АҚШда энди фашизм сўзи тез-тез янграмоқда. Вашингтондаги президент қароргоҳига яқинлашар эканман, яна шундай хавотирга дуч келдим. Оқ Уй қаршисидаги ёш намойишчининг қўлидаги қоғозга "Биз ўз мамлакатини фашизмга бой берган авлод бўлмаймиз" деб ёзилган. Ундан нега фашизмдан хавотирда эканини сўрайман.

- Мен 36 кундирки АҚШда фашизмнинг бош кўтаришига қарши намойиш қиляпман. Мен матбуот ходимларининг, ўзимга ўхшаган кўчадаги намойишчиларнинг, АҚШ бўйлаб ҳукумат лавозимларидаги одамларнинг овозларини ўчириш учун армияни, куч ишлатар тизимларни ишга солиш таҳдидларидан хавотирдаман.

- Сиз буни фашизмнинг аломатлари деб биласизми?

- Бу кўплаб аломатлардан баъзилари. Бошқалари – муайян гуруҳни ирқий келиб чиқиши туфайли нишонга олувчи популизм. Буни АҚШга ҳам ноқонуний, ва ҳам қонуний келган одамлар мисолида кўряпмиз. Бу маъмурият уларни нишонга оляпти.

Аммо, Трамп демократик сайлов орқали давлат тепасига келган. У «Америка – биринчи» шиори билан ҳар доим миллат манфаатини устун қўяётганини айтади.

АҚШ ҳукуматининг ниқобли хавфсизлик ходимлари ноқонуний муҳожирларни суд қарорларисиз мамлакатдан чиқариб юбормоқда.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, АҚШ ҳукуматининг ниқобли хавфсизлик ходимлари ноқонуний муҳожирларни суд қарорларисиз мамлакатдан чиқариб юбормоқда.

Вест Виржиния штатида мени Ҳалил кутиб олди. Бу малласоч америкалик бир қарашда Марғилонга қариндошдек кўринмаслиги мумкин. У - Рўзи Назарнинг невараси, унинг ўғли Эркиннинг ўғли. Ҳалилнинг бувиси – немис, онаси эса украин. Туркистон легиони тарихи бугунда ёш авлод онгида қанчалар яшаб қолаётганини билиш учун легиончиларнинг набиралари буни қанчалар билишлари менга қизиқ. Ҳалил мени ўрмон қаърида ўз бобоси ва бувисидан меърос қолган уйга таклиф қилди. Ундан марҳум бобосини қандай эслашини сўрайман.

- У ҳаётимдаги сирли бир шахс эди, буни кейинчалик тушуниб еттим. Болалигимда эса, бобом мен учун харизматик одам эди, анча жиддий бўлиш билан бирга, ўйинқароқ қитмир томони ҳам бор эди. Ўзим ҳам шундайман. Унинг уйида ўтган болалигимда кўп вақтни бирга ўтказганмиз. У ҳар доим давранинг юлдузи эди. Эсимда, уйга элчилар, сиёсатчилар, Вашингтондаги юқори доиралар меҳмонга келарди, у ўзига тортарди уларни. Мен ҳам унга ўхшайман, иккимизда ҳам қаттиқ ишла, қаттиқ ўйна деган ҳаётий ёндошув бор.

- Сирли шахс эди деганингизда, нимани назарда тутдингиз?

- Мен у кечираётган расмий ҳаётдан бехабар эдим. Унинг бошидан нималар кечгани, Совет Иттифоқидаги Ўзбекистонда қандай катта бўлгани, Иккинчи жаҳон урушидаги роли, сўнг Америкага келиши ва бу ерда ҳукуматга ишлаши. Ёш бола учун бу нарсаларнинг фарқи бўлмайди-ку. Фақат катта бўлганимдан кейин тушундим, ва ўз бобом босиб ўтган йўлга қойил қолдим.

Ҳалил бобоси Рўзи Назар ва бувиси билан.

Сурат манбаси, Khalil Nazar

Сурат тагсўзи, Ҳалил бобоси Рўзи Назар ва бувиси билан.

1951 йилнинг совуқ декабрида Рўзи Назарни элтган кема Ню Йорк бандаргоҳига яқинлашар экан, узоқдан кўринган осмонўпар бинолар Манхеттенда жой талашарди. Азим чинорлар ва мевали дарахтлар, кўҳна масжидлар ва жин кўчалари билан ёдида қолган Марғилонни Рўзи Манхеттенга қиёслади. Буниси унга фантастик асарлардаги шаҳардек туюлди. У Германияда қолган немис аёли Линда ва қизалоғи Зулфия билан Марғилонда ота-онасининг ёнида бўлишни, дўстлари билан чойхонада ош ейишини орзу қилиб ғамга ботти.

У Америкага CIA (Марказий жосуслик агентлиги)нинг таклифи билан етиб келди.

Рўзини бу заминда буткул янги ҳаёт кутаётганди. Кўп ўтмай, у Колумбия университетида очилган Яқин Шарқ институтининг Туркистон бўлимида ва легиончи шериги Мақсудбек Маҳмуд билан Америка овози радиосида ишлай бошлади. Совуқ уруш кучайиб борар экан, Совет иттифоқини яхши тушунадиган мутахассис Рўзи Назарга CIA турли миссияларни топширарди. У 1957 йилда Қоҳирада Африка ва Осиёлик халқларнинг бирдамлик ташкилоти йиғинига борар экан, Совет Иттифоқидан келган Шароф Рашидов у билан кўришишдан бош тортгани, аммо Зулфия рози бўлганини эслайди. Унга кўра, Зулфия Туркистон мустақиллиги ғоясига хайрихоҳ кўринган. Европадаги илк миссияси эса 1959 йилда Венада ўтган халқаро ёшлар анжумани бўлди. Рўзи унга ўзи ёллаган икки ёшни олиб борди, улардан бири собиқ легиончи Исоқжон Нарзиқул эди. Рўзи Назарнинг сўнг Туркиядаги 11 йиллик жосуслик фаолияти ҳам Совет Иттифоқини заифлаштиришни мақсад қилганди.

