Covid-19 беморларининг сунъий нафас аппаратлари ўзи нима ва қандай ишлайди? Дунё ва коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images
Ғарб давлатлари ўпкага сунъий нафас етказиб берувчи аппаратларни ёппасига сотиб олишни бошлаганлар. Covid-19 туфайли бу мосламалар Италия, Британия ва АҚШда етишмай қолди. Оғир вазиятларда ушбу мосламалар беморнинг жонини сақлаб қолиш учун энг яхши имкониятни яратиб беради.
Агар оддий сўзлар билан айтадиган бўлсак, сунъий нафас аппарати инсоннинг ўпкаси ишламай қолганда, организмни кислород билан таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олади.
Бу эса организмга касаллик билан курашиш учун вақт яратиб беради.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, коронавирус келтириб чиқарувчи Covid-19 билан касалланганларнинг 80 фоизи тиббий ёрдамсиз ҳам тузалиб кетади.
Лекин, ҳар олтита ҳолатдан биттаси - оғир, ва бундай ҳолатларда бемор нафас олишга қийналади.
Сунъий нафас аппарати қандай ишлайди?

Беморни сунъий нафас аппаратига улаш учун врачлар унинг нафас олиш йўлларига интубация трубасини киритадилар.
Беморнинг ўпкасини касаллик ишдан чиқарганда, унинг иммун тизими қонга кўпроқ аксилтаналар тушиши учун томирларни кенгайтириш билан жавоб беради.
Лекин, шу сабаб ўпкалар суюқликка тўлиб қолиши мумкин - нафас олиш қийинлашади, ва организм кислород танқислигидан қийнала бошлайди.
Бунга қарши чора сифатида компрессордан фойдаланилади. Компрессор орқали ўпкага таркибида юқори даражали кислород ёки бошқа тиббий газлар бўлган ҳаво келишни бошлайди.
Сунъий нафас аппаратининг яна бир таркибий қисми - намлатгич. У аппаратдан чиқадиган ҳавони инсон тана ҳарорати даражасигача иситиб, намлаб беради.
Сунъий нафас аппаратига уланган беморларга, аппарат нафас олишни буткул ўз зиммасига олиши учун, диафрагма ва бошқа мушакларни бўшаштирадиган дорилар берилади.

Сурат манбаси, Dyson
Таъкидлаш жоизки, мазкур аппарат шикастланган ўпкани даволаш ва қайта тиклаш учун ишлатилмайди, балки ўпкага ўзини тиклаб олиши учун вақт яратиб беради.
Юмшоқроқ асоратли беморларга инвазив бўлмаган, яъни тана ичига киритилмайдиган ва турли хил ниқоблар билан юзга тақиладиган вентиляция қўлланилиши мумкин.
Covid-19 беморларининг муолажасида ишлатиладиган яна битта усул - беморнинг бўйнига ўрнатиладиган «қалпоқ». Бу қалпоқ беморнинг нафас олиши билан вируснинг атрофга тарқалишига тўсқинлик қилади.
Интенсив терапия бўлимларида одатда нафас олиши бузилган беморларни имконқадар тезлик билан сунъий нафас аппаратларига улашга ҳаракат қиладилар. Мақсад - бемор организмидаги кислород даражасининг хавфли даражага кескин тушиб кетишининг олдини олиш.
Би-би-си билан суҳбатда Интенсив терапия ходимлари уюшмаси аъзоси Доктор Шонпидон Лаха Covid-19 билан оғриганларнинг аксариятига сунъий нафас аппарати зарур бўлмаслиги ва уларни уй шароитида, кислород терапияси билан даволаш мумкинлигини айтади.
Лекин, сунъий нафас аппаратини қўллашнинг хавфли томонлари мавжуд бўлса-да, баъзи ҳолларда улар «бемор ичига кислород киритишнинг ягона йўли бўлиши мумкин» дейди шифокор.
Шифокорлар сунъий нафас аппаратига уланган қайси бемор вируснинг узоқ муддатли асоратларидан жабр чекиши мумкинлигини ҳар доим ҳам тушуна олишмайди.
Яна бир муаммо касалхоналарда бу аппаратларни ишлата оладиган малакали врачлар ва тиббий ходимларнинг бор-йўқлиги билан ҳам боғлиқ - улар ҳеч қачон етишмаган.
«Вентилятор - мураккаб маҳлуқ. Агар у нотўғри мослаштирилса, беморга шикаст етказиши мумкин. Унинг мураккаб техник тарафлари бор. Баъзиларда турли турдаги вентиляторларни тиббиётнинг бошқа соҳаларида ишлатиш тажрибаси бор, лекин уларни интенсив терапия шароитида тўғри қўллаш учун медиклар ёрдамга муҳтож бўладилар,» - дейди у.
Covid-19 нинг тез суратларда тарқалиши туфайли кўплаб давлатлардаги соғлиқ тизимлари бир вақтнинг ўзида сунъий нафас аппаратига муҳтож беморларнинг катта тўлқинига бардош беролмай қолишяпти. Баъзида бундай аппаратлар кам бўлган касалхоналарда шифокорлар яшаб қолиш шанси каттароқ бўлган беморлар фойдасига танлов қилишларига тўғри келяпти.

- Италия, коронавирус: ўлаётганлар сони кўплигига антибиотикларнинг қандай алоқаси бор? Koronavirus
- Коронавирус белгилари оддий гриппдан қандай фарқ қилади?
- Коронавирус: Карантинда ўтирганда интернет тезлигини қандай ошириш мумкин?
- Карантинда болалар ва қариялар қурилиш шовқинига қандай чидасин? Ўзбекистон O'zbekiston
- Коронавирус кимларда ва нега яна қайталайди?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