Рўзи Назарнинг Германиядаги аскарлик даври.

Сурат манбаси, Рўзи Назарнинг оиласи

Сурат тагсўзи, Рўзи Назарнинг Германиядаги аскарлик даври.

Булардан унинг оиласи қанчалар хабардор эди? Яна Ҳалилдан сўрайман.

- Болаликда мактабда Иккинчи Жаҳон урушини ўқиётган бўлгансиз. Мен ҳам мактабда ўқиганман, лекин бошқа ракурсдан. Бизга Совет Иттифоқи немис фашистлар устидан ғалаба қозонган давлат, дунё ҳалоскори деб ўргатилган. Америкада ҳам сизларга урушни тугатишда асосий ролни АҚШ ўйнагани, бўлмаса бутун Европа бугун немисча гапираётган бўларди дея ўқитилади. Совет Иттифоқида ҳам, АҚШда ҳам бу урушда қатнашган одамлар қаҳрамонлар деб кўрилади. Лекин, айни дамда, ўзингизнинг бобонгиз аслида душман тарафида, немислар тарафида бўлганини билганингиздан кейин, ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?

- Ҳа, аввалига, биринчи қарашда, бу шок бўлган. Бутун контекстни тушунмай туриб буни билсанг, ўзингни ноқулай ҳис қиласан. Лекин, тарихни ва геополитикани яхшироқ тушуниш, ҳудди мустамлакачилар қилганидек, бир тараф бошқа тарафга қарши жанг қилиш учун бошқа одамларни ишга солишини билиш, ва буларга холисона ёндошиш билан бобом омон қолиш учун бу ишни қилганини тушунганман. Лекин, аниқ билмайман, ҳатто оиламиз ҳам тўлиқ ҳақиқатни билади деб ўйламайман. Уни ўша ҳарбий кийимда кўриш, жуда ғалати. Иккинчи жаҳон урушида осиёлик одам немис ҳарбий формасида… Нималар бўляпти ўзи? Балки, бу борада қандайдир фикрга эга бўлишим ҳам керак эмасдир деб ўйлайман. Бобомга бу контекстда қарай олмайман. Унга ўзим билган жиддий ва ўйинқароқ бобом сифатида қарайман. Тарихнинг у қисми, нималар қилгани ҳақида мен кейин билдим. Қандай фикрда бўлишим кераклигини билмайман.

- Чамаси буни ҳеч ким билмайди. Биз Туркистон легиони ҳақида гапирганимизда, кўп қарама-қарши фикрларга гувоҳ бўламиз, ким учундир улар хоин, ким учундир қаҳрамон. Шу сабаб менга қизиқ бўлди, уни таниган одам сифатида нима деб ўйлашингиз.

- Ўйлашимча, ҳозирга келиб, у дунёни буткул вайрон қилган золим режимнинг бир қисми бўлганини тан олишимиз керак. Дунё ҳануз ўша қилмишнинг оқибатлари билан яшаяпти. Ҳатто билмасдан туриб шу режимга қўшилган бўлса-да, буни тан олишимиз керак. Лекин, ўша вақтдаги геополитикани ҳам тан олишимиз керакмасми? Икки қудрат ўша муҳитни назорат қилаётганди. Афсуски, мен ундан унинг ўзи бу борада қандай ҳиссиётларга эга эканини сўраш имконига эга бўлмаганман. Қандай эди? Ўзингиз қандай фикрдасиз? Буни ҳеч қачон билмайман. Мен шунчаки унинг генлари маҳсулиман, хунрезликлар ҳақида менинг фикримдан кўра унинг фикрини билиш қизиқроқ бўларди.

- Унинг немис ҳарбий кийимидаги суратини кўрганингизда бобонгиз ҳали тирик эдими, неча ёшда эдингиз?

- Менимча, коллежда ўқиётганимда кўрганман. Қизиқиб қолгандим. Рўзи Назар ҳақида википедия саҳифаси борлигини ҳам ўшанда билганман. Уни ўқиб ўша суратни кўрганман. Нима бу ўзи, деганман. Ўшанда Туркистон Легиони нима эканини билдим ва улар немислар томонидан Совет Иттифоқига қарши жанг учун ёлланган аскарлар бўлганини ўқиганман. Шу асно тушуниб етдимки, улар сиёсий манфаатлар йўлида ишлатилган. Улар немисларнинг мафкурасига ишонганми? Ким билсин? Мен билмайман. Унда дунё бошқача эди. Лекин, мен бобом ҳақида ҳеч у контекстда ўйламайман, уни ҳеч қачон нафратга тўла шахсдек кўрмаганман. Балки Совет Иттифоқига нисбатан бўлиши мумкин…

Рўзи Назарнинг невараси.
Сурат тагсўзи, Рўзи Назарнинг невараси.

- Бобонгиз ҳақида Анвар Алтайли ёзган китоб ҳақида, у ерда бобонгиз қандай тақдим этилгани борасида қанда фикрдасиз?

- Уни ўқимадим, шу сабаб шарҳлай олмайман. Билишимча, унда бобомнинг Совет вақтида Ўзбекистонда туғилиб ўсишидан бошлаб Иккинчи Жаҳон урушида жанг қилиши ва АҚШга келишигача ёзилган. Умид қиламанки, у яхши тақдим қилинган, лекин айни дамда унинг муваффақиятлари билан бир қаторда нималарга алоқаси бўлгани холисона ёритилган. Лекин, айтганимдек, уни ўқимадим.

- Унда бобонгизнинг CIA, яъни АҚШ Марказий жосуслик агентлиги жосуси ролидаги фаолияти кўп ёритилган. Қоҳира, Теҳрон, Вена каби жойларда турли махфий вазифаларни бажаргани, 11 йил давомида Туркиядаги АҚШ элчихонасида жосуслик агенти бўлгани ҳақида батафсил ёзилган. Бунга қандай қарайсиз?

- Бу менинг ҳаётимнинг бир қисми бўлмаган, билмаганман. Ва унинг ўзи энди йўқ. Буни тасаввур қилиш ҳам қийин. Балки у буни яшириши керак бўлгандир, чунки талаб шунақа. Ҳеч биримиз буни билмаганмиз. Фахрланадиганим ва ҳурмат қиладиганим шуки, бу одам жон сақлаб қолди, у учта режим ичра яшаб, давом этаверди. Мен билганим, бобом Ўзбекистон ва Туркистоннинг ватанпарвари эди. Бу унинг асосий мотивацияси эди. Балки шу туфайли у шунча ишларга аралашган.

Адана, Бруклин ва сирли қора зайтун

Ватанга қайтмаган аскарлар изи мени Вест Виржиниядан Ню-Йоркка олиб келди. Бу шаҳарнинг Бруклин тумани ўзбекистонликларга бегона эмас. Кўчаларни кезар эканман, ошхоналардан чиқаётган таниш палов ва кабоб ҳиди иштаҳамни қитиқлайди. Ёнимдан арава судраб ўтган ўзбек йигитни кўриб, ўзимни Чорсу бозоридагидек ҳис қиламан.

«Мана бу ресторанларни кўряпсизми? "Караван". Бу тарафда ҳам ўзбек супермаркетлари бор. Мана бу «Шашлик» ресторани ҳам тармоқ ошхона, улар ҳам ўзбек», - дейди Мине.

- Бу ерлар аслида яҳудийлар мавзеси бўлганмиди?

- Ҳа, ҳануз яҳудийлар кўп бу ерда, бу асосан яҳудийларнинг райони. Яҳудийлар турли мавзелар билан яхши аралашиб кетадилар. Яҳудийлар бу районда кўп бўлса-да, айни маҳаллаларда кўп ўзбеклар ҳам яшайди. Бруклиннинг бир қисми бор, унда асосан африкан-америкаликлар яшайди, лекин бир қисмида ҳасидий яҳудийлар яшашини кўрасиз.

Мине Қиятнинг икки бобоси урушдан сўнг ватанга қайтмаган.
Сурат тагсўзи, Мине Қиятнинг икки бобоси урушдан сўнг ватанга қайтмаган.

Бруклиннинг қизи Мине Қият - икки ўзбек бобонинг невараси. Уларнинг иккови ҳам урушда немисларга асир тушгач, ватанга қайтишмаган. Бири АҚШда вафот этган, иккинчиси эса Туркияда. Бугун Мине директор бўлиб ишлайдиган боғчада асосан унинг Америкага келиб жойлашган бобоси Юсуф Қиёт ҳақида суҳбатлашяпмиз. У Хоразмнинг Хонқа туманидаги Қиёт қишлоғидан эди.

- Бобом Польшада аскарлар сафидан қочиб, ҳарбий устбошини ечиб, ерга кўмган. Шу асноси у қочоқ бўлган. Сўнг немислар қўлига тушган. Иккала бобом ҳам бирга формаларини кўмиб, қўлга тушганлар. Сўнгра уларни концентрацион лагерга жойлаб, рақамлар беришган. Кейин эса уруш тугагани сабабли, озод қилинганлар. Уйларига қайтишса, ўлдирилган бўлишарди деб ўйлаймиз, шунинг учун ватанларига қайтишмаган. Юсуф дадамнинг Хоразмдаги оиласи уни урушда ўлган деб ўйлаган ва ҳатто жанозасини ўқишган. У кейин Қиёт деган фамилияни танлаган.

- Нега ундай қилган?

- Улар мажбур бўлишган. Қиёт эса унинг қишлоғининг номи бўлган.

- Асир тушгач, улар яна жанг қилган деб ўйламайсизми?

- Йўқ, улар қўлга тушгач, жанг қилишга мажбурлангани ҳақида бизга гапирилмаган, масалан, Туркистон легиони сафида. Бу ҳақида ҳикоялар йўқ. Ягона ҳикоя шуки, иккала бобом ҳам сўнг кемада бўлганлар ва кемада уларга қора зайтун берилган. Улар қора зайтун нималигини билишмаган ва уни қўйнинг қумалоғи деб ўйлаб денгизга отишган. Урушдан сўнг улар, аниқ билмайман, 1 ё 2 йил Германияда қолишган, сўнг у ердан Аданага боришган.

Туркистон легиони аъзолари тарихини ўрганганда Туркия, айниқса Адана кўп учрайди. Уруш давомида бетарафликни сақлаган Туркия ниҳоят 1945-йил февралида Германияга қарши расман уруш эълон қилди. Йирик қудратлар ўртасидаги Ялта битимига бўйсуниши ва кўп жиҳатдан Россиядан қўрққани учун айни йил августида у 200га яқин собиқ совет аскарларини Туркияда ушлаб руслар қўлига топширди. Аммо, Туркиядаги архив материалларига кўра, Россия ҳам турк асирларини қайтариш ваъдасини турмагач, бу алмашинувлар мунтазам бўлмади. Ғарб ва Совет Иттифоқи ўртасида тушган совуқликни Черчилл 1946 йил мартидаги нутқида "Темир парда» дея илк марта таърифлар экан, Туркия парданинг Ғарбий тарафини танлади. 1952 йилда у НАТОга аъзо бўлди.

Туркиядаги туркистонликлар орасида ҳам легион аъзолари кўп эди.

Сурат манбаси, TAA

Сурат тагсўзи, Туркиядаги туркистонликлар орасида ҳам легион аъзолари кўп эди.

Уруш давомида ҳам Туркия бўйлаб асирлар учун қатор қочқинлик лагерлари очилганди. Улардан бири Аданада бўлган. Рўзи Назар хотираларида Европадан Совет Иттифоқига қайтарилаётган туркистонликлар Босфор бўғозида кемадан сувга ўзларини ташлаб қочганлари ҳам айтилади. Германиядаги туркистонлик легиончилар орасида Туркияга меҳр шу қадар кучли эдики, улар агар нацистлар Туркияга ҳужум қилса, турклар томонига ўтишга аҳд қилишган.

- Иккови ҳам янги ҳаётни бошлаган, Юсуф дадам оиласи ва ватани ҳақида кўп гапирган, катта аммаларим буни кўп эшитганлар – у оиласи, ҳовлиси ўртасидаги катта дарахт, акаси Юнус ҳақида гапирган. У 1989 йилда оламдан ўтди, Ўзбекистон эса 1991 йилда мустақил бўлди. Агар вафот этмаганида, ишончим комил, у ватанига борган бўларди. У Туркияга жойлашса ҳам, қаерданлигини унутадиган одам эмасди. У келган жойи билан жуда фахрланарди, урф-одатлар ҳақида гапирарди. У бу урф-одатларни ўз оиласида ҳам татбиқ қилган ва бу ҳозиргача яшаб келяпти.

- Оилангиздаги баъзи урф-одатларни ҳатто Турк маданиятида ҳам кўрмаганман дедингиз.

- Ҳа, катта бўлгунимгача, бувим турк эканини билмаганман. Чунки у ўзбек анъаналарига содиқ эди, овқатлар қилса ҳам, ош ё сомса… Шу сабаб у ҳам ўзбек бўлса керак деб ўйлаганман. У ёш турмушга чиққани учун, ҳаммасини бобомдан ўрганган. Оилада каттага ҳурмат жуда муҳим бўлган. Масалан, бугунгидек, отангнинг олдида диванда чўзилиб ётолмайсан, каттага жой бериш, меҳмон келса ёнида ўтирмаслик, меҳмон катталар билан ўтиради, болалар ҳеч нимага тегмайди ва ҳоказо. Шу икки маданият билан ўсдик. Лекин, аслида, ўзбеклигимиз ҳақида кўп нарса билмаймиз, мен ўзбек тилида гаплашмайман, бир икки сўзларни танишим мумкин.

Юсуф Қиётнинг набираси.
Сурат тагсўзи, Юсуф Қиётнинг набираси.

Иккинчи жаҳон урушида немисларга асир тушган туркистонликларнинг, улар хоҳ легиончи бўлсин, хоҳ бўлмасин, Америка Қўшма Штатларига келиши осон эмасди. 1917 йилда АҚШ Конгресси Осиёдан иммиграцияни чекловчи қонунни қабул қилган ва чеклов Рус Туркистонини ҳам ўз ичига олган. 1921-йилдан АҚШ европаликларни қабул қила бошлади.

Урушдан кейинги йилларда АҚШга кўчган илк туркистонлик, 1949 йилда, Мақсудбек Маҳмуд бўлди – у Туркистон Легионининг аъзоси бўлган, унинг аёли эса славян бўлгани, хотинининг тоғаси АҚШда яшаётгани унга иммиграцион чекловларни айланиб ўтиш имконини берган. Мақсудбек Маҳмуд ўз эмиграцион картасида туғилган жойини Қўқон дея кўрсатса-да, ўзида ҳеч қандай давлат фуқаролиги йўқлигини айтган ва кўп йил Анқарада яшаб, Латвияга қариндошларини кўргани келганида немислар қўлига тушганини билдирган. Ҳужжатда Туркия уни ўз фуқароси эмаслигини айтиб рад қилганини ўқиш мумкин.

Айни йили урушдан сўнг Словакиялик аёлга уйланган Собиқ SS зобити Исоқжон Нарзиқул Чехословакия паспорти билан АҚШга кўчиб келди. 1951 йилда эса Мюнхенда яшаётган Рўзи Назар АҚШга келиб жойлашди. Шу тариқа АҚШга урушдан сўнг кўчган илк туркистонликлар Легион аъзолари эди.

1965 йилда АҚШ иммиграцион сиёсати ўзгариши оқибатида, европалик бўлмаган муҳожирларга ҳам йўл очилди ва Туркиядан ўзбеклар АҚШга кўчиб кела бошлашди. Уларга кўп ҳолларда Америкада яшаётган илк легиончилар кафиллик қилиб, етиб келишларига ва Америкада жойлашишларига ёрдам қилишди.

Қўқонлик Мақсудбек Маҳмуд.

Сурат манбаси, TAA

Сурат тагсўзи, Қўқонлик Мақсудбек Маҳмуд.

- Юсуф дадам 1971 йилда Америкага кўчиб келган. У бувим билан 12та фарзанд кўрган, лекин фақат 9 нафари омон қолган. Кўчиб келишганида энг катта қизлари 18 ёшида бўлган. Бобом аввалига ўзи Ню-Жерсига кўчиб келган ва бир йил ўтгач оиласини олиб келган ва Бруклинга кўчишган. У бир бинода супер, яъни бинога қаровчи бўлиб ишлай бошлаган. Бошқа ишларни ҳам қилган, чунки у жуда меҳнаткаш, жуда ақлли эди. Тасаввур қилинг, 70-йилларда буни қилиш осонмас, у эса икки марта икки бегона давлатда жойлашиб янги ҳаётни бошлашга муваффақ бўлган. У жуда оилапарвар одам эди, катта ҳурматга эга. Биронта ҳам фарзанди бегона миллатлар билан турмуш қурмади. Бу ёмон нарса демоқчимасман, лекин унинг учун оиласи туркий бўлиши муҳим эди. Онамнинг дадаси Сарибай Лақай эса Юсуф дадамдан фарқли ўлароқ, анча сокин, юмшоқ одам эди. У Туркияда қолди. Онамнинг айтишича, у концлагерда кўрган кечирганлари туфайли ўлимининг охиригача чироқни ўчирмай ухлади. Эшикни ёпишга ҳам рухсат бермасди. Чунки урушда қулф остида ушланганидан травма қолган.

- Сизнинг фамилиянгиз Қиёт. Бу Хоразмдаги бир қишлоқнинг номи. Бу исм сизга нимани англатади, қандайдир муҳим маъноси борми сиз учун?

- Бобомнинг ўтмиши туфайли, бу исм мен учун янада қадрли. У ўшанда ҳар қандай сохта исмни танлаши, ё кашф қилиши мумкин эди. Лекин Қиёт унинг юраги тўрида яшаган. У қайтиб бора олмаслигини билган, лекин қишлоғи номини ўзи билан олиб кетган. У бу номни ўз фамилиясига айлантириш билан, оиласи учун абадийлаштирди. Энди жиянларим ҳам - Қият. Мен ҳам ўз фамилиямни ўзгартирмадим. У жуда муҳим ва қадрли.

Туркистонликлар жамияти

Легиончилар изи мени яна бир асл марғилонлик билан учрашувга олиб келди. Ню-Жерси штатининг Довер шаҳрида Америкалик туркистонликлар жамияти жойлашган. Аввалига Бруклинда ижара уйда турган бу ташкилот учун бу ердаги янги иморатни олиб беришда асосий ролни туркистонликлар орасидаги илк миллионер легиончи Исоқжон Нарзиқул ўйнаган.

Жамиатга анчадан бери Абдулла Хўжа раислик қилади. Абдулла Хўжанинг бадавлат бобоси ва ёш дадаси 1927 йилда Марғилондан қочишган, Абдулла ака эса Кобулда туғилган. 1970-йиллар охирида АҚШга кўчганидан бери у Туркистон озодлиги учун намойишларда қатнашиб келган. У легиончилар билан ҳам яқиндан таниш бўлган.

Жамиятни тузиш ғояси 1958-йилда Туркистон Легиони аъзолари орасидан чиқди. Хўш, Абдулла ака ўз жамияти асосчиларининг Иккинчи жаҳон урушидаги ролига қандай баҳо беради?

Исоқжон Нарзиқул АҚШда муваффақиятли тадбиркор эди.

Сурат манбаси, TAA

Сурат тагсўзи, Исоқжон Нарзиқул АҚШда муваффақиятли тадбиркор эди. У билан суҳбат асосида ёзилган китобда у CIA учун бир миссияда қатнашгани айтилади.

- Улар нотўғри иш қилишмаган. Улар ватаннинг мустақиллиги учун, ватан озодлиги учун ҳаракат қилишган. Тарихда ҳамма вақт ватанда ҳаракат бўлган. Қўрбошилар бўлсин, жадидчилар бўлсин, легиончилар бўлсин. Легиончилар асир тушгач, ҳаракат қилишган. Мумкин бир аскар тузсак, Европа ва Германия бизга ёрдам беради, ватанимиз озодлиги учун нимадир қилишимиз мумкин деб имкониятдан фойдаланишган. Мустафо Чўқай бўлсин, Вали Қаюмхон ота бўлсин, Боймирза Ҳайит, Ҳусайн Икром, Рўзи Назар, ҳаммаси – гаплашсангиз, ватанпарвар одамлар эди. Четга келиб яшаганда кўришганки, ватанимизни Советлар босиб олган. Қайтиб олиб кетаётганда кўп туркистонликлар поездларда ўз томирларини кесиб ўзини ҳалок қилишган, ё ўзларини поезддан ташлашган. Қайтсам, нафақат мен, оиламни ҳам жазолайди деб ўйлашган.

Абдулла Хўжанинг айтишича, ҳозир ҳам Россиянинг таъсири кучли эканлиги сабаб, «ҳақиқий тарих» ёзилгани йўқ. Унинг ишонишича, бу холис кўриб чиқилса, Туркистон легиони аъзолари тақдирланади.

- Россия бизни қўйиб юборгани йўқ. Жуғрофий вазиятимиз ҳам шундайки, бизга ёрдам қиладиган дўст ҳам йўқ. Мана, Украинага Европа ёрдам қиляпти. Бизларга ким ёрдам қилади?

- Рўзи ака сизга уруш ҳақида нималарнидир гапириб берганми?

- Ҳа, у киши айтганларки, жуда оғир ҳолатларда юрганмиз, ертўлаларда бекиниб, оч қолганмиз, ерларни кавлаб қурт-қумурсқаларни еганмиз, ҳатто сичқонларни еган вақтимиз ҳам бўлган. Бекинишган. Топишса, советларга топширишарди. Бекиниб тирик қолишган улар.

- Мен кеча учрашган Юсуф Қиётнинг набираси ҳам ўз боболари совет ҳарбий формаларини ерга кўмиб, бекинганлари, сўнг немисларга асир тушганларини айтиб берди.. Юсуф Қиётнинг исми ҳам жамиятингиз аъзолари орасида турганини кўрдим. У ҳам Легион аъзоси бўлганми?

- Бўлиши керак. Аскар бўлган. Кўпи қўшилган, чунки бошқа чора йўқ бўлган. Умид бўлган, Легион тузилганидан кейин.

Америкалик туркистонликлар жамияти раиси Абдулла Хўжа.
Сурат тагсўзи, Америкалик туркистонликлар жамияти раиси Абдулла Хўжа.

Холокост – инсоният тарихидаги энг йирик қора танғалардан бири. 1941 йилдан 1945 йилгача Нацистлар ва уларнинг шериклари Германия босиб олган Европа ҳудудларида 6 миллион яҳудийни мунтазам равишда қиришган. Бу қирғин Освенцим, Треблинка, Белжец, Собибор каби ўлим лагерларида ёппасига отиш ёки газ камераларига қамаб ўлдириш усуллари билан амалга оширилган. Улар билан бирга уруш асирлари, ногиронлар, лўлилар ва ўзга дин вакиллари ҳам ваҳшийларча қирилган.

Хўш, Нацистлар қўли остида жанг қилган Туркистон Легиони аъзолари буни билганми?

- Йўқ, билмаган бўлса керак. Яҳудийларнинг ўзлари ҳам айтиб беради, бизникилар аллақанча яҳудийларни сақлаб ҳам қолишган. Қанчасини "ўзбек" дея бекитишган. "Мана бу яҳудий" деб кўрсатиб беришмаган.

Рўзи Назар хотиралари асосида ёзилган китобга кўра, Вали Қаюмхоннинг ҳайдовчиси ва ошпази туркистонлик яҳудийлар бўлишган ва у бу икковлонни "тожик" дея рўйхатдан ўтказиб, омон қолишларини таъминлаган.

АҚШга уруш ортидан келиб жойлашган туркистонликларнинг қанчаси Туркистон Легиони аъзоси бўлгани номаълум. Бу борада АҚШнинг ўзида ҳеч қандай рўйхат йўқ. Уларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётлари давомида ўз ўтмишлари ҳақида очиқ гапиришни исташмаган.

- Яҳудийлар ташкилоти Легионда бўлганларни ахтариб юрарди. Ҳатто бизнинг тўпламларимизга келиб, одам юбориб, суратлар олишган. Нечталарини ушлаб олиб кетишди, маҳкама қилишди. Шу сабабдан кўплари қўрқар эди. Уларнинг орқасида яҳудий ташкилот текшириб юрарди. Доғистон, қорачойликларнинг ҳам нечталарини олиб кетишди. Бир-иккиталари шундай йўқ бўлиб қолган.

1988 йилда Огайода яшаб келаётган Иван Демянюк Исроилга топширилди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1988 йилда Огайода яшаб келаётган Иван Демянюк Исроилга топширилди.

"Нацистлар овчилари» номини олган алоҳида шахслар, Исроил хавфсизлик агентлиги Моссад ва яҳудий ташкилотлар пул мукофотлари таклиф қилиш, Ғарб давлатларидаги иммиграцион рўйхатларни текшириш ва суд ишлари орқали яҳудийлар қирғинига алоқадор собиқ фашист зобитлари ва коллаборантларни 20 аср охирларигача излаганлар ва кўп ҳолларда топганлар.

Моссад яҳудийларни лагерларда қиришда айбланган SS зобити Адолф Айхманни 1960 йилда Аргентинадан ўғирлаб кетиб, Исроилда суд қилган ва осиб ўлдирганди. 1965 йилда эса Моссад Латвияда яҳудийларни қиришда айбланган "Рига қассоби" лақабли Герберт Цукурсни Уругвайда ўлдириб кетган. 1970-йиллар бошида Америка матбуотида собиқ фашистлар АҚШда ҳам қўним топгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Эрик Лихтблау "Қўшни нацист" номли китобида ёзишича, урушдан сўнг минглаб нацистлар, кўп ҳолларда, Америка хафвсизлик расмийлари уларни совуқ урушда Совет Иттифоқига қарши агент қилиб ишлатишларига келишилгач, АҚШга жойлашганлар. Жосуслик агентликлари уларнинг делоларини жиноятлардан тозалаган, дейилади китобда.

1964 йилда Нацистлар овчилари Ню-Йоркнинг Куинс туманида уй бекаси бўлиб яшаб келаётган SS зобити Ҳермине Браунштайнерни топдилар. У Майданек концлагерида ўта шафқатсизларча яҳудийларни қиргани аниқланди ва 1973 йилда Германияга экстрадиция қилинди. Бу хабарлар 1979-йилда Махсус терговлар идораси (OSI) тузилишига сабабчи бўлди. У урушдан сўнг АҚШга кўчиб фуқароликни олган собиқ нацист зобитларни топиш, паспортини бекор қилиш ва депортация билан шуғулланди. 1988-йилда Огайо штатида тинчгина яшаб келаётган Иван Демянюк Исроилга топширилди. Асли украин совет аскари Демянюк урушда немисларга асир тушгач, Польшадаги Треблинка лагерида яҳудийларни қиришда қатнашгани аниқланди.

OSI айниқса концлагерь ва ўлим лагерларида қўриқчилик қилган SS аскарларига эътиборни қаратарди. SS, яъни шутсштаффел Гитлерга тўғридан-тўғри қасамёд қилган, унинг ирқий софлик сиёсатини амалга ошириш учун ўлим лагерларини юритган даҳшатли ҳарбий қўриқчилик тузилмаси эди. Уруш ўрталарига келиб немис армияси оқсай бошлар экан, SS жангларга жалб қилинди ва 1943 йилда ўзи ирқий номақбул деб кўрган осиёликлардан илк туркистонликлар батальонини ташкил қилди.

1944 йилда Иккинчи туркистон SS батальонига капитан этиб тайинланганида Исоқжон Нарзиқул атиги 21 ёшида эди. Биринчи туркистон SS батальойинга эса 23 яшар Камол Алимов қўмондонлик қиларди. Уларнинг қора формасида «Биз Оллоҳ билан» ёзуви ўрнини бош суяк рамзи эгаллаганди. Уруш якун топаётганида бу батальонлар Словакияда эдилар. Уларнинг концлагерларда қўриқчилик қилганлари ҳақида маълумот йўқ. Исоқжон Нарзиқул билан суҳбатлар асосида ёзилган китобда унинг фақат жанглардаги иштироки ёритилган.

Тарихдан нимани ўрганиш мумкин?

Марғилонлик Рўзи Назарнинг изидан тушиб келган бу сафаримда, тасодифни қарангки, менга асосан марғилонликлар ҳамроҳ бўлди. Навбатдаги суҳбатдошим, Ўрхон Бобоқурбон Бруклинда туғилиб ўсган, лекин унинг ҳам бобоси инқилобдан кейин Туркистонни тарк этган марғилонликлардан. Ўрхон ака молия соҳасида ишласа-да, Туркистон тарихи ва Туркистон легиончилари ҳақида кўп илмий тадқиқотлар қилган одам. У кўп легиончилар билан шахсан кўришган ҳам.

Туркистон легиончиларидан тузилган отлиқ.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркистон легиончиларидан тузилган отлиқ.

- Дадам бир ҳикояни эслатди менга. Айтишича, «биринчи марта Туркистон жамиятига борсам, Исоқжон Нарзиқул ҳам келди. Шунда ҳамма легиончилар оёққа туриб, унга салом бердилар. Худди ҳарбийлардек.» Ҳайрон бўлиб қолдим, дейдилар. Чунки менинг дадам ҳам Туркияда ўсган, армияда хизмат қилган, расмий салом бериш низомларининг ҳаммасини билгани учун, ҳайратда бўлдим, дейдилар. Америкада уларнинг баъзилари легионда бўлганларини яширишган. Аям, дадамлар улар билан кўп борди-келди қилишгани учун, сўрардик, биз ҳам қизиқардик Легиондаги қийин аҳвол ҳақида, лагерлар ҳақида айтинг, деб. Улар эса, «э қўйсангиз-чи ўтган кунларни» деб, гапиришни хоҳламасдилар.

Даҳшатли жиноятларни, қирғинни амалга оширган нацистлар мафкурасига легиончилар нақадар рози бўлишгани, унга қўшилган ё қўшилмаганлари ҳақида Ўрхон акадан ҳам сўрайман.

- Бунга бошқа савол билан жавоб бериш мумкин. Совет Иттифоқи армиясига хизмат қилган бир миллион туркистонликларнинг қанчаси коммунизмга ишонгани учун жанг қилган? У тарафда ҳам мажбур бўлишган. Улар ҳам коммунизмга содиқ бўлмаганлар, булар ҳам немисларнинг нацист мафкурасига содиқ бўлмаганлар.

Рўзи Назар хотираларида ёзилишича, водийдан вагонларга қамаб урушга юборилар эканлар, аҳвол оғир эди: ўсмир ва йигитларга ҳатто ҳожатини чиқариш учун эшиклар очилмаган. Унга кўра, бундан норози бўлган этник рус аскарлар «бу ўзбеклар ҳайвондан ҳам ёмон, шунинг учун вагонимизни ташқаридан қулфлаб қўйишган» дея норози бўлишган. Сўнгра Одессага келиб жойлашганида, Рўзи бошқа ўзбеклар унга руслар томонидан «нацмен» (национальные меньшинства – миллий озчиликлар) ва «қорабош» дея камситилганлари, ҳамда озиқ-овқатлари ўғирланганини айтиб арз қилганларини айтган.

Стивен Ли Крейннинг "Номаълум урушдан омон қолган: Исоқжон Нарзиқул ҳаёти" китобидан.

Сурат манбаси, Stephen Lee Crane

Сурат тагсўзи, Стивен Ли Крейннинг "Номаълум урушдан омон қолган: Исоқжон Нарзиқул ҳаёти" китобидан.

- Умуман тайёргарчилик кўрмаганлар. Битта милтиққа уч ўрта осиёлик. Юз ўқ берилиши керак бўлса, 20та ўқ беряпти. Тайёргарлик тахтадан қилинган милтиқда қилинган. Бу легиончиларнинг хотиралари, Ҳусайн Икром китобида ҳам айтилган. Ёт дейди, қот дейди, милтиқ эса милтиқ эмас-ку, тахтадан. Ундан сўнг сизни фронтга юборяпти. Буни ичидан жуда кўп туркистонликлар рус тилини ҳам билмаган. Офицерлар кўпи рус, сиз рус тилини умуман тушунмайсиз. Уларга паст кўз билан қарашган. Бу миллатчилик эмас, барча миллатларни ҳурмат қиламиз, мен архивда бор гапларни айтяпман.

Ўрхон ака туркистонликларнинг ўша урушдаги қисматини бир мисол билан бугунги замонга боғлайди.

- Яқинда бир подкастда эшитдим. Россиянинг Украинадаги урушида Якутия ва Бурятия каби этник озчилик ўлкалар вакилларини фронтга юборяптилар. Худди ўша даврдагидек. Олдинга туркистонликлар сурилган, ортда эса яхши тайёрланган Россия солдатлари. Туркистонликлар ортга қайтса, отинглар деган. Ҳозирда Ўрта Осиёдан, ватанимиздан Россияга тирикчилик учун борган ишчилар ҳақида хабарлар келяпти: Россия бу муҳожирларни олиб, уларга айтяпти: «Икки йил ичида сизга Россия паспортини берамиз, лекин урушга боришингиз керак.» Худди Туркистон легионида ҳақ-ҳуқуқи бўлмаган кишилар каби. Улар муҳтож. Ўшанда ҳам айтган: «Сизга озиқ-овқат берамиз, кийим-кечак берамиз, битта лекини бор – Советларга қарши курашасиз».

- Рўзи Назарнинг хотираларига кўра, у Венада турк-поляк шоири Назим Ҳикмет билан учрашганида, шоир унга катта қудратлар қўлида ўйинчоқ бўлмасликни маслаҳат берган. Аммо, туркистонлик легиончилар ҳаётини ўрганар экансан, улар мунтазам катта қудратлар қўлида бўлгандек намоён бўлади. Уруш охирига қараб, Германиянинг ҳам туркистонликларни мустақил ватан билан тақдирлаш ваъдаси ёлғон бўлгани аён бўлди. Урушдан сўнг эса Легионнинг зиёли аъзолари АҚШ ҳукуматига, Рўзи Назар CIA ва Давлат департаменти, Эргаш Шермат Мудофаа вазирлигида ишладилар. Хўш, улар бутун умри давомида ўзгалар қўлида ўйинчоқ эдиларми?

Ўрхон ака бундай хулосага келишдан аввал, Туркистон тарихида озодлик учун бўлган тинимсиз ҳаракатларга назар ташлашни тавсия қилади. Унинг айтишича, рус ишғолидан бошлаб Иккинчи жаҳон урушигача Туркистонда ҳамиша озодлик учун кураш давом этган, бу курашни қўллаганлар: Германияда ўқиб қайтган ёшлардан тортиб жадидлар, қўрбошилардан тортиб зиёлиларгача, барчаси йўқ қилинган. Тақдирни қарангки, Фитрат Германияга ўқишга йўллаган талабалардан Вали Қаюмхон сўнгра Туркистон Легионига бошчилик қилди.

- Бу бизга нимани ўргатяпти? Туркистон халқи ҳар доим шахмат тахтасидаги пиёда бўлди. Бу сиёсат. Буни ўзгартириб бўлмайди. Шунинг учун Легионнинг аъзолари ҳам сиёсий, ҳам академик, ҳам илмий йўл билан курашни давом эттирдилар. Чунки вариантларга қарайсиз. Карта ўйнаганингизда, қўлингизга қайси карта келса, шунга қараб ҳаракат қиласиз. Бундан чиқарадиган сабоғимиз шуки, мустақил бўлиши керак. Бошқаларнинг қўлида ўйинчоқ бўлмаслигимиз учун, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустақил бўлишимиз керак. Иқтисод жуда муҳим.

Ўрхон Бобоқурбон легиончилар билан шахсан таниш бўлган.
Сурат тагсўзи, Ўрхон Бобоқурбон легиончилар билан шахсан таниш бўлган.

АҚШни тарк этишдан аввал яна Ҳалилникида меҳмон бўлдим.

У билан Туркистон Легиони аъзолари суратлари туширилган китобни варақлаяпмиз.

- Буни мияга сиғдириш қийин. Чунки оддий одамлар бу ҳақида билишмайди. Улар бу кишилар SS қаноти бўлганини билмайдилар. Улар - орий бўлмаган аскарлар. Шунинг ўзи немисларнинг ўзлари ҳам қанчалар иккиюзламачи бўлганини кўрсатади.

- Бобонгиз билан фахрланасизми?

- Мен унинг ўз ҳаётини сақлаб қолиш йўлидаги чидамлилиги ва тиришқоқлигини, ва бошқаларни ўзига ишонтира олиш қобилиятларини ҳурмат қиламан. Унинг шу тақдирни ўз бошидан кечирганини… У ким учун курашганига келсак, бундан фахрланаман демаган бўлардим. Мен уни ва унга ўхшаб Туркистон легионига кирган мусулмонларни золим қудратлар қўлида бўлган шахмат тахтасидаги пиёдалар ва проксилар деб кўраман. Бу билан уларни фаришта деб бўлмайди. Лекин қайсидир маънода уларга ижобий қарашимга ёрдам беради, гуруҳ сифатида, уларнинг индивидуал дунёқарашини билмай туриб... Аксар одамлар учун бу мавзуга оқ ва қора, яхши ва ёмон деб қараш осондир. Лекин, ўзимиз шу ҳолга тушганда нима қилган бўлардик?